ЁРҚИНОЙ

ТаШаббускор муаллимлар

ЁРҚИНОЙ

     Ўз ихтиёри, юрагининг амри билан эл-юртга фидойилик қилаётган замондошларим ҳақида эшитсам ёки уларни кўрсам беҳад суюниб кетаман. Кўнглимдан тортиб бутун дунё ёришиб кетгандек бўлади. Бу ёрқинликда яшаётган ҳаётимда қаерлардандир қалбимга тушган, ташвишга солаётган дилхираликларнинг ранги бирмунча ўчгандек бўлади.

 

– Бир муаллимамиз таълимда янгиликлар қилаётган экан. Ишларидан хабардор бўлган заҳотим бу аёл “Саодат”нинг,  яна  ҳам аниқроғи,  сизнинг қаҳрамонингиз экан, деб ўйладим. “Мактаб, ўқувчилар”, деган тушунчалар жон томирингизга туташ эканлигини биламан-ку...

Менга айтилган бу гапларни вазифа ўрнида қабул қилдим-да, ишга киришдим.

Ёрқиной Маматисақова Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги 6-умумтаълим мактабида рус тили ва адабиёти фанидан дарс беради. Ўттиз йилдан зиёдроқ иш тажрибасига эга. Фаолиятининг барча йилларида ҳам ўзига яраша изланишлар қилган. Мактаб раҳбарияти:

– Сиз ўсмирлар билан яхши тил топишасиз, – дея кўпинча Ёрқинойга юқори синфлар раҳбарлигини беришар эди. Давомат, ўзлаштириш, тарбияси мураккаброқ ўқувчилар билан шуғулланиш – муаллима таълим-тарбия жараёнининг барча қисмларини бирдек олиб бориш учун астойдил ҳаракат қиларди, самара ҳам шунга яраша бўларди. Азалдан ҳам бир нуқтада қотиб туришни ёқтирмайдиган, ҳаракат, янгиликлар аро ўзини ниҳоятда кучли ҳис қиладиган Ёрқиной ҳам бу даврда, халқона айтганда, янаям очилди. Бундан уч йил аввал унинг зиммасига мактаб лаҳжасида айтсак, “Терма жамоа”га раҳбарлик қилиш тушди. Қаҳрамонимиз бу ҳолатни  шундай изоҳлайди:

– Вазият тақозоси билан янги ўқув йили аввалида битта саккизинчи синф қисқартириладиган бўлди. Менинг синфимга ҳам  ўқувчилар келишди. Раҳбарининг тутумига ўрганган, интизом қолипига тушган болаларга янгилари қўшилгач,  анҳорга бир неча ўзандан сув қуйилгандек, лойқаланиб олади. Эскилар янгиларини бегонасирайди, келганларда нописандлик...

     Ёрқиной  бу вазиятдан тезроқ чиқиб кетиш йўлларини ахтара бошлади. Айниқса, бир-икки нотинч оилаларнинг фарзандлари танаффус қолиб, сабоқлар пайти ҳам ўзларини кўрсатишар, дарсларга халақит беришарди. Ҳатто, ўқувчи қизлари муаллиманинг олдига шикоят билан келишди:

– Фалончиларни бошқа синфга ўтказиб юборинг. Одобсиз, тарбиясизлиги ҳаммага ёмон таъсир қиляпти, – дейишди. Дунёда энг қийин иш – одам руҳиятини ўзгартириш. Муаллима бор имконларини ишга солди, аёл, она меҳрининг қудратини, билими, тажрибасини... Бола, ҳатто, тарбияси оғир болаям, меҳрга ташна бўлади, кимдандир топса, унга оҳанрабога тортилгандек яқинлашади. Қизлар синфидан ҳайдашни истаган  болалар аста-секинлик билан бўлса-да, уларнинг ҳам ишончини қозонди. Айниқса, муаллима синф соатларида:

– Сизлар бир пайтлар самовий тулпорлари, ёвқур жангчилари билан шуҳрат қозонган Довон деб аталган юртга ворис бўлган Мингтепанинг фарзандларисизлар. Мингтепанинг янги баландликларини  аҳил-иноқ бўлиб, биргаликда кўтарасизлар. Бирингиз – қош, бирингиз – кўз, битта вужудсизлар, – тарзидаги ғурур,  фахр берадиган гапларни айтгач, аълочи ўқувчилар: қийин ўзлаштирувчи синфдошларини ўз ихтиёрлари билан оталиққа олишди.

       Ёрқиной уларни музейларга, табиатнинг дилбар гўшаларига саёҳат, сайрларга олиб борди. Дарсдан ташқари ҳам бирга бўлишларига, зич жамоа бўлиб шаклланишларига эриша бошлади. Тўққизинчи синфга ўтишгач, муаллима об-ҳавони яна янгилаш эҳтиёжини ҳис қилди.  Ҳар ҳафтада ўтадиган синф  соатларида уларга турли мавзуларни бериб баҳсга чорлади. Иккига бўлинган синф тарафма-тараф бўлишиб, “Қиз бола ўқиши керакми ё йўқми?”, “Қишлоқда яшаш яхшими ё шаҳардами...” каби оддий мавзулардан бошлаб “Ғарбдан нима ўрганиш керак, Шарқдан-чи?”, “Глобаллашув ижобий ҳодисами ёки салбий?” каби мураккаб мавзуларгача баҳслашардилар. Бу баҳслар ўқувчиларни фикран ўстирди,  ҳар бирида нотиқликнинг белгилари намоён бўла бошлади. Ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатадиган бўлишди.

– Мактабимиздаги “Заковат” клубининг асосий қисмини менинг ўқувчиларим ташкил қилади. Бу – ўша баҳслар самараси, – дейди муаллима фахр билан.

       Ёрқинойнинг болалари бу йил ўнинчи синф. У дунёдан кенг ахборот олаётган, китоблар ўқиб, фильмлар томоша қилаётган ўсмирлар учун янги бир ҳайрат майдони очишни ўйлади ва топди. Биринчи чорак якунланаётган кунлар эди. Уйида турмуш ўртоғи, қизи билан дастурхон бошида ўтирганда икки-уч кундан буён ўйлаб юрганларини ўртага ташлади:

– Англияда бир нафақадаги устоз яхши ўзлаштирган ўқувчилар учун стипендия ташкил қилибди. Мен ҳам биринчи чоракни аъло баҳоларга ёпган тўрт нафар ўқувчимга озгинадан бўлса-да, маошимдан мукофот берсам , нима дейсизлар?

      Оила аъзоларига ҳам бу фикр маъқул келди. Чиройли конвертларда мактаб раҳбарияти, синфдошлари ҳузурида аълочиларга топширилган мукофот катта акс садо берди. Рағбатлантирилганлар конвертларни уйларида – ота-оналари ҳузурида очишган, видеотасвирга олишиб, ижтимоий тармоққа жойлашган, ҳатто, баъзилари хорижда ишлаётган оталарига жўнатиб, уларни суюнтирган.

– Айни кунларда аълочиларим ўн нафарга етди. Директоримиз Матлуба Жабборова, маънавият ишлари бўйича директор ўринбосаримиз Гулшаной  Маманова билан бамаслаҳат уларга аталган туҳфамизни “Устоз стипендияси” деб атадик. Маошим камайса ҳам, синф пешқадамлари кўпайиб бораётганидан чексиз қувонаман, ишонинг. Олаётган маошим меҳнатимга берилган моддий баҳо бўлса, болаларимнинг ютуғи – маънавий баҳойим.

     Ёрқиной “Ишонинг”, деб таъкидламаса ҳам ишонамиз. Чунки келажагимиз саодатини билимли ўғил-қизларимизда тасаввур қиладиган ўқитувчилар худди шундай фидойи бўлишади. Муаллиманинг ҳар бир ташаббуси оммалашаётгани янаям қувонарли. Ҳозир фақат вилоят эмас, республиканинг бошқа мактабларида ҳам бундай стипендиялар ташкил қилинмоқда.

     Яқинда қаҳрамонимиз “Етти устоз – етти шогирд” лойиҳасини амалга оширди. Тарих, она тили ва адабиёт, математика, биология фанлари ўқитувчилари  Ойтожихон Рўзиева, Гуллола Тўлабоева, Дилдорахон Тўланбоева,      Моҳидилхон Абдувалиева  ва бошқа ҳамкасблари ёрдамида амалга оширган бу лойиҳа ҳам ўқувчилар интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлашда янги қадам бўлди.

Ёрқиной Маматисақовани янгидан-янги ташаббусларга илҳомлантирган, ҳам машаққат, ҳам ўша машаққатлардан ғолиб келишни ўргатган ўқувчилари битиришга келиб қолишди. Энди синф раҳбари ота-оналари ёнида туриб уларнинг касб-кор танлаши ҳақида қайғуради.

– Мен қайбири олий ўқув юртларига шайланмоқда, қайбири касб-ҳунарга, аниқлаб бўлганман. Энди уларнинг хорижий тиллар билимларини чуқурлаштириб, шу бўйича имтиҳонлар топшириб сертификат олишлари ёки танлаган ҳунарлари бўйича бирор янгилик яратишлари учун қўллаб-қувватлашим керак...

Ҳомийлар топиш, ўз касбининг усталарига дарсдан ташқари пайтларда шогирдликка бериш... Муаллиманинг янги режалари ҳам фақат гап билан, ундаш билан эмас, жонкуярлик билан, қолаверса, маблағ билан битадиган амаллар.

     Иши кўп одам, деган таъриф бор халқда. Юмуш дегани бандасининг ёнига излаб келмайди. Инсон ўзи топади уни. Ҳаёти, фаолиятининг бир қисминигина қоғозга туширганимиз  муаллима ҳам шундайлар тоифасидан. Муҳими,  унинг  ақлий,  жисмоний меҳнат уйғунлигидаги мунтазам елиб-югуришларидан бир неча қоракўзлар ҳаётида ёрқин саҳифалар очилмоқда. Ёш юракларида умид ғунчалари ифорланиб, эл-юрт ҳаётига баҳорий нафасларини олиб кириш йўлларида. Шундай  ой, йиллари халқ тақдирига туташ умрга, шундай шахдли, серғайрат, меҳрли юракка ҳавасдамиз.

 

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар