Самога интилган қиз

 

Биринчи муқовада

Самога интилган қиз

   Нодира Тиллаева “Ўзбеккосмос” агентлиги қошидаги космик мониторинг ва геоахборот технологиялар маркази сунъий интеллект департаментида етакчи мутахассис.

 

     Ўнлаб халқаро лойиҳаларда иштирок этган, бир неча нуфузли танловлар ғолиби Нодира Тиллаева билан ҳаётимизда бир қадар янгилик бўлган соҳа ҳақида суҳбатлашдик. Нодира Тошкентдаги INHA университетида IT йўналишида таҳсил олган.

    Ҳозирда “Ўзбеккосмос” агентлиги қошидаги космик мониторинг ва геоахборот технологиялар маркази        Сунъий интеллект департаментида етакчи мутахассис сифатида фаолият олиб боради.

— Болалигимдан аниқ фанларга қизиққанман. Лицейда ўқиб юрган чоғимда Ўзбекистонда илк бор ўтказилган “Technovation girls” халқаро танловидаги иштироким келгусида айнан шу йўналишни танлаб олишимга асос бўлган. Бу танловда қатнашган жамоалар, атрофимиздаги турли муаммоларга технологиялар ёрдамида ечим излайди. Ўша йили жамоамиз билан ярим финалга қадар муваффақиятли иштирок этганмиз. IT бўйича илк билим ва тажрибаларим шу танлов доирасида яратилган “SOS — кнопка” иловасида ўз аксини топган эди. Бу илова хотин-қизларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, ҳакамлар томонидан юқори баҳоланган. Шунда англаб етдимки, технологиялар инсон ҳаётидаги қатор муаммоларни ечишга ёрдам бера олади. Фақат уни тўғри йўналтиришни билиш кифоя.

       Нодира ҳозир фаолият доирасини анча кенгайтирган: “Technovation girls” лойиҳасида 8 йилдан буён қатнашиб келади. Дастлаб иштирокчи, кейинчалик эса ментор даражасигача кўтарилди. Ўзи сингари соҳага қизиқиш билдирган қизларга ҳам йўл-йўриқлар кўрсатади. Айнан шу лойиҳа доирасида яратган “start-up”ни ўтган йили илк бор мамлакатимиз номидан “Google”, “Microsoft”, “Facebook” каби дунёнинг машҳур компаниялари штаб квартиралари жойлашган Кремний водийсида эксперт мутахассислар эътиборига ҳавола қилишга эришди. Ушбу лойиҳа “Social impact world”, яъни “Жамиятга фойда келтирувчи энг яхши лойиҳа” номинациясига лойиқ кўрилди.

— Маълумот учун қайд этиш керак, ҳар йили дунё бўйлаб “Technovation girls” танловига 2-3 мингта лойиҳа тақдим қилинади ва улар орасида фақат 5 та энг яхшиси Кремний водийсида тақдимот учун танлаб олинади. Бизнинг жамоа ана шундай нуфузли танловда АҚШ, Канада, Ҳиндистон ҳамда Бразилия мамлакатидан ташриф буюрган жамоалар билан бир қаторда иштирок этди, — дейди Нодира.

     Ёш дастурчи қиз 2023 йилда “Huawei” компаниясининг глобал ижтимоий таълим дастури “Seeds for the Future” амбассадори бўлди. Шунингдек, у Марказий Осиё бўйича ўтказилган “Tumaris.Tech — 2022” лойиҳаси ғолиблигини қўлга киритган.

     Ҳозирда IT йўналишидан ташқари Нодиранинг коинот, астрономия илмини ўрганишга, наносунъий йўлдошларни ихтиро қилиш, синаб кўриш, сунъий онг ёрдамида маълумотларни тўплаш каби ҳали чуқур ўрганилмаган соҳаларни татбиқ қилиб кўришга бўлган иштиёқи кучли. Бу борада келгусида изланиши, тажрибалар қилиши, йўналиши бўйича Японияда таҳсилни давом эттириши учун ҳозирдан пухта тайёргарлик кўрмоқда.

— Пандемиядан кейин дунё тубдан ўзгарди, бизнесни олиб бориш ва хизмат кўрсатиш янги босқичга кўтарилди. Глобал тармоқ — интернет, ахборот технологиялари, сунъий интеллектнинг инсониятга нечоғли зарурий восита, коммуникатив алоқа экани яна бир карра исботланди. Демак, ҳамма, айниқса, қизларимиз уйда ўтирган ҳолда янги касбларни ўрганиши, илм олиши, ўз устида изланиши ва яхшигина даромад топиши мумкин. Бугун илм истаб минглаб километр кезиш шарт эмас. Ахборот технологиялари соҳаси шулар жумласидан. Бу хотин-қизларимиз учун айни имконият. Имкониятни эса қўлдан бой бериш эмас, ундан фойдаланиш керак, — дея фикрини якунлайди Нодира.

 

Дилдора Атажанова

“Dalatech system” масъулияти чекланган жамиятининг таъсисчиларидан бири.

 

      Навбатдаги суҳбатдошимиз Малайзиянинг Осиё — Тинч океани университети робототехника факультети 2-босқич талабаси Дилдора Атажанова бўлди. У иш фаолиятини 2018 йилда “Teodora goods” масъулияти чекланган жамиятни ташкил этишдан бошлаган. Мазкур жамият асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш билан шуғулланади.

       Ёш тадбиркор 2019 йилда Ўзбекистон тарихида биринчи бўлиб Европа Иттифоқи, хусусан, Франция давлатига ўн икки тонна ҳажмида анор мевасини етказиб берди. 2018-2019 йиллар мобайнида жами 500 минг АҚШ доллари миқдорида хорижга қуруқ ва ҳўл мева, сабзавотларни экспорт қилишга эришди. Бу борадаги ютуқлари учун у Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Таҳсин” мукофоти билан тақдирланди. 

— Фаолиятим давомида, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш жараёнида бир қатор муаммоларга дуч келдим. Маҳсулотларни зарар етказмасдан йиғиб-териш, қадоқлаш, белгиланган шароитда сақлаш ҳамда уни безиён ўз харидорига етказиш — барчаси масъулиятли иш ва мураккаб жараён. Бу борада таклифларимни мутасадди ташкилотларга ёзма, оғзаки шаклда етказиб бораман. Айниқса, соҳага рақамли технологияларни жадал интеграция қилиш лозим. Бу орқали кутилиши, юз бериши мумкин бўлган ўнлаб муаммолар, йўқотишларнинг олдини олиш мумкин, — дейди у.

     Дилдора “Dalatech system” масъулияти чекланган жамиятининг таъсисчиларидан бири сифатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, йиғиб-териш, сақлаш ва экспорт қилиш жараёнлари билан шуғулланувчи халқаро рақамли платформани яратишга муваффақ бўлди. Ўтган йилнинг август-ноябрь ойлари давомида нуфузли халқаро “start-up” жараёнини ўргатувчи ва амалий ёрдам берувчи “Google For Startups” ўқув дастури курсларида таҳсил олиб қайтди.

— Бу йўналишга тенгдошларимни кўпроқ жалб этиш ниятидаман. Чунки улар янги технологияларни тез ўзлаштиради. Бизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига мўлжалланган рақамли платформа фаолиятида уларнинг сони кўп бўлишини, таклифларини жараёнда синаб кўришни истардим, — дейди ёш экспортчи.

Ахборот технологиялари, дастурчилик хотин-қизлар учун ҳали янги бўлишига қарамай қулай ва сердаромад соҳа. Дастурчи қизларимизнинг қобилияти, билими, шубҳасиз, IT ривожига муносиб ҳисса қўшади.

Наргиза ЮНУСОВА

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар