Чавандозлар маликаси

 

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Дўстлик” ордени соҳибаси, Карим Зарипов номидаги Республика Эстрада ва цирк коллежи директори - Карима Зарипова билан суҳбат.
 
    1948 йили ўзбек цирки усталари Россия гастролидан қайтишаётганда, оғироёқ Холидани самолётда дард тутиб қолади. Аэрапортда “Тез ёрдам” машинаси кутиб турарди. Осмондаги парвоз пайтида ёруғ оламга келишга шошилган қизалоққа Юлдуз деб исм бердилар.
  Кейинги қизалоқ Ригина Рига шаҳрига етиб келганларида дунё юзини кўрди. Учинчи қиз – Ойдинойни чавандоз она Челябинск шаҳрида бағрига босди.
   1960 йил 20 декабр куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, чавандоз, “ўзбек амазонкаси” деб ном олган Холида Зарипова мамлакатимизда цирк санъатининг ташкилотчиларидан бири – жаҳонгашта, меҳрибон отаси ва устози бўлган Карим Зариповдан айрилди. Бу нафақат оила учун, балки ватанимиз маданий ҳаётидаги катта жудолик эди. Орадан саккиз кун ўтиб, Холида ва Фахриддинларнинг тўртинчи қизалоғи дунёга келди. Унга бобосининг азиз хотираси учун Карима деб исм бердилар.
  
- Болаларнинг қаерда туғилганлигига қараб, масалан, шаҳарда, қишлоқда… хуллас, уларнинг тақдирида озми-кўпми ўхшашлик бўлади. Менимча, сизнинг болалигингиз  бетакрор, ўзига хос ўтган…
- Цирк артистларининг фарзандлари аренада туғилиб, шу ерда улғаядилар, деган гап юради. Бу гапда жон бор. Чунки, бу соҳа вакилларининг фарзандлари биринчи қадамини манежга қўядилар, биринчи тиши ҳам шу ерда ёриб чиқади, биринчи сўз, илк чиройли муносабатлар… Айтишларича, ота-онамиз биз – бешта фарзандларини илк қадам қўя бошлаганимиздан манежга етаклаб чиққан эканлар, улар билан бир қаторда туриб, томошабинларга – халққа таъзим қилган эканмиз. Мен учун ҳаёт циркдан бошланган. 
   Ўзимни энг бахли аёллардан бири, деб биламан. Нимага? Чунки машҳур, элнинг хурмат-эътиборига ўзининг машаққатли меҳнатлари, иродаси, маҳорати,  санъати билан сазовор бўлган, маданиятли сулоланинг давомчиси сифатида дунёга келганман.
- Ўзбек циркининг ташкилотчиларидан бири, чавандозлик санъатининг тамал тошини қўйган бобонгиз Карим Зариповнинг шу йўлга кириб келишларига ўтган авлодлари билан боғлиқ асослар борми?
- У кишининг хотирлашларича, бадавлат оталари Зариф Хўжанинг отхоналари бўлиб, кўпгина сара отларни парваришлашган. Карим додамиз кичкиналикларидан отларни жудаям яхши кўрган эканлар. Бу воқеалар йигирманчи аср бошларига тўғри келади: олти-етти ёшли Каримжон бир тасодиф туфайли уйини тополмай, темир йўл станциясига бориб қолади. Уни ўз даврининг таниқли кишиларидан бўлган Жумавой сурнайчи топиб олиб, уйига олиб кетган. У тўртта ўғли билан тўйларда, халқ сайилларида полвонлик, қизиқчилик, кўзбойлоғичлик томошаларини кўрсатаркан, сурнайчи фарзандлари қаторида бобомизни ҳам тарбиялаб, ўз санъатини ўргатган.
    Ўшанда жамоа хўжаликлар ташкил қилиш учун кураш бораётган, бойларнинг барча мулки мусодара қилиниб, давлат ихтиёрига ўтказилаётган даврлар экан. Бўлғуси Карим қизиқ санъатга муҳаббати, ихлоси туфайли отасидан мерос бўлиб қоладиган бойликдан ҳам воз кечади. Карим Зарипов ҳужжатларда ўзини камбағал деҳқон фарзанди, деб қайд этган. Эҳтимол, унинг авлодлари қонида қизиқчиликка мойиллик бўлгандир, қолаверса, тақдир бошлаб кирган мана шу йўллар боис ёшлигидан “бесуяк” чавандоз, Карим қизиқ номлари билан “кўча одами” бўлиб юрган. Замонасининг илғор кишиларидан саналган Зариф Хўжа гарчи “оила шаънига иснод келтириб юрган масхарабоз” ўғлини кечиролмаса-да, ўлими олдидан уни тушуниб, барча фарзандлари қаторида мерос қолдиради.
   Карим қизиқ Муллажон Хўжа номи билан Тошкентга донғи кетган Анзират дуторчининг ягона қизига уйланади. Келин Муборакхон 13 ёшга кирган навниҳол қиз эди. Кейинчалик у турмуш ўртоғининг ихтиёри билан грим қилиб, саҳна либосида аёллардан биринчи масхарабоз, биринчи актриса сифатида узоқ йиллар халққа хизмат қилди. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларидаги тарихий шароит ҳақида китоблардан ўқиганимда, бувижонимга (ўшанда аёлларнинг очиқ юз билан жамоат олдига чиқиши жуда хавфли экан) Сизга тош отишмаганми? Ёмон гап эшитмаганмисиз?, - деб савол берардим.
- Худо тепамда турибди, бисмиллоҳ, деб ўртага чиқардим-да, эй Худойим, ўзингга шукр, деб томошани тугатиб чиқиб кетардим, - деб жавоб бергандилар. Ўйлайманки, бувим ўзларининг самимияти, покиза табиати, чиройли санъати билан одамлар меҳрини қозонган бўлсалар керак.
   Уларнинг фарзандлари – Холида билан Ҳакимжон ҳам от ўйнатиб вояга етганлар. Ҳаётнинг ҳамма соҳасида менга онам – Холида Зарипова идеал бўлдилар.
- Биринчи марта отга ўтирганингизни эслай оласизми?
- Йўқ, чунки ўшанда уч яшар эканман. Биринчи марта эгарга ўтирганимдан кейин, ундан туширмоқчи бўлишганда, отнинг ёлларига маҳкам ёпишиб олган эканман.
- Чавандозлик кўпроқ йигитларга хос. Сиз жуда ёшликдан шу машғулот билан шуғулланганингизда, табиатингизда қизларга хос хислатлар ҳам уйғун бўлиши учун ота-онангиз нималар қилишган?
- Бунинг тарихи ҳам қизиқ. Ота-онам ўрталарида дастлаб менинг чавандозлик билан шуғулланишим борасида бир оз келишмовчилик ҳам бўлиб ўтган экан. Отам қиз бола бўлганлигим учун отларга яқинлаштиришни истамаганлар. Аммо онам соғлиққа фойдали эканлиги, қадду қоматнинг чиройли бўлишини назарда тутиб, менинг интилишимни қўллаб-қувватлаганлар. Оилада тўрт опа-сингил ва бир ўғил фарзанд бўлсак, шулардан мен билан укам чавандозмиз.
   Қизларнинг ҳаммасини хореография билим юртида ўқитишган, мусиқа билан шуғулланганмиз, француз тилини ўрганганмиз. Онам жуда ақлли аёл эдилар, ҳамма нарсадан хабардор бўлишларинг керак, дер эдилар. Ўзлари ҳам балет мактабини битирганлар, мусиқани яхши тушунардилар.
- Катта авлод санъаткорларидан кимлар билан боғлиқ хотиралар қалбингизга муҳрланиб қолди?
- Биринчи устозларим – Карим дода ва Муборак ая Зарипова, Отам Фахриддин Шарифбоев билан Холида Зариповалар. Онам биз учун аёллик камолоти, латофати, иродаси ва маҳоратининг рамзи эдилар. 1947 йили Париж шаҳрида бўлиб ўтган цирк санъати фестивалида Холида Зарипова “Цирк маликаси от устида” деб номланган дастурни ижро этиб, фестивальнинг бош мукофотига сазовор бўлган.
  Тасаввур қилинг: 1950 йиллар. Менежда доира овози янграйди. Парда очилиб, чиройли ленталар билан безатилган оппоқ от устида хоразмча миллий кийимдаги Холида Зарипова чиқиб келади. Йўрғалаб бораётган от устида рақсга тушаётган раққосанинг латофати минглаб томошабинларни ҳайратга солади. Бир неча дақиқалик мусиқа бирдан тўхтаб, жимлик чўкади. От устидаги Холида юқорида турган халқа ичидан сакраб,  яна отнинг устига тушади, яна шу ҳаракат, яна… кейингиси бундан-да мураккаб: у манежга тортилган ипак мато устидан сакраб, яна чопиб бораётган отга миниб олади.
    Цирк биноси ҳайрат ва хавотир ичра нафасини ютиб ўтирганларнинг гулдурос қарсакларига тўлади.
  Онамнинг дугоналари, касбдошлари Тамарахонимнинг менга меҳрлари бошқача эди, балетмейстер Қодир Мўминовдан билим олдим, хореография билим юртини тугатганимдан кейин бир йил Мукаррама Турғунбоеванинг раҳбарликларида “Баҳор” ансамблида амалиёт ўтганман. Розия Каримова, Қундуз Миркаримова, Бахтиёр Сайфуллаев ҳам устозларим. Бутун ҳаётим давомида машҳур, покиза одамларнинг ёнида бўлдим.
- Сафарлар чоғида қандай пайтларда Ўзбекистон беихтиёр хаёлингиздан ўтган?
- Қайси пайтларда эмас, ҳар доим она Ватаним соғинчи билан юрганман. Яширмайман, гастроль сафарларига борганимда, жуда кўп мамлакатларда мени ўша ерда қолиб ишлашга, хорижий давлатнинг фуқаролигини қабул қилишга таклиф этиш билан бирга қанчадан-қанча бойликлар, шон-шуҳрат ҳақида ваъдалар беришган. Лекин уларнинг ҳаммасига мен Ўзбекистонимни ҳеч қанақа давлатга алмаштирмайман, деб жавоб берганман. Бир юртга борганимизда, сизга қайси томошабин кўпроқ ёқади, деб савол беришганди. Ҳаммасидан зўри – ўзимизникилар. Уларнинг битта “Ҳайт!” дегани олдида бошқаларнинг қарсаклари-ю, олқишлари ўтаверсин, деганман. Сафарларга чиққанда, албатта патир ва ошга ишлатиладиган зираворлар олиб кетардим. Уларни ҳидлаб, самолётнинг ўзида-ёқ Тошкентни соғинардим. Ишонасизми, неча йиллар давомида нафақа ёшига етишимни ва она шаҳримда муқим ишлашни орзиқиб кутгандим, Ҳудога шукр, мана етдим.
    Бугунги кунда билимларимни, тажрибаларимни ёшларга бераётганимдан хурсандман.
- Чавандозликни спорт деса ҳам бўлади, санъат десак ҳам. Тўғрироғи, бу – иккаласининг уйғунлиги. Уни давом эттираётган ёш қизлар борми?
- Ўтган йили менинг тарбиямни олган қизлар укам – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Улуғбек Зарипов билан Хитойга бориб, цирк артистлари фестивалида қатнашиб келишди. Учта қиз бир вақтнинг ўзида битта отда – бири отнинг устида, иккинчиси ён томонида, учинчиси унинг қорин томонида шунақа ажойиб томоша кўрсатишдики, уларнинг маҳорати ўзбек чавандозлик тарихида илк бора “Гиннес рекордлар китоби"га киритилди ва ўзбек амазонкалари ҳақида мақола ёзилди.
- Мана, сиз Карим Зариповдан кейин учинчи авлодсиз, қарийб бир асрдан буён сулола вакиллари орасидан чиққан масхарабозлар ҳам элга кулгу, хурсандчилик улашиб келадилар. Мана шу кайфият оила муҳитида ҳам сақланганми?
- Ҳозиргача шундай, мана, яқиндагина ўғлим Шерзодбекни уйлантирдик. Оила даврасида йиғилишиб ўтирганда, шунақа ҳазиллар бўладики, келинжоним айрим гапларнинг ҳазил ёки чинлигига ишонмай, савол берадилар. Ҳар қандай вазиятни яхшилик, ҳазил-мутойиба билан ўтказамиз.
   "Бизнинг ҳаётимиз -  театр, биз барчамиз актёрлармиз. Унда ҳар ким ўз ролини ўйнайди", - деган эди Шекспир. Ҳамма қариндошларим, ҳудди ўзингга ўхшаган келин келсин, деб дуо қилишарди. Келиним Дилфузахонни илк бор кўрганда-ёқ Аллоҳга шукроналар қилдим. 30 йил олдин мен шунақа кичкинагина, озғингина, чаққон, эпчилгина қиз эдим.
   Санъатим туфайли дунёни айланиб келдим, фарзандларим, набираларим ҳам дунёни кўришсин, ўзбек циркининг ўзбек чавандозлик мактаби шуҳратини овоза қилишсин.
- Яхши ниятларингизнинг ижобатини кўриб юринг!
 
Муҳтарама Улуғова суҳбатлашди.
Манба: "Саодат" журналининг №7-8 2009 йилги сони. 

 

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар