Психолог ҳузурида
МУАММО БОРМИ – келинг...
Замондошимиз, оилавий психолог Шоира Исакова кўплаб оилаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган, фарзандлар руҳиятидаги ўзгаришларни яхшилик томон бураётган мутахассисдир. У 1974 йилда Қибрай туманида туғилган. Кўп йиллар Ўзбекистон психологлар ассоциациясининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти раҳбари лавозимида фаолият олиб борган. "Оилавий зўравонликка учраган аёлларга психологик ёрдам" услубий қўлланма муаллифи.
– Ўзига яраша машаққатлари бўлган бу соҳага кириб келишингизга сабаб бўлган омиллар ҳақида суҳбатлашсак. Нима учун бугун сизга, ҳамкасбларингизга кўпроқ аёллар мурожаат қилишади? Ўзи жамиятда қачон психологлар маслаҳатларига эҳтиёж ортди?
– Психология жуда кенг қамровли фан. Жамият ҳаётига монанд руҳиятдаги муаммоларни ўз вақтида англаб, пайти келиб кўпчиликда психологга бориб кўнглини бўшатиш иштиёқи пайдо бўлишини бундан 17 йил аввал ҳис қилганман. Шу соҳанинг билимдони бўлиш учун Украина, Москва, Санкт-Петербург каби мамлакат ва шаҳарларда жуда кучли мутахассисларнинг психология мактабларида сабоқ олдим. Болалар психологияси билан боғлиқ муаммоларга чуқурроқ кириш учун дефектология йўналишини ҳам ўргандим. “Шоира Исакова” психология марказини ташкил этганмиз. Тренингларимизнинг асосий қатнашувчилари – хотин-қизлар. Улар оила бошқарувчилари эмас, бироқ оилани тартибга келтирувчи муҳим жиҳатларни зиммасига оладилар. Шахсан ўзим энг биринчи ҳаёт дарсларини ўсиб-улғайган муҳитимдан олганман. Шу соҳага кириб келишим, йўлимга кўндаланг бўлган тўсиқларни енгиб ўтишимда бир воқеа катта сабоқ бўлган. Отам ички ишлар ходими эди. Саккиз ёш пайтимда нима сабабдандир (У кишини яхши билганлар ва оиламиз бу кўнгилсизликни туҳмат орқасидан келган кўргилик сифатида қабул қилишган) иши судга тушиб, озодликдан маҳрум қилинган... Мени ҳам суд жараёнига олиб боришган. Оиламиз бошига тушган бу ташвиш мени бир неча кун, бир неча соат фурсатда улғайтириб қўйгандек туюлган ўша кунларда. Отамдан айро кечирганимиз беш-олти йил муддатда, назаримда, мен бир неча ўн йиллар ҳаётини яшаб қўйдим. Биз – уч фарзандни моддий таъминлаш учун раҳматли онам почтачи бўлиб ишлай бошлади. Жуда кўп газета ва журналлар уйимизга келарди. Тушунсам, тушунмасам уларни ўқиб чиқардим. Тирикчилигимиз оғир кечарди. Мактабдан муҳтожларга ёрдам учун бериладиган кийимлар билан катта бўлганмиз. Онам турли ёшдаги инжиқликларимизга тўғри муносабатда бўлганликлари, қисмат зарбаси учун бизга дилозорлик қилмай, мулойимлик, меҳр билан тарбия берганлари боис тўғри йўлимиздан оғишмаганмиз. Ўша чоғлар волидамнинг матонати, рўзғор тутумидаги оқилалигидан катта ибрат олганмиз. Отам раҳматли уйдаликларида биз – қизларининг ўқишимизга, касб-кор эгаллашимизга биринчи даражали иш, деб қараганлар. Ҳар биримиз олдимизга катта мақсад қўйиб, шу мақсад йўлида курашишимиз кераклигини қулоғимизга қуярдилар. Эртанинг режасини бугундан тузиш ва шунга яраша имконият яратиш меҳрибонимизнинг доимий амали эди, биз болалигимиздан шу қоидаларга бўйсуниб яшаганмиз. Аксарият ота-оналарнинг қиз бола тарбияси билан боғлиқ саволларига ўз ҳаётимдан мисоллар келтираман. Ҳар бир ота-она қиз фарзандини меҳр билан улғайтирса, ўқитса, ҳунарли қилса, унинг ўзига ишончи орта боради. Эртага оиласи ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлади. Аксинча бўлса, ўзига нисбатан ишончсиз бўлса, турмушнинг биринчи зарбасиданоқ ўзини йўқотиб қўяди, саросимага тушади. Бу пайтда, албатта, унга психолог кўмаги керак бўлади. Бу ҳолат, ҳаттоки, ўтиш даврига кириб бораётган 8-10 ёшли ўғил-қизлар орасида ҳам кузатилади. Уларга ҳам оиласида нотинчликлар бўлса ёки қайбир нуқсони учун тенгдошлар даврасида камситилса ёхуд кўнглида ғайриоддий туйғулар уйғона бошлаб, одамовилик бошланса, бизнинг маслаҳатларимиз керак бўлади. Шу эҳтиёжлардан келиб чиқиб “Қизлар академияси” лойиҳасини ташкил этдик.
– Айрим оилаларда эр кишиларнинг ўрни пасайиб бораётгандай. Бу ҳақдаги фикрларингиз...
– Бугун ўғил болалар тарбиясига алоҳида аҳамият беришимизга тўғри келяпти. Уларда ор- номус, ҳамият шаклланиши, тобора бу туйғуларнинг мустаҳкам тортиши доимий эътиборимизда бўлиши керак. Рафиқаси учун суянч қўрғони, фарзандлари учун идеал ота бўлиш эр кишининг асосий вазифаси эканлигини болаликлариданоқ уларнинг онгига ўрнаштиришимиз шарт. Одамлар онгига бир фикр муҳрланиб қолган: “эркак кўчаники”, “у кўчанинг одами”. Ҳақиқатан ҳам шундаймикан? Балки, бу ҳодисага бошқачароқ ёндашиш керакдир? Эр киши оиласиники, у фарзандлариники, у уй учун ҳам энг керакли инсон, деган фикрни одамларга сингдиришимиз керак, назаримда. Шу пайтгача шаклланган фикрлар эркакнинг ўз оиласига масъулиятсиз бўлишига сабабчи бўлиб қолмаяптимикан? Ҳаддан зиёд чойхонахўрликлар, гап-гаштаклар билан ўралашиб қолишлари учун имкон яратиб бермаяптимикин? Менталитетимизда яна бир қотиб қолган тушунча бор: ўғлим – қўрғоним, қариганда боқувчим, сўнгги йўлга тушганимда тобутимни кўтарувчим... Бу фикрларни бутунлай инкор қила олмаймиз. Афсуски , бундай нуқтаи назар айрим оилаларда қиз фарзандга бошқачароқ муносабат туғилишига сабабчи бўлиши мумкин. Уларга “Бировнинг хасми”, “бировники” деб қараймиз. “Ўқитадими, ишлатадими, борган уйинг билади”, тарзидаги уқтиришлар қизларимизни маиший ҳаёт атрофида ўралаштириб ташлайди. Бу ҳолат уларнинг келгуси турмушида, айниқса, фарзандлар тарбиясида, оиласида қадр топиш-топмаслигида тўлалигича акс этади. Ўғил бола туғилса, оталар жуда хурсанд бўлишяпти. Бироқ уларни жиддий тарбиялаш борасида баъзи оқсалишлар кузатиляпти. Баъзан ижтимоий тармоқларда қизлар либосини кийиб рақс тушаётган, ўз жинсига хос бўлмаган ҳаракатларда намоён бўлаётган эркакларни кўрганимизда унинг тарбиясида бўшлиқлар бўлганлигини англаймиз. Кичик ёшидан ўғлонларимизни мардона, жасур, ҳар бир сўзи, хатти-ҳаракатига жавоб берадиган шахс қилиб вояга етказсак, оила ва жамиятда катта ютқизиқлар бўлмаслиги, шубҳасиз. Лекин жасурлик зўравонликка, мардоналик кеккайишга айланиб кетмаслиги учун уларнинг руҳий тарбияси ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги керак. “Қиз боламисан, минғирлама”, “Овозингни ўчир”, деймиз. Бунинг ўрнига шу вақтда болада нима муаммо бўлди, нега бундай аҳволга тушди ёки нега қайсарлик қиляпти, нега гапимга қулоқ солмаяпти, хулқида ўзгаришлар бўляпти, дея мушоҳада қила бошласангиз, фарзандингиз қалбига яқинроқ борасиз. У сиздан пинҳона иш қилмайди. Аслини олганда, тарбия – жуда нозик иш, кўнгилчанлик қилиб, ўз ҳолига қўйиб берсангиз ҳам, кўп ҳолатларда телефонга қарамлик, дорига мутелик, интернетга муккасидан кетиш, ижтимоий тармоқ ўйинларига тобелик пайдо бўлиб, ўзининг ва сизнинг ҳаётингизда қатор муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун олтин ўрталиқни топиш керак бўлади. Энг муҳими, ўғилдир, қиздир, болалигидан чиройли бир мақсад сари йўналтириш керак. Дейлик, “Келажакда шифокор бўласан, ўқитувчи, учувчи, ошпаз...” Бошқа тарбия усуллари шу мақсад атрофида айлантирилса, тарбияда бўшлиқ кузатилмайди.
– Эр-хотин қандайдир муносабат билан келишолмай қолса...
– Биринчи навбатда муаммонинг келиб чиқиш сабаби ўрганилади. Аёл билан бақамти ўтириб дилдан суҳбат қурилади. Кўпинча қабулимга келаётган аёллар оилавий ажримни сўнгги чора деб билади. Аслида баъзан келишмовчиликка жуда оддий ҳолатлар ҳам сабаб бўлади. Ўринсиз рашк, қўшни ёки қариндошларнинг бемаврид аралашуви, меъёридан ошган орзу-ҳаваслар... Биз имкон қадар оилани сақлаб қолишга, муросага ҳаракат қиламиз. Ҳаётий мисоллар, илмий тажрибалар хулосалари билан аёл руҳиятига таъсир қилишга уринамиз ва кўп ҳолларда муваффақиятларга эришамиз. Сўнгги икки йилда оилавий муаммоларга сабаб бўлаётган иқтисодий етишмовчиликларни бартараф этиш учун 130 нафар опа- сингилларимизни тадбиркорликка йўналтирдик. Бу уларнинг турмушларининг изга тушиб кетишига ёрдам берди.
– Баъзан болалар оилавий жанжал туфайли тушкунликка тушиб қолишади. Нима қилса уларни бу кайфиятдан олиб чиқиб кетса бўлади?
– Ота-она жанжалидан болалар журъатсиз, қўрқоқ ва одамовига айланиб қолишади. Баъзилари эса урушқоқ, сиркаси сув кўтармайдиган бўлиб олишади. Бу ҳолат улар руҳиятида ёмон акс этади. Синфдошлари, ҳатто, устозлари билан келишолмайди. Бора-бора тажовузкор бўлиб қолиши ҳам мумкин. Ота-онасини ёмон кўриб қолиб, уйидан чиқиб кетишлар, жиноят оламига дахлдор бўлиб қолишларни ҳам шу сабаб билан боғлаш мумкин бўлади. Бизнинг қуролимиз – сўз. Фақат тушунтириш, ишонтириш билангина фарзандларимизни ёмон тақдирлардан асрашимиз мумкин. Албатта, керак бўлганида машғулотлар билан чекланиб қолмаймиз, турли ташкилотларга борамиз, муҳокамаларда иштирок этамиз. Муҳими, шу ҳаётдан кўнгли совиётган ёшни соғлом муҳитга қайтариш учун имконимиздаги бор усулларни ишга соламиз.
– Ҳар бир масалага ниҳоятда масъулият билан ёндашишингизни кузатиб бораман. Аёлларимизнинг энг катта муаммоси нимада?
– Аёл бўлиб аёллигини ҳис этмаслик бизга жуда кўп муаммолар келтираётганини инкор этиб бўлмайди. Баъзи бекаю ойимлар эркаклар кўтариши керак бўлган юкни ўз гарданига аллақачон ортиб олишган. Уларнинг юриш-туриши, чеҳрасию қадди-қоматидан жозиба, латофат кўтарилиб кетгандай... Бир сўз билан айтганда, жамиятимизда уларни том маънода аёлликка тайёрлайдиган механизмларда ҳали эътиборталаб жиҳатлар бордек. Аслида тинч, осуда оиласи ва яхши тарбияланган фарзандларигина аёлга чинакам шуҳрат тожини кийдиради.
– Мухлис, муштарийларимиз учун керакли бўлган фикрларингиз учун самимий миннатдорлик билдирамиз
Нигора ЎРОЛОВА,
Тошкент вилояти