БИЗНИНГ ВЕРА ОПАМИЗ

 

МИЛЛАТ ҚАҲРАМОНЛАРИ

БИЗНИНГ ВЕРА ОПАМИЗ

     Тарихдан маълумки, 1937 йиллар бутун бошли халқлар, миллатлар тақдирида ҳам қатағон авжига чиққан мудҳиш давр бўлган. Айнан ўша даврларда корейс миллатига мансуб аҳолининг кўпчилик қисми Узоқ Шарқ ўлкаларидан Ўрта Осиё ҳудудларига бадарға қилинади.
     Бир гуруҳ корейслар Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманига келиб жойлашади. Орадан бир йиллар ўтиб, ўша оилаларнинг бирида мақоламиз қаҳрамони, кейинчалик чиндан-да қаҳрамонга айланган митти қизалоқ дунёга келади. У 1938 йилнинг изғиринли кунларининг бири, улуғ шоир Ҳамид Олимжон таъбирича, қора кунда таваллуд топади. Қизчага Вера дея исм қўйишади. Веранинг оиласи катта, у бешинчи фарзанд эди. Улар кўчиб келган йилнинг биринчи қишида, ҳатто, ертўлада қишлашга мажбур бўлишган экан. Вера, вазият тақозоси билан кечикиб, 9 ёшида мактабга чиқади. Уйида яқинлари билан фақат она тилида мулоқот қилган қизчага, албатта, рус тилини ўзлаштириш қийин кечади.

     Уйларидан узоқда – фронт ортида оғир шароитда ишлаб келган отаси қайтиб келганида у ҳаётларининг ўзгаришидан умид қилган эди. Бироқ умид шуълалари ёритган кунлар узоққа чўзилмайди. Оғир заҳмат, тўйиб овқат емаслик отасини ниҳоятда ҳолдан тойдирган, у касалманд, ишга яроқсиз бўлиб қолган эди. Бешафқат тақдир шу тариқа ўн ёшли Верага етимлик тамғасини босади.
– Мусофирчиликнинг қаттиқ нонини тишлаётган барча қисматдош аёллар сингари онамнинг ҳам каминани эркалашга вақти йўқ эди, доимо уй юмушлари билан машғул бўларди. Лекин шунга қарамай у мени жуда қаттиқ яхши кўришини ич-ичимдан сезардим, – деб ёзганди кейинчалик қаҳрамонимиз ўз қайдларида.
     Болалигидан врач бўлишни орзулаган Вера Тошкентнинг узоқлиги, оиладаги иқтисодий тақчиллик сабаб ўз истагини ўзгартиради. Нукусдаги педагогика институтига ўқишга киришга қарор қилади.
     Ўнқир-чўнқир йўллар, жазирама иссиқ ҳавога қарамай поччаси ҳамроҳлигида машинада йўлга тушишади. Институтнинг химия-биология факультетига ҳужжат топширади. Ўқишга ҳам силлиққина кириб кетмайди, талабаликка ҳам машаққат билан эришади.
     Инсонга ёшлигида нима кийса ярашади. Лекин ўша киядиган матоҳ қани? Вера институтда ўқиган йиллар озиқ-овқат, кийим-кечаклар масаласи муаммо эди. Орол денгизи ҳали қуримаган, мўйноқликлар етиштирадиган балиқ бутун мамлакатни таъминлашга етарди. Кўпчилик қатори унинг ҳам асосий егулиги балиқ бўлган. Қовурилгани, қайнатилгани, дудлангани, қуритилгани ва ҳоказо. Қишлоққа опасиникига меҳмонга бориш талаба қиз учун байрамдай гап эди. Чунки тўйиб овқатланарди, оила даврасида маза қилиб дам оларди, ўқишга кетаётганида эса опаси унга гуруч, полиз маҳсулотлари, соядан тайёрланган қайла бериб юборарди.
     Табиийки, ҳар қандай ёш қизнинг чиройли кийингиси, гўзал бўлиб юргиси келади. Ҳамма сенга ҳавас билан қараса... Бундай истак бизнинг Верада бўлмаган дейсизми? Албатта, бўлган. Бироқ у нима қилсин? Балиқлар фақат ейишгагина яраса... Оладиган стипендияси бор-йўғи 20 сўм. Яхшиям, бахтига акаси бор, меҳрибон онажонининг қистови билан ҳар замонда бўлса-да, унга пул жўнатиб турарди.
Қиз бола эмасми, у пулларни иқтисод қилишни ўрганади. Тийинма-тийин йиғиб ўзига ҳам бежирим, ҳам иссиқ пальто сотиб олади. Опаларининг кийимини кийиб катта бўлган Вера ўша кундаги хурсандчиликни анча вақтгача завқланиб эслаб юради.
     Ажойиб кунларнинг бирида бўлғуси турмуш ўртоғи Владимир билан танишади. Ёшлик, машҳур шоир Рауф Парфи таъбирича, зангор фасл. Талабаликда уни ёқтирган йигитлар кўп бўлган. Бироқ бу борада ўз фикри бор эди: турмуш ўртоғининг ота-онаси, акаси сингари меҳнаткаш, тўғрисўз, оилапарвар бўлишини хоҳларди. Шу боис ҳам у курсдош йигит Владимирни танлайди. Танловда адашмаганди. Ёшлар ўша давр тамойилига кўра ихчамгина тўй қилишади. Кейинчалик улар Хива шаҳридаги нуфузли мактабларнинг бирида ўқитувчилик қилишади. Орада фарзандлар туғилади.
     Умр – учқур от. Унинг қандай елганини, умрнинг қандай ўтганини билмай қолади киши. Қийинчиликлар ортда қолиб, ҳаёт бир маромда давом этаётган, фарзандлар аста-секин улғаяётган, ўқитувчилик фаолиятига 15 йилча бўлиб қолган пайтда Вера Пакни туман маориф бўлимига ишга таклиф қилишади. У иккиланади. Борса, севимли ўқувчилари, ўрганган иши, бормаса юқорининг топшириғи. Борди, ишлади.
     Хива туманини ишнинг кўзини биладиган раҳбар Мадамин Маткаримов бошқарар, уни халқ ҳурмат қилар, “Қосимобод” шаҳарчаси ҳам айнан шу инсон саъй-ҳаракати ўлароқ бунёд бўлганди. У кунларнинг бирида Верани ҳузурига чақиради.
     Туман раҳбари билан суҳбат жуда қисқа кечади. У ўзбекона лутф ила ҳол-аҳвол сўраб, кейин Хивадаги 20-сонли “Меҳрибонлик уйи”га директор бўлишни таклиф қилади, дабдурустдан айтилган таклифдан, албатта, у эсанкираб қолади, кейин эса қўлимдан келмаса керак, дея истиҳола билан рад қилади.
     Аммо осонликча фикридан қайтмайдиган котиб уни кўндиради, шу тариқа Вера Борисовна 1985 йилдан иш фаолиятини бошлайди.
     Жамоани йиғиб, янги директорни эълон қилишганида кимдир бу хабарни хушлайди, кимдир йўқ. Балки, бу ўзгаришни хоҳламаганлар яқин орада кўп нарса буткул ўзгаришини тушуниб, саросимага тушишгандир.
     Чиндан ҳам шундай бўлди. У ўзи учун ҳам, жамоа учун ҳам қарор чиқариб бўлганди: ҳаммасини янгидан бошлаш керак!
     Яхшигина ҳаётий тажрибага эга моҳир педагог "Меҳрибонлик уйи"даги мавжуд ҳолатни чуқур ўрганар экан, ишдаги хато, камчиликларни тўғрилаш учун қанча куч, қанча маблағ, қанча вақт кераклигини аниқ ҳисоб-китоб қилиб чиқди. Таомномалар ўзгартирилди, кадрлар масаласига асосий эътиборни қаратди. Ўз устида ишламайдиган, нўноқ, тажрибасиз ходимлар ўрнига касбини, болаларни севадиган фидойи, олий маълумотли кадрларни жалб қилди. Жонкуяр мудиранинг саъй-ҳаракати билан бино тўлиқ таъмирланди, эски жиҳозлар ўрнига янги, замонавийлари келтирилди, гиламлар янгиланди, боғ-роғлар кўкаламзорлаштирилди.
     То шу кунгача кузатилган, бироқ кўпгина ҳолларда кўз юмиб кетилган катта-кичик ўғриликлар, давлат мулкини талон-тарож қилиш, етимлар ҳақига кўз олайтириш каби иллатларнинг барчасига чек қўйилди.
     Йиллар ўтиб, Верахонимнинг ташаббуси билан шаҳар марказида янгича кўринишдаги “Болалар шаҳарчаси” қуриб битказилди.
     Меҳнатлари муносиб баҳоланган Вера Пак 1992 йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 2002 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони, шунингдек, бошқа бир қатор орден-медаллар билан тақдирланди.
     Уни барча тарбияланувчилар бирдай она деб чақиришарди. Она... Дарҳақиқат, у мингларча қора кўзларнинг онаси бўлди. Саёҳатлар, сафарларга борганида ҳамроҳлари ўзлари, оиласидагилар учун камёб молларни харид қилишса, Верахоним кўнглида камлиги бор ўғил-қизлар учун кийимлар ахтарарди. Бир гал Москвага борганларида қизлар учун байрамларда кийиладиган оқ гольфи ( пайпоқ) дан нақ эллик жуфт сотиб олганди. Буни кўрган ҳамроҳлари:
– Пайпоқдан сарой қурасизми? – дея ҳазил қилишганларида, Верахоним:
– Қизларимнинг ҳаммасининг сочларига оқ бантиклар, оёқларига оқ туфлилар олиб қўйганман. Гольфи тополмаётган эдим, бир учраганда олдим-да, – дея жавоб қилганди. Вақти-соати етиб, тарбияланувчилар “Меҳрибонлик уйи”дан чиқиб, мустақил ҳаётга қадам қўйишганда ҳам мудира уларни кўздан қочирмас, ўқиши, ишлаши, турмуши – ҳаммасини меҳрли нигоҳ билан кузатар, керагида аралашар эди. Айниқса, узатилган қизлари оиласида “етимсан” дея камситилса, Вера Борисовнанинг олдига келар:
– Менинг онам сизсиз, юринг, қайнонамга онам борлигини исботлайман, – деб туриб олар, мудира ҳам уларнинг олдига тушиб уйларига борар, ҳимоя қиларди. Афсуски, Вера Борисовна Пак ўзининг 80 йиллик юбилейига бир неча ҳафта қолганида – 2018 йилда ҳаётдан кўз юмди.
     Ёдимда: ўшанда унинг сон-саноқсиз фарзандлари севимли оналари учун кўз ёши тўкишган, мотам тутишган эди.
     Бугун ҳам Леонид Каримов, Замира Солаева, Виктория Юсупова каби кўплаб шогирдлари тез-тез йиғилишиб, Вера оналарини соғиниб эслаб туришади. То ҳаёт давом этар экан, яхши инсонлар қилган эзгу амаллар такрор-такрор ёдга олинаверади.
     Кимдир дала заҳматини қаҳрамонлик даражасига кўтаради, кимдир кон қазишни. Ҳамиша чеҳрасидан нур ёғилиб турадиган, ўзбекчани ширин талаффуз билан тушунарли қилиб гапирадиган Вера Борисовна эса меҳр-муҳаббат туйғусини қаҳрамонлик мақомига кўтариб яшаб ўтди.

Сайёра СОЛАЕВА,
Хоразм

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар