КУМУШКОННИНГ МАРЖОНАСИ

 КЕЛАЖАК БУНЁДКОРЛАРИ


КУМУШКОННИНГ МАРЖОНАСИ


      Ўтган йили эди. Паркентлик ёшгина қиз маҳалласида кутубхона очгани ҳақида эшитиб қувонгандик. Ҳатто бу ташаббусга ҳавас қилган кўплаб ёшлар ўз ҳудудларида китоблар йиғиб, ўз маҳалласида кичик кутубхона ташкил этгани овоза бўлиб кетганди. Маржона Қиёмова ёш бўлишига қарамай кўплаб ютуқларга эришиб улгурган. У Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Кумушкон қишлоғида истиқомат қилади. Тошкент тиббиёт академиясининг тиббий биология иши йўналишининг 3-босқич талабаси.
— Туманимиздаги 13-умумтаълим мактабини тамомлагач, Чирчиқ тиббиёт коллежига ўқишга қабул қилиндим, – дейди Маржона суҳбат аввалида. – Тиббиёт йўналишида ўқишни давом эттириш орзуйим эди. Шукрки, ниятимга етдим. Талабаликнинг илк йилида халқаро олимпиада, конференцияларга қатнашдим. Икки йил “Рақамлаштириш – тиббиёт келажаги” халқаро олимпиадасида 2-ўринни эгалладим. Устозларим бошчилигида илмий тадқиқот ишларини олиб боряпман. Академиянинг Зулфия номидаги стипендияси соҳибаси бўлдим. Ҳамда илм-фанни ривожлантириш халқаро фондининг “Зиё” форуми томонидан "Ўзбекистоннинг TOP-100 лидер талабалари" aльманахига киритилдим.
     Маржона кутубхона билан боғлиқ фаолиятига алоҳида тўхталди:
— 2022 йили Германия элчихонаси томонидан ташкил этилган танловга ҳужжат юборган эдим. Орадан икки ой ўтиб грант соҳибаси бўлдингиз, деган хушхабар келди,—дейди суҳбатдошимиз. – Шунда болалигимдаги орзуларимдан бири ушалишига ишонч пайдо бўлди. Ёшлигимдан оиламизда китобга, илмга бўлган муҳаббат ўзгача бўлган. Мен кўпроқ тарихий воқеаларга бой, энциклопедиялар ўқишни жуда ёқтирардим (ҳали-ҳамон шундай). Германия томонидан ажратилган 9000 евро грантга “Кумушкон кутубхонаси”ни очдик. Кутубхонамизда ҳозирда 1500 дан зиёд босма нашрлар ҳамда электрон кутубхона мавжуд. Илм маскани вилоят, туман ҳокимликлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
     Маржонанинг газета ва журналларда 20 га яқин илмий-публицистик мақолалари ва ўқув қўлланмаси чоп этилган. Жорий йилда Германиянинг JADE университетига махсус ўқув курсига қабул қилинди.
– Ёшликни гўзал фаслга менгзашади, – дейди Маржона нимтабассум билан. — Бир пайтлар телеэкран орқали кўриб хорижий тенгдошларимга ҳавас қилганман. Илмга иштиёқ мени нафақат келажак учун қураётган маърифий иншоотим пойдеворини мустаҳкамлади, дунё кўришимга шароит ҳам яратди. Шу йилнинг баҳорида халқаро мобиллик дастури бўйича Озарбайжон давлат тиббиёт университети ва ёз ойида Жанубий Кореянинг Yonsei Prime клиникасида малака ошириб қайтдим.
     Сафар чоғида Сеул шаҳрида жойлашган энг йирик Старфиелд кутубхонасида бўлдим. Зиё масканида 50 000 дан ортиқ китоб, 600 та журнал, шунингдек, электрон китоблар мавжуд. Бу ерда китоб муаллифлари билан учрашув, китоб ҳақида суҳбатлар, мушоиралар, зиёлилар ва буюк шахсларнинг маърузаларини тинглаб кўплаб тадбирлар бўлиб ўтади. Шу ерда туриб келажакда мана шундай кутубхона ташкил этишни ният қилдим.
     Маржона суҳбат давомида Аҳмад Яссавийнинг еттинчи авлоди эканини айтганида ҳайратим янада ортди. Шунча билим, иқтидор унинг наслидан эканлиги аниқ. Ота-онаси, бобо-бувиси ҳам тиббиёт ва адабиётга яқин инсонлар экан. У оиласи ҳақида шундай дейди: – Онам Омила опа тиббиёт ходими, аммам Мавлудахон болалигидан шеърлар ёзган. Ҳатто унинг Зулфияхоним билан суҳбати мазкур журналда босилган экан. Дадам ҳамда бобом темир йўл ходими бўлишган, ҳаммаси адабиёт ихлосмандлари…
     Талабалигидаёқ имконият кенгликларини кўрсата олган Маржона каби ёшлар билан келажакни тасаввур қилсанг, кўнглинг юксалиб кетади. Ўша гўзал оламимиз зиёдан янада ёришган кунларни кўргимиз келади.

Нигора ЎРОЛОВА,
Тошкент вилояти

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар