Жаннатим онам
ОИЛАДА ҚАНОТЛАНГАН ОРЗУЛАР
Касбимиз тақозоси билан турли юртларда, турфа касб эгалари билан суҳбатлашамиз. Агар суҳбатдошимиз аёл киши бўлса, яна у раҳбар бўлса, одатда сўровимиз самимийликдан бироз жиддийликка, андозали савол-жавоблар тарзига кўчади. Бироқ бу галги гурунгимиз самимий кечди. Зеро, мавзу Она ҳақида экан, энг тоза туйғулар тилга киради, ёдга тушган ғуссалар кўзларда қалқийди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Гулнора Маъруфованинг фарзанд сифатидаги ёруғ хотираларига назар соламиз.
– “Фақат болалик орзуларининг ушалишигина кишига бахт келтиради”, деган эди ёзувчилардан бири. Гулнора опа, келинг, сизга бахт келтирган, орзуларингиз ушалган ўша муаззам болаликни эсласак.
– Болалик ёруғ тушга ўхшайди. Гўзал Фарғона бағрида кечган ўша беғубор онларни эсласам, мактаб йўлларимизга ярашиб турадиган катта-катта чинорлар кўз олдимга келади. Ям-яшил водий бағрида, соя-салқин дарахтлари мўл жойларда яшаб, бувимнинг, ота-онамнинг тарбиясини олганмиз. Катталар доим ишда, биз – уч қизнинг тарбиясига, асосан, бувим қарарди. Ота-онам ўқитувчи, жон куйдириб, астойдил ишлашарди. Иккаласи ҳам адабиётдан дарс беришгани учун уйимизда адабий муҳит ҳукмрон эди. Улар ўзлари қийинчиликда катта бўлишгани боис фарзандларининг бекаму кўст улғайиши учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилганлар.
Аям Мақсуда Шодмонова жуда камтарин, зеб-зийнатдан холи, илмли, хушмуомала аёл бўлганлар. Ишда ҳам, оилада ҳам ўз ўрнига, сўзига эга эдилар. Қизлар оилада, аввало, онасидан ўрнак олади. Волидамиз жуда саранжом-саришта эдилар. Агар биз эркалик қилиб, бирон юмушни бажармай қолган бўлсак, дадамиздан койиш эшитмасин деб, индамай ўзлари қилиб қўярдиларки, биз уялиб қолардик. Шу индамаслиги уриш ё сўкишдан ҳам қаттиқ жазо эди аслида.
Аям шаҳарда энг нуфузли бўлган 1-ўрта мактабда директор эдилар. Бу мактаб жуда кўп олимлар, санъаткорлар – таниқли инсонларга таълим-тарбия берган қутлуғ маскан ҳисобланади. Биз бошқа мактабда ўқирдик. Бориб қолсак, аямнинг шижоатларига, у ердаги тартиб-интизомга ҳавасим келарди. Буларнинг бари раҳбарнинг педагог сифатида қаттиққўллиги, кези келганда, меҳрибонлигининг ҳосиласи бўлган. Уйда бирон марта овозини баландлатиб гапирмасдилар. Бу дадамга ҳурматиданми десам, ишда ҳам ходимларига шундай чиройли гапирардиларки, бирон киши улардан хафа бўлмасди.
Ҳовлимиз катта боғ, айниқса, узум билан анор кўп эди. Ёрмозорликлар таърифи билан айтганда, Маҳмуджон аканинг ҳовлиси гўёки жаннатдек файзли эди. Куз пайти дадам қўлига кетмон олса, дарров ёнига кирардик. Оилада ўғил фарзанд бўлмагани учунми ёки тўнғич фарзандлигим боисми отамга елкадош бўлишни ўз бурчим, деб билардим. Гоҳида дадам пешонаси терини артиб, мингта ўғил болага алиштирмайман қизларимни, деб эркалаб қолардилар.
Хонадонимизда шеърлар ўқиларди, китоблар ҳақида суҳбатлар бўларди. Уйимизда катта кутубхона ҳам бўлган. Унда ўзбек ва жаҳон адабиётидан сара асарлар сақланган. Уларни ўқиб катта бўлганмиз. Онам нафақат ўқишимиз, балки, ёзувимизга ҳам аҳамият берардилар. Ҳуснихати жуда чиройли бўлган, бизни ҳам шунга ўргатардилар. Энди ўйласам, меҳрибоним ҳаммамизни оила ва жамият ҳаётига пухта тайёрлаган эканлар.
– Бугун ишингиз ўта масъулиятли. Неча йилдирки, юртимиз хотин-қизларининг орзу-армонларига эшсиз, ҳамфикрсиз. Сизга волидангиздан ўрганганларингиз нечоғлик ёрдам бераяпти?
– Бу ҳақда гапириш мен учун фахр. Чунки киши учун ота-онаси энг биринчи устоз, ўрнак бўладиган инсонлардир. Отам институтда дарс берардилар. Улардан камтарликни ўрганганмиз, онамдан эса фидойиликни. Фарғонада қаерга борсак, ҳатто чекка туманларга кирсак ҳозир ҳам Маҳмуджон домланинг, Шодмонова аянинг қизи келяпти, деб эҳтиром кўрсатишади. Бу уларнинг заҳматли меҳнатлари зое кетмагани, ҳали-ҳануз қадр топаётганидан дарак. Ҳаммамиз ўқидик, оиламиз тинч, эл-юрт корига камарбаста бўлишга интиляпмиз. Тошкентга ишга келган пайтларим бир теледастурда бошловчи мен билан суҳбат пайти: “Синчалак” асари қаҳрамони ҳам сиз каби аёл бўлса керак-да”, деган сўзларини эшитиб аям кўзларига ёш олган экан. Менга сим қоқиб: “Қизим, ҳалол меҳнат қилган одам элда азиз бўлади, Аллоҳнинг паноҳида бўлгин”, дегандилар. Биринчи набирам туғилганда онам оталарининг исми билан Саиджон деб атади. Бувимиз бизга қандай меҳр берган бўлса, аяжоним ҳам невараларига шундай бувилик мақомида ўтдилар. Ҳаёт бир марта берилади, аммо авлодлар суратию сийратида давом этаверар экан. Олти ёшли набирам Назокат аяжонимга жуда ўхшайди. Юриши, кулиши... Феъли, фазилатлари ҳам ўхшасин, деб дуо қиламан.
Олдимизга ёрдамга муҳтож инсон келса, каттами-кичикми ҳурмат кўрсатишни, уни тинглашни, имкон бўлса, қўллаб-қувватлашни онамдан олганмиз. Чунки одамлар билан жуда чиройли муносабатда бўлардилар, кирган давраларда улар ҳақида яхши гаплар, хотиралар қоларди. Бугун улар билан ишлаган ўқитувчилардан шундай илиқ фикрларни эшитиб яна ҳам хурсанд бўламан. Кези келганда онам саховатли аёл эди, дея оламан. Биз талаба бўлган пайтлар ўқиш эмас, қишлоқ хўжалиги ишлари биринчи ўринда турарди. Ерга чигит қадалгандан қор тушгунга қадар далада бўлганмиз. Гуруҳимиздаги талабаларнинг кўпчилиги узоқ вилоятлардан келган. Пахта терими пайти онам фарғоналик бўлганимиз учунми ўзини мезбон санаб, тез-тез хабар олгани борардилар. Сомса, қатлама, жиззали патирлар келган куни катта байрам қилардик. Катта тоғорада келган ошдан кўпчиликка улашардик. Ота-оналарини соғинган қизлар онамнинг ёнидан бери келмай ўтириб олишганини кўриб қизғанган пайтларим ҳам бўлган. Энди билсам, бу оддийгина йўқлов эмас, одамийликнинг энг гўзал кўриниши экан.
– Ҳозирда моддий ҳаётга интилишимиз, эҳтиёжимиз ўсган. Имкониятлар кенгайиб бораётгани сайин кўнглимиз торайиб бораётгандек. Шу маънода бугун жамиятимиздаги аёлларимизнинг айрим ножўя хатти-ҳаракати, ҳатто жиноятлари ҳаммамизни чуқур ўйга толдиради. Нима учун шундай бўляпти? Ёки биз қизларимизни яхши тарбиялай олмаяпмизми?
– Ҳа, бугун таҳликали вазиятлар, оғриқлар, кўп. Жаҳон майдонидаги ҳар кунги дилни хира қиладиган вазиятлар, урушлар ҳаммамизни ўйлантиради. Лекин шундай ҳолатда ҳам мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг сақланаётгани, одамларнинг яхши ва тинч яшаши таъминланаётгани алоҳида эътирофга лойиқдир.
Менга ишониб топширилган вазифани бугун кўнгилдагидек уддалаётганим замирида ҳам аслида униб-ўсган хонадонимдаги ижобий муҳит ётибди. Ҳозир хотин-қизларимиз учун жуда кўп имкониятлар яратилмоқда, она, аёлга енгиллик берувчи қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Илгари қўмита кичик бир бўлим сифатида ишлаган бўлса, бугун унда қанчадан-қанча опа-сингилларимиз самарали меҳнат қилишяпти.
Айни пайтда содир бўлаётган баъзи кўнгилсиз ҳодисаларнинг асл сабаби ҳам айрим хотин-қизларимизнинг илмсизлиги, сабрсизлиги ва тарбиядаги уқувсизлиги билан боғлиқ. Чунки ота-она маърифатсиз, жоҳил бўлса, улар ўз болаларига эзгуликни ўргатиши қийин. Ношукурлик, қаноатсизлик ҳам баъзи одамларни бемеҳр, бепарво қилиб қўйяпти. Шукурки, юртимизда бу бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Бугун олий таълим олиш учун хотин-қизлар учун қўшимча квоталар очиляпти, магистратура босқичида ўқиётганларнинг шартнома пуллари давлат томонидан тўлаб бериляпти. Бу ислоҳотларнинг негизида миллат оналарини юксалтиришдек улуғ мақсад бор.
– “Саодат” журнали бувиларимизнинг, оналаримизнинг, опа-сингилларимизнинг севимли нашри. Журналхонларга тилакларингизни эшитгимиз келяпти.
– Бу нашрнинг жамиятимизда ўзига хос ўрни, нуфузи бор. Болалигимда бувим раҳматлининг “Саодат” келибди, деган гапларини эслайман. Журналнинг янги сонини бутун маҳалладаги аёллар ўқиб чиқишарди, бизга ҳам ўқиб беришарди. Азалдан азизланиб келаётган журнал бу.
Зулфия опа, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева каби халқимизнинг севимли шоиралари бош бўлган бу журналнинг нуфузи ошди, ўқувчиларга бир-биридан ўткир мақолалар тақдим қилинди. Ойдин опа раҳбарлик қилган пайтда журналнинг катта бир тадбирида қатнашгандим. Ўшанда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон сингари улуғ адиблар журнал шаънига жуда яхши фикрлар айтганлари эсимда.
Бугун ҳам “Саодат” ўз номига муносиб яшамоқда. Қалам аҳлининг иши осон эмас. Биз таҳририятдаги опалардан доим кўп нарсаларни ўрганамиз, ҳозир ҳам улар билан биргамиз. Мен аёлларимизнинг ҳамиша бу нашрдан кўп сабоқлар олишини истайман.
Мақолани тайёрлашда яқиндан кўмак берган Мақсуда Шодмонованинг шогирдлари, ўқитувчи-педагоглар Эргашой Сайдивалиева ҳамда Ойдинхон Собировага самимий миннатдорлигимизни билдирамиз.
Наргиза Асадова суҳбатлашди.