ОМАД ҒОЙИБДАН КЕЛМАЙДИ

 БИРИНЧИ МУҚОВАДА

ОМАД ҒОЙИБДАН КЕЛМАЙДИ

     Иқтисодий, ижтимоий ҳаётимизнинг жон томирлари ҳисобланган барча йўналишларда фаол иштирок этаётган юзлаб аёлларимиз орасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йил аёли” танловининг мутлақ ғолиблиги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг профессори Гули Эргашевага насиб қилди.
– Абдулла Қаҳҳор домланинг “Синчалак” ига ўхшаган ихчамгина аёл, лекин жуда омади бор-да...
– Мукофотига “Nexiа 3” экан, қойил!
     Шу кунларда олимани таниган, билганлар орасида яхши маънода шундай гап-сўзлар айланиб қолди. Таржимаи ҳолини кузатсангиз, ўзингиз ҳам “Чиндан омад кулиб боққан экан”, деб юборасиз. У ўн беш ёшида Андижон давлат чет тиллар институтининг талабаси бўлган. Ўн тўққиз ёшида Президент стипендиясига муносиб кўрилган. Йигирма икки ёшида “Энг яхши магистр”, дея эътироф қилинган. Ўттизида фан номзоди, ўттиз саккизида фан доктори, ўттиз тўққизида доцент, қирқ бирида профессор... Мана энди қирқ иккисида “Йил аёли”...
     Ўзингиз ҳам:
– Ўҳ-ҳў!.. – дегандирсиз? Чунки Гули Эргашеванинг ҳаётида мутлақо бўшлиқ йўқ. Аммо бу бутунликни, ҳавасларга лойиқ юксалишни фақат омад билан боғлаш у қадар тўғри эмас. Ҳар бир қадам ўрганиш, изланиш, заҳматлар билан илгари ташланган. Меҳнатли кундузларга заррама-зарра сочилган куч-қувват, узун тунларга тўкилган бедорлик излари бор бу умр йўлларида.
– Йўл бошига қарасам аввал раҳматли отам Исмоил Эргашевнинг адл қадди-бастлари кўз олдимга келади, – дея хотира кўзгусидаги энг азиз дамларини эслай бошлайди қаҳрамонимиз. – Салобати ҳам, сиёсати ҳам ўзига жуда ярашар эди. Биз – уч нафар ака-сингиллар оқ-қорани ажрата бошлаган даврларимизда ўзимиз яшайдиган Учқўрғон шаҳри ҳокими лавозимида ишлардилар. Нечоғлик масъулиятли вазифада фаолият олиб борсалар ҳам, вақтлари тиғиз, бурчлари улкан бўлса-да, китоб ўқишга имкон топарди. Отамнинг машинасида ҳам, уйимизда ҳам ўша даврда севиб ўқиладиган “Қилич ва қалқон”, “Граф Монте Кристо” каби китоблар бўларди. Меҳмонхонамизда чиройли, бой китоб жавонимиз турарди. Отам, иқтисод соҳасида ишлайдиган онам Каромат ая, яна кимлардир янги китоб олиб келишса, биринчи саҳифасига “Эргашевлар кутубхонаси” деган ёзувли муҳрни босардик, бу – биз учун жуда завқли машғулот эди...
     Болалик хотираларидан кўриниб турибдики, бўлажак олиманинг тафаккури китоблар дунёсида шаклланган. Ўқувчилигидан турли тилларни ўргатувчи курсларга қатнаган, мактаб тадбирлари учун сценарийлар ёзган, ташкилотчилик, бошловчилик қилган. Спорт, мусиқа машғулотларига боришни канда қилмаган. Фарзандларининг ўқишларига жуда талабчанлик билан ёндашадиган ота-оналари улардан исталган пайтда:
– Пифагор теоремасини айт, учбурчакнинг юзи нимага тенг, Пушкиннинг “Ҳайкал” шеърини ёд ўқи, – деб сўрашлари мумкин, болалар бундай сўровларга доим тайёр бўлишлари керак эди.
     Гули Эргашеванинг ота-оналари таълим-тарбияда замонавийлик билан қадриятларни уйғун олиб борувчи инсонлар бўлган.
– Қўли юпқароқ қўшнимиз бўларди. Отам менга ҳайит, байрамларда қандай совға олсалар, қўшнимизнинг менга тенгдош қизига ҳам худди шундай кийим оларди. Отамнинг машинасининг чироғи ёнса ёки сигнали эшитилса, мен билан бир пайтда ўртоғим ҳам югуриб чиқарди. Агар хижолат бўлиб эшиги олдида туриб қолса, отам ўша ҳовлига қараб юрар:
– Попук, нега туриб қолдинг? Чиқмайсанми... – дея эркалатиб ҳадяларини берарди. Ўртоғим гапира олмас (тақдир бир мучасини кам қилган эди), икки қўлини кўксига қўйиб, миннатдорлик билдирарди. Баъзан отам:
– Ота-онангга ёрдам беришга, мактабда фақат “аъло” ўқишга бўл тайёр! – дея ҳазиллашар, ўртоғим эса қўлларини чеккасига қўйиб:
– Доим тайёр! – ишорасини қилар, роса кулишардик.
Отамнинг айтганларидан, қилганларидан бизга катта ибратлар қолган. Ҳар доим ўзлари дастурхонга ўтирсалар:
– Ачанг (оналари – бувим)га овқат олиб бордингизми? – деб сўрардилар. Бувим кичик амакимлар билан беш-олти ҳовли нарида турар эдилар.
     Вақти-вақти билан бизни қабристонга –хилхоналарига зиёратга бошлаб борардилар, қабрлар атрофини тозалаб, гулларга сув қуярдик.
     Гули Эргашева гоҳ кулиб, гоҳ кўзида ёш билан меҳрибонлари ҳақида гапирар экан, кўнглимиздан “Ҳар бир инсонга ўзини камолга етказган азизлари ҳақида шундай фахрланиб гапириш бахти насиб этсин”, деган истак ўтади.
     Фақат оиласидагина эмас, ўқиган олийгоҳида ҳам эътиборли инсонларга рўпара келиши қаҳрамонимизга яна бир иқбол эшигининг калитини тутқазди. Устози – профессор Ғанижон Ҳошимов унинг тилшунослик фанидан ёзган курс ишини ўқигач:
– Қизим, сендан зўр олима чиқади. Бор кучингни шу соҳага бер! – деди.
– Ўша дамларда елкамдан қанотлар ўсиб чиққандек бўлди. Устозим ҳар бир изланишимни синчиклаб кўриб, маслаҳатлар берар, ўзимга ишончим тобора ортиб борар эди...
Ҳа, олима – ҳақ. Лекин ишончнинг ҳам дояси – заҳмат, илм йўлларида игна билан қудуқ қазишдек машаққатлардан сўнг келадиган туйғу – бу ишонч, деганлари. Унинг бу йўлларда эришганларини қисқача таърифласак ҳам бўйидан баланд тафаккур хирмони ҳосил бўлади.
     Гули Эргашева ютуқлар ҳақида гапирар экан, “мен-мен”ламайди. Ҳар жумласида устозлар меҳнатини ҳурмат билан тилга олади.
– Муваффақиятларимда яна бир шарафли олима – филология фанлари доктори, профессор Гуландом Боқиеванинг катта хизматлари бор. Олималик бурчига ҳамиша виждонан ёндашадиган устоздан амалиётда ҳам, илмий-изланишларда ҳам доим ўрганаман.
     Қаҳрамонимиз “Тилшуносликда гендер муаммоси ва тилнинг аёллар ижтимоий мақомини кўтаришдаги потенциали” мавзусида илмий изланишлар олиб бормоқда. Ўзбекистонда гендер муаммоси бўйича биринчи тилшунос олима. Гендерга оид термин ва тушунчалар электрон луғати тузувчиси. Лондон шаҳридаги инглиззабон мактаб ўқувчиларига ўзбек тили ва адабиёти, халқимизнинг қадриятлари, моддий-номоддий меросини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган Uzbek School маркази асосчиси.
     Унинг битта монографияси, 75 та илмий мақолалари (шундан 9 таси хорижнинг илмий нашрларида) чоп этилган. Айни пайтда ўзи фаолият олиб бораётган университет илмий кенгаши котиби. Бир вақтда “Филология масалалари”, “Ўзбекистонда хорижий тиллар” электрон илмий-методик журналларга ҳам муҳаррирлик қилади. Албатта, у бу кенг кўламли фаолиятни бир неча нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорликда, устозлар билан бамаслаҳат, ҳамкасблар, шогирдлар ёрдамига таяниб олиб боради.
     Олиманинг илм дафтарларини варақласак ҳам, умр йўлларида кезинсак ҳам ёзувлар ёрқин, манзаралар дилтортар.
     Бир пайтлар отасига машина миниш ҳаваси борлигини айтганида, Исмоил ака:
– Сочингни майда ўриб, ироқи дўппи кийиб юрсанг, хоҳлаган машинангни олиб бераман, – дея шарт қўйган эди. Гули отасининг йўриғига юрди, падари ҳам ваъдасида турди.
     Тошкентга магистратурада ўқишга кетаётганида:
– Оиламизнинг шаънини ҳозиргидай баланд тутиб, акаларингнинг ору номусини оқила сингил бўлиб асраб қайтиб келишингга заррача шубҳа қилмайман. Келганингдан сўнг юрагинг кимга қараб урса, биз монелик кўрсатмаймиз, – деди. Бу борада ҳам айтганидан чекинмади. Кўчаси, маҳалласи битта бўлмаса-да, битта дарёдан сув ичишган наманганлик Рустамжон исмли ҳарбий (ҳозир ҳуқуқшунос) йигитга турмушга чиқди. Тошкент, Наманган, Термиз (Рустамжон 8 йил ҳарбий соҳада Термизда ишлади), Англия, Америка, Тошкент йўлларида юриб илм дунёсида Гули Эргашева бўлиб танилди. Кўнгил кўнгилдан сув ичиб қурилган оилада беш нафар фарзанд дунёга келди. Тўнғич қизи Шаҳризода халқаро Вестминстер университети талабаси, кенжатой Муҳаммадризо боғча боласи. Оралиқдаги қизалоқлар мактаб ўқувчилари.
     Бундай маълумотлардан баҳраманд бўлган қизиқувчилар унга шу кунларда кўпроқ бир савол билан мурожаат қилишади:
– Университетингиз қошида жамоатчилик асосида саккизта илмий-тадқиқот институти ташкил этилибди. Бу янгилик ҳозирча фақат сизларнинг олийгоҳингизга хос экан. Барчасида координатор, “Назарий ва амалий лингвистика” илмий-тадқиқот институтининг директори экансиз. Олти ой ичида салмоқли ютуқларни қўлга киритибсиз. Айниқса, “Экспериментал фонетик лаборатория яратиш” мавзусидаги лойиҳангиз катта эътирофларга сазовор бўлибди. Танловда сизга ғолиблик келтирган ҳам, асосан, ана шу кейинги фаолиятингиздаги ютуқлар экан. Қайнота, қайнонага келинлик, оналик, бекалик, шогирдларга устозлик, муаллималик... Қандай улгурасиз? Меҳнат таътилларида Наманганга қайнонангиз Азизахон ая, қайнотангиз Ботир амакиларнинг хизматида бўлар экансиз... "Болаларимга ўзим қарайман”, деяпсиз... Оилани онлайн бошқаришга қарши экансиз...
– Меҳнат ичида катта бўлганман. Ўсмирлигимда учталаб сигир соққанман. Бошимда этак-этак ўт кўтариб келганман. Ҳалол меҳнатнинг бирор тури олдида қўрқувим йўқ. Вақтни тўғри тақсимлайман. Аниқ режа билан ишлайман. Қолаверса, қизларим ёнимга кириб қолди. Бир қўлимда бешик тебратиб, иккинчисида диссертация ёзган пайтларим бўлган. Нонуштага атала пишириб, бир кўзимда шогирдимнинг тадқиқотларини ўқиган дамларим ҳам йўқ эмас. Қийналганларимда онажоним, қайнонамнинг кўмакларига суянганман. Турмуш ўртоғим ҳам доим ёнимда, мана ҳозир ҳам мукофот машинамни минишга тахт қилиб бердилар.
– Кўчалардан яхмалак кетсин, тулпор сеники, – деб турибдилар...
     Гули Эргашева суҳбатимизда жуда кўп марта “Яхши, ажойиб, чиройли” тарзидаги сифатларни қўллади. Яқинлари, умуман, атрофидагиларга яхши нигоҳ билан қараган, уларга имкони қадар эзгуликлар улашган, касби, оиласида хотиржам, осуда муҳит ярата оладиган инсоннинг сўзликларида ҳам, дилида ҳам қалбни оғритувчи, юракка малол келувчи сўзлар бўлармиди... Бўлганда ҳам айтилармиди бундай сўзлар...
     Унга бу исмни беришганда хонадонининг гули бўлсин, деб ният қилишгандир. У эса ўз ҳаракатлари, катта мақсад йўлидаги интилишлари билан йилнинг, қолаверса, юртнинг гулига айланди, бардавом бўлсин!

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар