Қутлов
ЭЪТИРОФ
Меҳнатсевар, фидойи, заҳматкаш опа-сингилларимизни ҳар қанча эъзозласак оз. Улар – ҳаётимиз кўрки, жамият таянчи. Мунис онахонларимиз соғлом ва баркамол авлоднинг тарбиячиларидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бўлиб ўтган “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини топшириш маросимида шулар хусусида сўз борди.
“Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизлар тақдирланади. Бу эътироф уларни янги марралар сари рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев анжуман аҳлини байрам билан самимий қутлар экан:
– Сиз – азизларни бежизга баҳорга қиёсламаймиз. Чунки яратиш Сиздан бошланади. Меҳрли қалбингиз, моҳир қўлларингиз билан хонадонларимизни яшнатасиз. Ҳаётимизга, жамиятимизга файз берасиз. Қутлуғ айёмда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилаймиз. Фаровон юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлашга беқиёс ҳисса қўшиб келаётганингиз учун сизлардан чексиз миннатдормиз, – дея эътироф этди.
Мазкур вазирлик ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева ҳам аёлларни эъзозлаш борасида мамлакатимизда тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
ХАЗИНА БОЙ БЎЛСА, ҲАЁТ ФАРОВОН
Давлат божхона қўмитаси биринчи бўлим бошлиғи Дилфуза Маҳкамова...
Минбарга эгнидаги формаси ўзига ярашган аёл кўтарилди. Унга ҳаммамиз бошқача бир ҳавасли нигоҳда қараймиз. Чунки бундай либос кийганлар бевосита Ватан ҳимоясига, унинг чегаралари, бойликлари, ҳуқуқлари ҳимоясига тегишли инсон бўлади.
– Аҳолининг моддий, маънавий эҳтиёжлари тобора ошиб бораётган бир даврда мамлакатлар орасидаги дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда. Шунга монанд божхона ходимларининг ҳам фаолияти кучаяди. Биз юртимиз чегараларидан сифатли моллар кириши учун жавобгармиз.Божхона қонунларининг амалиётини тўлиқ таъминлаш зиммамиздаги асосий вазифа...
Дилфузанинг гаплари чеҳрасидай, касбидай жиддий. Аммо барча аёллар каби унинг ҳам яна бир жозибали дунёси бор: турмуш ўртоғи – муҳандис Эркин Маҳкамов, қизи, ўғли. Дилноза банк соҳасида ишлайди, Илҳомжон эса она изидан боряпти – божхона ходими. Қуш қўш қанотда парвоз қилади. Дилфузанинг бугун кўплар аро кўксидаги нишони билан ажралиб турганининг сабаби ҳам ана шу қўшқанотнинг бақувватлигида, бутунлигидадир.
ОНА ЗАМИН ОШУФТАСИ
Ўзбекистон Миллий университети (аввалги ТошДУ)ни биология йўналиши бўйича битирган аксарият ўқитувчилар, илмий тадқиқотлар олиб бораётган изланувчилар шу олийгоҳнинг тупроқшунослик кафедраси профессори Лазиза Ғафуровани ҳурмат билан тилга оладилар.
– Чинакам илм кишиси. Тадқиқотлари, хулосалари жуда чуқур...
Бундай иқрор эгалари ҳақ: чунки олима илмий фаолияти давомида фанимиз тараққиётига хизмат қилаётган 400 дан зиёд илмий асарлар яратди... Лазиза Ғафурованинг илмий ишлари фақат сони билангина эмас, сифати билан ҳам катта аҳамиятга эга. Тупроқшунослик соҳаси бўйича биринчи аёл фан доктори бўлган олиманинг замон билан ҳамнафаслиги ҳамкасблари учун ўрнакдир. Янги илмий технологиялар ва замонавий лойиҳалар асосида тупроқлардан самарали фойдаланиш, қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш, рақамлашган тупроқшунослик ва агрокимё каби бугунимиз учун алоҳида аҳамият касб этаётган йўналишларда заҳматкаш профессор самарали тадқиқотлар олиб бормоқда.
Юртимизнинг келажагини порлоқ, маърифатга ёндош, жаҳолатдан йироқ кўришни ният қилган илм кишилари қўлланма, дарсликлар яратади.
Лазиза Ғафурова ҳам айнан шундай зиёлилар қаторига киради. Чунки айни пайтда талаба ёшлар унинг ўнта дарслик ва қўлланмалари ёрдамида ўз соҳаларини мукаммалроқ ўқиб, ўрганмоқдалар.
Давраларда олима ҳақида айтилаётган “Мактаб яратган устоз” деган таъриф унга ҳар жиҳатдан мос келади. Чунки шогирдлари орасида Президент стипендияси соҳибалари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти, ЮНЕСКО-Лореаль мукофоти совриндорлари бор. Унинг раҳбарлигида илмий изланишлар олиб бораётган йигирмадан зиёд талаба ва ёш олимлар республика кўламида ўтказилаётган турли танловларнинг ғолиби сифатида эътироф этилгани ҳам олиманинг ёшларга, илму фанимиз эртасига бўлган фидойилигининг намунасидир.
“Ўзбекистон аграр фани хабарномаси” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари, “Она замин” ҳамда Россия Федерациясида чоп этиладиган тупроқшуносликка оид бир неча журналларнинг таҳририят аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ОАК нинг биология фанлари бўйича эксперт кенгаши раиси, Халқаро Экология академиясининг академиги... Санаганларимиз олима илми, тажрибаси, маҳорати билан бевосита дахлдор бўлган ташкилотларнинг бир қисмининг номи, холос. Лекин мана шу саноқнинг ўзиёқ олиманинг фаолият кўлами нақадар кенглигини далиллаб турибди.
"Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси", К. Тимирязев номли Халқаро Олтин медаль соҳибаси ва яна кўплаб “Фахрий ёрлиқ”, “Ташаккурнома”лар эгаси бўлган қаҳрамонимизнинг оналиги, оила бекалиги ҳам таҳсинга лойиқ, албатта. Онаси зиёли бўлган оила зиёдан айро яшармиди?
Тўрт нафар фарзанд, ўн набира билан давлатманд, файзли катта хонадон қувонч-ташвиши бугун Лазиза Ғафуровадек “Мўътабар аёл” зиммасида экан, ҳали бу сулоладан жуда кўп миллатимизга шараф тожини кийдирадиган инсонлар етишиб чиқишига ишонамиз.
"ШЎРТАН ГАЗ"НИНГ ЗУҲРОСИ
“Шўртан газ кимё мажмуаси” деганда маҳобатли теника ускуналари, ҳимоя воситаси – каска, ихчамгина коржома кийган савлатдор ишчилар кўз олдимизга келади. Чунки газ қазиб олиш жараёнининг ўзида ақлий ва жисмоний куч уйғунлиги катта роль ўйнайди. Эҳтимол, шунинг учун мажмуада ишлаш кўпроқ эр кишиларга хос, деган нуқтаи назар шаклланиб қолгандир. Аммо “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ заводи марказий лабораторияси кимё бактериология таҳлилхонаси лаборанти Зуҳра Ҳайдарова каби аёлларимиз меҳнатлари бундай қарашларни рад этмоқда.
– Энг замонавий жиҳозлар билан ишлаймиз. Заргарона нигоҳ, билим, тажриба – ҳаммасини баравар олиб борган ходимгина маълум даражада самарага эришади, – дейди қаҳрамонимиз кўп йиллардан буён ишлаб келаётган фаолиятига таъриф берар экан.
Зуҳра Ҳайдарованинг Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети (собиқ Политехника институти)ни битиргани, олган билимларининг мустаҳкамлиги бугунги муваффақиятлари учун асосдир.
– Ҳамкасбларим, асосан, аёллар. Таҳлилларимиз аниқ, бехато бўлиши учун ҳаммамиздан ўта диққатли бўлиш талаб этилади. Шунинг учун ортиқча чалғимаймиз. Оиламизда ҳам шу кайфият давом этади. Турмуш ўртоғим Худоёр Раҳматов Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида дарс беради, профессор. Қизимиз Покизахон, ўғлимиз Илмижаҳонгир ҳам толиби илмлар. Кундалик суҳбатларимиз мавзуси – илм, тараққиёт, бурч, - дейди “Мўътабар аёл”лар сафига ярашиб турган Зуҳра Ҳайдарова.
ЮКСАКЛАРГА ТУТАШГАН УМР
Доим ердан баландда туриб ишлашнинг гашти бўлса керак. Бошқаларга нисбатан осмонга яқинсан. Бунинг завқини кранда ишлайдиган аёллар яхши билишади. “Олмалиқ” АЖ “Қалмоққир” КБ марказлаштирилган таъмирлаш участкаси 4-тоифали кран ҳайдовчиси Малика Усмонова билан суҳбатимиз шу фикрдан бошланди:
– Йўқ, бу шоирона нигоҳ бўлса керак. Мен учун краним оиламга даромад, ўзимга иззат-обрў келтирадиган содиқ ҳамроҳ...
Маликахон бу фикрга келгунича салкам ўн етти йиллик заҳмат йўлларини босиб ўтди. Аввал курсда ўқиди. “Аёл кишининг иши эмас”, деган гап-сўзларни енгиб, баҳайбат техника рулига ўтирди. Машинаси 10 тоннагача юк кўтаради. Конлардан таъмирга келган оғир-оғир юкларни кўтариб, тушираркан, кранчи аёл фақат ўзи бошқарадиган техникани эмас, “Қалмоққир”да ишлатиладиган барча катта-кичик ускуналарни таниб қолди. Ўзига тобора қадрли, қизиқ бўлиб қолган жараёнга қизи Зоҳидани ҳам қизиқтирди. У ҳам онасига издош бўлмоқчи. Тўнғичи Юлдузхон эса мусиқа соҳасини танлади.
– Турмуш ўртоғим раҳматли бўлгач, қизларим ва ишимга суяниб қолганман. Одамнинг бошида ҳар хил кунлар бўларкан, меҳнат ва меҳр олиб чиқаркан ёруғликларга, – дейди қаҳрамонимиз.
Ҳаётингизнинг яна бир нурли бекатига – эътироф ва эъзоз дамларига етганингизга суюндик, муборак бўлсин!
Маҳмуда САЪДУЛЛАЕВА