Қиз ўсса – элнинг кўрки
“Гул ўсса – ернинг кўрки, қиз ўсса – элнинг кўрки”, дейди доно халқимиз. Оилада қиз фарзанд дунёга келдими, отага меҳрибон, онага суянчиқ, миллат эртасини давом эттирувчи бўлади, дея қувонамиз. Ойлар кетидан ойлар, йиллар кетидан йиллар ўтиб борар экан, ҳар бир ота-она камолга етаётган дилбандининг эртанги куни учун замин ҳозирлайди. Энг аввало, уларни илмли ва маърифатли қилиб камолга етказиш ҳақида қайғуради, кейин эса бўлғуси она сифатида оилага тайёрлаб боради.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 10 декабрдаги резолюциясига асосан, 11 октябрь – "Халқаро қизлар куни”, деб эълон қилинган. Бу сана ҳар йили бутун жаҳон бўйича нишонланар экан, қизларнинг камситилишининг олдини олиш, уларнинг ижтимоий муаммоларига ечим излашга алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасида "Халқаро қизлар куни" доирасида ўтказилган.
"Очиқ эшиклар куни"да қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлди. Уларнинг таълим олишига шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш давлат сиёсати даражасида эканлиги суҳбатларда кўп бора таъкидланди. Талаба қизларнинг фаоллиги ҳам муҳим босқичга кўтарилганлиги турли ҳаётий мисоллар орқали иштирокчиларга етказилди. Айниқса, қизларнинг таълим олишида тўсиқ бўлаётган муаммоларни ҳал қилиш масаласига кўпроқ урғу берилди. Суҳбатлар давомида замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга, миллий қадриятларни ардоқловчи шахслар қилиб тарбиялаш долзарб вазифалигини ёшларимиз теранроқ ҳис қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташаббуси билан жамоатчилик асосида "Қизларжон" клубининг ташкил этилиши куннинг муҳим воқеаси бўлди. "Қизларжон" клуби сардори этиб ЎзДЖТ университети магистранти, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ходими, "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони соҳибаси Огулнур Атаева тайинланди.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова аъзолик гувоҳномаларини топширар экан: – Ўзаро дўстлик, ҳамфикрлик, бир-бирларингизнинг тақдирларингизга қалбан дахлдорлик туйғусини ҳис этиш бу клубнинг бош мақсадларидан биридир, – деди.
Ёш санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар, шоира қизлар ўқиган шеърлар даврага ўзгача завқ-шавқ бахш этди.
Ўз мухбиримиз