Бугуннинг нафаси
ҚЎНҒИРОТНИНГ илғор қизи
Юртимиз тараққиётига катта ҳисса қўшаётган хотин-қизларимиз билан танишиб, суҳбатлашсанг, дилинг ёришади. Қўнғирот туманида туғилиб вояга етган Дилноз Абдуллаева замон билан ҳамнафас қадам ташлаётганлар сафига қўшилди. Бу йўлда уни келин бўлиб тушган хонадони қўллаб-қувватлади.
– Болалигимдан кичкинтойларни яхши кўрганман. Онам Ўринбика туманимиздаги мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи бўлиб ишларди. Уларнинг олдига тез-тез бориб турардим. Кичкинтойлар билан ўйнасам, болалигимга қайтиб қолардим, – дея фаолиятининг аввалидан сўз бошлади суҳбатдошим. – Тадбиркорлигимизни 2018 йилда банкдан кредит олиб, турмуш ўртоғим Азамат Тажимуратов билан “Wunderkinds in kungrad” нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилишдан бошлаганмиз. Дастлабки пайтларда шароитлар у қадар яхши эмас эди. Президентимиз Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида айнан бизнинг мактабгача таълим ташкилотига ҳам қадам ранжида қилди. Берган тавсия ва таклифлари фаолиятимизни тубдан ўзгартириб юборди. 2019 йилда оилавий МТТни ишга туширдик, унда 50 нафардан ортиқ тарбияланувчи бор. Эҳтиёжга қараб кейинчалик яна бир оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйдик. Ҳозир шароитларимиз аъло даражада. 150 нафар тарбияланувчи, 24 нафар мутахассис кадрларимиз бор. Бир пайтлар болалар боғчалари оналар ишда пайтида фарзандларининг қорнини тўқлаб, вақтида ухлатиб, зериктирмай ўтирадиган маскан эди. Ҳозир у узлуксиз таълимнинг биринчи босқичига айланган. Инглиз, рус тили, мусиқа, жисмоний тарбия машғулотлари болажонларни ҳам маънавий, ҳам жисмоний камолга етказиш воситалари. Давлатимиз томонидан тарбия масканларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, тарбиячиларнинг маошлари оширилмоқда ва албатта, таълим ташкилотларига талаб ҳам ортиб бормоқда. Мақсадим “Қўнғирот” деб аталган қадим овулимиздаги таълим ташкилотини шаҳарларникидан кам қилмаслик ва яна кенгайтириш орқали болажонларимизга сифатли тарбия бериш. Бундан ташқари, 2023 йилда “Дилноз нон” номли цехни ишга туширдик. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан тарбияланаётган болаларимиз ва овулимиз аҳолиси баҳраманд бўлмоқда. Ҳаракат ва мақсад бор жойда ривожланиш бўларкан. Оддийгина қишлоқ аёлидан тадбиркорга айландим. Юртимизда тадбиркорлик соҳаси йилдан-йилга такомиллашиб, ривожланиб бормоқда. Бу жараёнга озми-кўпми ҳиссамиз қўшилаётганидан мамнунман, албатта, – дейди суҳбатдошимиз.
Бахт калити – меҳнатда дейилганидек, Дилноз Абдуллаева “Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли” номинацияси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 1-ўринни эгаллаб, Тошкентда бўлиб ўтган якуний босқичда муносиб иштирок этди. Меҳнатлари давлатимиз томонидан эътироф этилиб, 2019 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. У замонавий шароитларда вояга етаётган тарбияланувчиларнинг келажаги ҳақида хаёл суришни яхши кўради. Ахир, улар ҳозирдан ақлли, нигоҳлари тийрак. Демак, эртага уларнинг ақлу заковати элу юртга, шу жумладан, мана шу қадрдон овулига ҳам яхшилик билан хизмат қилади. Боғча опага, яъни Дилноз Абдуллаевага ана шу ишонч қанот беради, ҳамиша олға юришга ундайди.
Фотима АБДУРАИМОВА