УЙИДА БАХТИ БОРЛАР...

МАҲАЛЛА ЖОНКУЯРИ

Уйида бахти борлар...

     Момоқиз, Момосулув, Оймомо... Элимиз ўзаги бир бўлган бу исмларни қизларига қўйганида аёлнинг яралиши Момо Ҳавога бориб тақалиши, унинг жонида яратувчанлик, жисмида гўзаллик барқ уриб турувчи инжа бир хилқат эканини ҳамиша эслатиб туришни ният қилгандир. Тошкентдай шаҳри азимда фаолият бошлаб, турмуш тақозоси билан асли ота юрти бўлмиш Қашқадарёнинг Чироқчисида салкам ярим аср умрини ўтказган Момосулув опа Бердиқулова ҳам фарзандига исм танлашдан бошлаб барча қадриятларимизни баланд тутган аёллардан. Опа ҳар тонгни Чироқчи аҳлидан ҳол сўрашдан бошлайди. Ахир, йигирма йилки бир маҳалла элга бош бўлиб, ўз дарду ташвишидан ортиб иссиқ-совуғини бирга баҳам кўриш осонми?

 

     “Чироқчи” маҳалла раиси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Момосулув Бердиқулованинг ҳаёт йўлига назар ташлаган киши борки, ҳар сатрида ибрат бор бир асар эканини англаб етади.

     Олий ўқув юртининг педагогика йўналишини тамомлаган қаҳрамонимиз дастлаб иш фаолиятини саксонинчи йиллар бошида пойтахтимиздаги 144-мактабдан бошлади. Палахмон тоши каби отилган уддабурон қиз ўз ота юрти Чироқчига келин бўлиб тушганидан сўнг ўша тумандаги қатор мактабларда ўқитувчиликдан тортиб, директор ўринбосари лавозимига қадар фаолият олиб борди. Унинг табиатан курашчанлиги, ўзига бўлган ишончи, ҳаётсеварлиги ва инсонпарварлиги нафақат ўзининг, балки ўзгаларнинг тақдирига бефарқ бўлмасликка ундар, ҳаммага бирдек ёрдам беришга интиларди. Айни шу фазилатлар Момосулув Бердиқуловага ўттиз йиллик педагоглик фаолиятини маҳалла раиси сифатида давом эттиришига сабаб бўлди.

      Эл орасида уйида бахти борлар ҳар ерда бахтиёрдир, деган яхши гап юради. Бу йил олтмиш тўрт баҳорни қарши олган Момосулув опа “Йил аёли-2023” миллий танловида “Йилнинг энг яхши уй бекаси” номинацияси бўйича биринчи ўринга лойиқ топилди. Уч ўғил, бир нафар қизнинг меҳрибон онаси, 13 нафар неваранинг севимли бувижониси бўлган Момосулув опа турмуш ўртоғи Жўрақул Тошбоев билан 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда. Чиндан ҳам унинг бадастир тутуми, рисоладагидек оиласига қараб туриб нечоғли муносиб эътироф этилганини пайқаш қийин эмас.

– Бундан олти йилча олдин давлатимиз раҳбари билан бўлган учрашувда инсонларнинг тақдирига жавобгарлигимни яна бир карра чуқур ҳис қилдим. Умрим давомидаги мақсадларим, орзуларим айнан шу ҳис билан чамбарчас боғлиқлигини англадим, — дейди биз билан суҳбатда қаҳрамонимиз. – Президентимиз билан бўлиб ўтган учрашув чоғида маҳалламиздаги муаммоларни, уларни ҳал қилиш бўйича кўзда тутган режаларимни айтганимда уларнинг қўллаб-қувватлови билан ёзда чанг, қишда лой бўладиган маҳалламизнинг 90 километр ички йўллари тўлиқ асфальтлаштирилди. Иккита катта қудуқ қуриб битказилиб, ичимлик суви чиқариб берилди. Уйда ўтирган хотин-қизларни иш билан таъминлаш учун 250 ўринли фабрика фаолият кўрсата бошлади. Ўнлаб тикувчилик, пишириқ цехлари замонавий жиҳозланиб, қайта фойдаланишга топширилди.

      “Чироқчи” маҳалласида бугунги кунда 4 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, замонавий шаҳарча қиёфасига кирган бу ҳудудда Момосулув опанинг қадами етмаган жой, кирмаган хонадони йўқ. У ўз элининг, маҳалласининг жонкуяри. Қарийб 20 йилдан буён маҳалла раиси сифатида ишлаб келаётган қаҳрамонимиз ўз таъбири билан айтганда, саҳармардонлаб уйдан чиққанича, қуёш ботганида қайтиб кириб келади. Аммо ўзининг оиласидаги ҳеч бир кишининг кайфияти ва ҳеч бир иш унинг эътиборидан четда қолмайди. Турмуш ўртоғи Жўрақул ака билан бирга тўрт нафар фарзандини вояга етказиб, ўқитиб, элга қўшди. Бугун улар турли соҳаларда меҳнат қилаётир. Уч нафар келинининг ҳам тўйдан кейин олий маълумот олиб, касб-корли бўлишларига имкон яратиб берди. Бугунги кунда икки келини филолог, бирлари эса бошланғич синф ўқитувчиси сифатида фаолият олиб бормоқда.

— Тўнғич ўғлим оиласи билан бошқа ҳовлида яшаса, қолган икки нафар ўғлим, келинларим, набираларим билан бир эшикда тинч-тотув яшаймиз, — дейди Момосулув опа мамнунлик билан. — Оила тотувлигига келадиган бўлсак, бунга ҳамма бирдек масъул, деб ўйлайман. Қайнона эканман, уйимда уззукун етти қават кўрпачанинг устида дам олиб, ҳамма ишни келинларим қилиши керак, деган фикрдан йироқман. Келинларим бола-чақаси билан овора бўлиб қолганда, югуриб ошхонага кираман, ош-овқатми, идиш-товоқ ювишми, нимаики юмуш бўлса, бажариб кетавераман. Қайноналар фақат буйруқ беришни эмас, кези келса ўзи ҳам ёрдам беришни ҳам билиши керак. Маҳаллада қайнона-келин можаросидан тинчи бузилган бирор оилага кириб қолсам, бу ҳақда астойдил таъкидлайман.

     “Маслаҳат беришдан осони, ибрат бўлишдан қийини йўқ”, деб донолар бежиз айтмаган. Қайнона ўз келинига ҳақиқий ибрат намунаси бўла олсагина, ютибди, йўқса ютқизибди. Чунки ҳурмат қозониш учун унга муносиб бўлмоқ керак.

     Бугун маҳалладошлари тили билан айтганда “Раис опа” ўз ибратли ҳаёти билан барчага ўрнак бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди.

— Набираларимнинг ҳам билим олишига жиддий қарайман. Улардан бири Қарши шаҳридаги Президент мактабининг 9-синфида таҳсил олса, яна бири ўтган йили математика фан олимпиадасида вилоятда биринчи бўлди.

   Қаҳрамонимиз ифтихор билан набиралари эришаётган ютуқлари ҳақида  сўзларкан, беихтиёр шоирнинг “Ким нени изласа, топгай бегумон”, деган мисралари хаёлимдан ўтади.

      Ҳа, одамлар мушкулининг осон бўлишига сабабчи бўлган онида ўзини дунёнинг энг бахтли кишиси деб ҳисоблайдиган Момосулув Бердиқулова каби аёллар бор экан, улар кучни халқнинг дуоларидан олади. Бу билан янада кўпроқ ишлайди, янгидан-янги эзгу мақсадларни кўзлайверади. Эл-улус улардек одамлар дарду ташвиши йўлида жонҳалак, жоннисор аёлларга ҳамиша муҳтождир.

 

Нилуфар ДАВЛАТ қизи,

Қашқадарё.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар