Долзарб мавзу
ҲАР НЕЪМАТНИНГ УЛЧОВИ БОР
Юртнинг бир ижодкор қизи сифатида йил бошида гулдан гапирсам, нурдан ёзсам бўларди. Йўқ, мен СУВ ҳақида сўзлагим келди. Мендан аввал ҳам кўп алломалар, олим ва мутахассислар, устоз адиблар бу мавзуда жон куйдириб гапирган, ёзган. Элнинг тили учига келиб турган зарур гапни қанча кўп одам айтиб, ёзса, фойдага ишлайди. Шунинг учун кўнглимда тўр бойлаганларини қоғозга туширишни истадим. Давлатимиз раҳбарининг 4 январь куни сувдан самарали фойдаланиш борасида ўтказган йиғилишида муҳокама қилинган масалалар ҳам шунга ундади.
Эл орасида сув билан боғлиқ ажойиб ҳикматлар, ҳеч бир миллатда учрамайдиган қадим қадриятлар бор. Ёши бир жойга бориб қолган кексалар ортга боққанда “Умр – оқар сувдек ўтди, кетди”, дея ўксиниб қўйишади. Омади, мансаби қўлдан кетиб ғамбода ўтирган инсонни: “Оққан дарё оқмай қолмас”, дея яхши кунлар келишига умидлантирадилар. Эл таниган бирор машҳур инсонга яқинлигини билдириш мақсадида “Бир ариқдан сув ичганмиз”, дея ғурурланиш одатимиз бор. Хуллас, сув – ҳаёт манбаи эканлиги ҳақидаги ибратли гапларни халқимиз орасида яшаб келаётган қадриятлар қаторида санасак ҳам ноўрин бўлмайди. Чунки аждодларимиз фақат айтиб қолмай, бу сўзларига амал ҳам қилган. Бир уй меҳмон қўлини ювиши учун бир човгум илиқ сув етарли бўлган. Қўл ювса, сувсираб турган гул кўчати устига ювган.
Бола эдим, онамга эргашиб далага борардим. Онам, беланчаги нобоп бўлиб қолганидан, ухлаб қолган гўдаги учун ерга жой ҳозирламоқчи бўлиб турган аёлнинг қўлидан боласини олиб, укамнинг беланчагига ётқизди. “Укам қатта ётади?” дея хавотирга тушдим. “Беланчак кенг, иккаласиям бемалол сиғади. Дала жойда болани ерга ётқизиб бўлмайди-да”, – деди онам очиқ чеҳра билан. Тушга яқин боғча хола: “Қизим, сув ташийдиган бола бугун ишга келмабди, қумғонга сув қуйиб берсам, онанг ишлаётган пайкалга олиб борасанми?” – деди елкамга қоқиб. Бири юпанса, бири йиғлаётган болаларни овутишдан тўйиб турганим учун жон, деб рози бўлдим. Кун иссиғида чопиқ қилиб чанқаб, ҳоли қуриб қолган аёллар мени кўриб суюниб бир жойга жам бўлишди. Пиёлага сув қуйиб дастлаб онамга узатдим. Бир пиёла сув қўлдан-қўлга ўтиб, охирида ўтирган, сочларига оқ оралаган аёлгача етиб борди. Шукрона келтириб ташналигини қондирган аёл, пиёла тагида қолган бир ҳўплам сувни ғўза кўчати тагига қуйди. Бошқа аёлларда ҳам шу ҳол такрорланди. Тупроқ кечиб, қийналиб кўтариб келган сувни ҳайф қилиб ғўза тагига қуйишлари ғашимни келтирди, шекилли, онамга: “Бу хотинлар сувни нега охиригача ичмай, ғўза тагига қуйишди?” – дедим.
— Қизим, ғўзаниям жони бор. Ерга чигит қадалганидан бери уни боладек авайлаб бегона ўтдан, ёмғиру дўлдан сақлаб парвариш қиламиз. Мен ўзим ичган сувдан сенга илиндим. Улар чанқаб, тебраниб турган ғўзаболаларга илинди, — деди жилмайиб.
Сув ҳақида ўйласам, ўша манзара бот-бот кўз ўнгимда жонланади. Чунки бугун сув масаласи хонадонларимиздаги оддий гап-сўзлардан давлат сиёсати даражасигача кўтарилди.
Давлатимиз раҳбари Мустақиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида экология масаласига ҳам тўхталди.
“Бугун бизнинг олдимизда турган яна бир муҳим масала – экологик муаммолар ва сув танқислигидир. Тарозининг бир палласида ўсиб бораётган қурилишлар, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги турган бўлса, иккинчи палласида ҳар биримиз учун энг зарур бўлган сувни тежаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи турибди.
Бизнинг вазифамиз – ҳар икки йўналишда ҳам мувозанатни сақлашдан иборат. Ҳеч қачон унутмаслигимиз лозимки, табиий ресурслар – бу келажак авлодларимизга ҳам тегишли бўлган бойликдир. Шу боис улардан нафақат бугунги, балки, эртанги кунимизни ҳам ўйлаб, оқилона фойдаланишимиз зарур. Бу борада сувни, энергия ва бошқа табиий ресурсларни тежайдиган иқтисодиётга тезроқ ўтиш муҳим аҳамиятга эга”, – дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, сувнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Мутахассислар маълумотига кўра, сув сайёрамиз ҳудудининг 70 фоизини қоплайди. Ушбу миқдорнинг атиги 3 фоизи чучук сув, яъни ичиш учун яроқли. Юрак саломатлиги учун етарли миқдорда сув зарур. Кузатишлар кунига олти стакан сув ичган одамнинг юраги сувни кам истеъмол қилган одамга нисбатан анча соғлом бўлишини далиллайди.
Сув тана учун кислороддан кейинги энг зарур модда ҳисобланади. Шукур, ариқларда зилол сувлар оқиб турган, ҳар меваси сувга қониб, қуёш тафтидан ёниб, шира бойлайдиган улуғ неъматлар билан сийланган юртда яшаймиз.
Дунёда бир миллиарддан ортиқ киши тоза сув ичиш имкониятига эга эмас. Тупроғида гиёҳ унмайдиган, бир марта тўйиб сув ичиш орзусида тер тўкаётган одамлар бор.
Ҳар бир қитъанинг ифлосланишлар сабаб умуман фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолган “ўлик” дарёлари бор. Аслида дарёлар ўз-ўзидан “ўликлар” сафига кириб қолмайди. Ер юзига ҳаёт бахш этаётган дарёларни ўлдираётган ҳам одамлар. Чиқиндилар билан тўлдираётганлар ҳам тирикликнинг энг олий мавжудоти ҳисобланадиган одамлар. Кузатиб юраман, баъзан изтиробга тушаман. Саратон иссиғида сув бўйларига роҳат излаб борганлар ўзларидан шундай из қолдирадики, бу хатолар дарё суви ювса кетмайди, одамла-а-а-а-р, деб жар солгинг келади.
Андижоннинг Марҳамат туманидаги Марҳамат қишлоғида туғилганман. Ота ҳовлимизда катта ҳовуз бўларди. Ҳовуз четида бир туп улкан садақайрағоч гуркираб, сояси атрофига салқинлик берарди. Энам раҳматли супада ўтириб тикиш-бичиш қилгани учун ҳовлимиздан одам узилмасди. Катта маҳаллада атиги икки-уч хонадонда ҳовуз бўлгани боис ҳамма челак кўтариб бизникига келарди. Маталларда айтилганидек, ҳовузнинг қопқоғи йўқ эди, аммо суви жуда тоза сақланарди. Сувга чиққан қўшни аёлга энамнинг айтган гаплари ҳамон ёдим қатларидан акс садо беради: “Келин, сигир соғадиган идишни кўчага кўтариб чиқманг. Ҳовуздан ботириб сув олиш учун алоҳида пақир олинглар. Тозалаб ювиб, сўритокка илмоқ қилиб илиб қўйинг. Қачон ариққа сув келса тўлдириб қўямиз, ҳовузнинг суви яримласа, маҳалладагилар қаерга сув истаб боради, деб жонимиз ҳалак бўлади".
Бу шунчаки гап эмас. Табиатнинг бу бебаҳо неъматига ҳурмат, қадр бор бу гапларда. Келин бўлиб тушган хонадонимда ҳам катта ҳовуз ва шундай анъаналар бор экан. Беш-олти йил яшагач, бир-икки маҳалла нарига янги иморат тиклаб кўчиб ўтдик. Ана шунда сув қийинчиликлари бошланди. Ахборотлар кучайган даврга келиб бир кишига йил давомида 60 тонна сув керак бўлади, деган фактларга кўзим тушгач, ўша кунлар ёди юракни тимдалай бошлайди. 1 килограмм картошкани етиштириш учун 100 литр, 1 килограмм гуруч олиш учун – 4000 литр сув сарфланармиш.
Биз ўша даврларда Яратгандан ёмғир сўрардик. Ора-сира кўчадаги ариқларга сув келиб қолса, маҳаллада байрам бўларди. Умр йўлдошим уддабурон одам бўлгани учун томдаги қорлар эриса ёки ёмғир ёққанида тарновдан тушадиган сув учун махсус (бетондан) сув сақлагич қуриб берган, қишу баҳор ўша бетон ҳовузчамизда сув тўпланарди. Қурғоқчилик бошланиши билан “бир челак беринг”, деб эшик қоққанлар сони ортгандан-ортарди.
Ҳар неъмат исроф қилинса, албатта, уволи ҳам, заволи ҳам бўларкан. Болалик пайтимизда кўчамиздаги ариқда зилол сув оқиб турарди. Бир куни анҳор бўйида юз-қўлимни ювиб ўтирсам маҳалламизда яшайдиган нуроний амаки: “Қизим, шундай оқил инсонларнинг боласи бўлатуриб беақлнинг ишини қиляпсанми, ахир ариқдаги сувдан одамлар ичади-ку”, – деб койиган эди. Мен индамай уйга кириб кетдим. Хаёлимда: “Ўзимизнинг кўча, ўзимизнинг ариқдан оққан сувга нега хўжайинлик қилади?” деб ғашим келган. Онам ҳам доим: “Ариқдаги сувга ахлат супурма, чойнак-пиёлани бир човгум сув олиб кириб уйда юв, супургини оқаётган сувда чайма”, деб кўп насиҳат қиларди. Барибир ўз билганимдан қолмасдим. Рўзғор бошимга тушиб сув танқислиги нима эканлигини билган кунларда ўғлим: “Аяжон, кўча бошидаги Маъруф амаки бор-ку, ўшанинг ўрдаклари ариқнинг ичида сузиб юрибди, биз шу сувни ичамизми?” деб қолди. Кўнглимга ғашлик чўкди. Ўша одамнинг ёнига бориб: “Нега бундай қиласиз? Маҳаллада ҳамма шу ариқдаги сувдан фойдаланса, кўча бошида яшаб туриб сувни булғасангиз яхши эмас-ку”, дедим. У киши эса: “Сув етти юмаласа ҳалол бўлади. Эшигим олдидан оққан сувга ўзим эгаман, ишинг бўлмасин”, деган. Жаҳлдан вужудим титраб қайтар эканман, қайтар дунё, деган нақл ёдимга тушди.
Ёз ойларида бир маҳаллага йўлим тушди. Кўпчилик гилам ювар, кўча ўртасига ташланган гилам устида ичимлик суви оқиб ётарди. Ўша кўчадаги маҳалла кайвонисига сув исроф бўлаётгани, бу борада маҳалла аҳли билан келишиб олиш зарурлигини айтдим. Қайтишимда бир аёл рўпарамга чиқди. “Сув ишлатиш учун яратилган, пулини тўлаб ҳалоллаб ишлатяпмиз, аралашманг”, деди. Эҳтимол, бундай фикрда яшаётган биргина шу аёлмасдир. Агар шундай бўлса, улар эътиборига мана бу маълумотларни ҳавола қилган бўлардим:
Инсон очликка бир-икки ҳафта чидаши мумкин, аммо ташналикка уч кунгина бардош бера олади, холос. Дунёда тахминан 500 миллион киши сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда яшайди. Дунё ресурслари институти тахминларига кўра, 2040 йилга келиб жаҳоннинг 33 давлати сувнинг ўта даражада танқислиги муаммоси билан тўқнашади. Булар орасида Марказий Осиё давлатларининг барчаси, яъни Ўзбекистон ҳам бор.
Қон босими кўтарилган беморга ҳам, аввало, бир пиёла сув тутилади. Ҳалокат ёки фожиадан даҳшатга тушган одамга сув ичириб, юзига муздек сув сепилади, юраги безовта бўлиб, жони ҳалқумига келган пайтда ҳам сув жонига малҳам бўлади. Шундай пайтда ўша бир пиёла сув топилмай қолса-чи, тополмай қолсак-чи?
Телеканалларда кун бўйи такрор-такрор намойиш этилаётган дори-дармонлар рекламасидан томошабин безор бўлгани бор гап. Шулар орасида сувни тежаб ишлатиш, исроф қилмаслик ҳақида турли роликлар яратилса, бир кўрганда эътиборга олмаса, икки-уч кўрганда кўнгилларга ўрнаша боради-ку! Юз-қўлини юваётган болага онаси бир идишда сув қуйиб турса, тишини ювмоқчи бўлган қизалоқ бир стакан сув билан ораста бўлиб жилмайиб чиқса, буни такрор-такрор кўрган болаларимиз ўрганмасмиди?
Байрам кунлари хорижий мамлакатларнинг биридаги мактаб ўқувчилари ҳақидаги фильм намойиш этилди. Ўша мактабда (эҳтимол ҳаммасида) ҳафтанинг бир кунида “Кўклам” дарси соати бўларкан. Ўқитувчи дала кенгликларига болаларни олиб бориб, уларнинг қўлига теша, куракчалар берди. Ер қандай чопилиши, қандай уруғ қадалиши, ҳатто лой ичидаги чувалчанглар ҳақида батафсил сабоқ берди. Болажонларнинг сумкачасида ҳар хил меваларнинг данаклари, уруғлари бор эди. Лойли тупроқдан шарчалар ясаб, унинг ичига мева данакларини жойлаган болалар уларни ўзлари истаган томонларга ота бошлашди. Ўқитувчи, “Кейинги дарсда унган ниҳолларни парвариш қила бошлаймиз”, деди. Ҳамма жой кўм-кўк эди.
Тўғри, бизда, айниқса, шаҳарларда ундай дала-туз, кенгликлар кўп эмасдир, аммо боғча ва мактабларда “Табиат ва биз” дарслари мунтазам ўқитилса, болаларимиз юрагида табиатга меҳр уйғонармиди? Ҳеч бўлмаганда катталар барпо этаётган “яшил майдон”ни топтаб кетмаслик кераклигини ўрганишармиди? Кўчаларда, жўмраги носоз кранлардан оқиб ётган сувни кўрса, жони ачийдиган бўлармиди? Арзимаган пулни “аппарат оғзига” қистириб юз литр сув билан машинасини юваётганларга, музлаб қолмасин учун водопровод жўмрагидан милдиратиб сув оқизиб қўяётганларга сувнинг қадр-қиммати нечоғлик баландлигини кўрсатиб қўядиган ҳужжатли фильмлар яратилса, қандай яхши бўларди.
Ахир, ўзбек деган миллатнинг умри заҳматлар орасида ўтди-ку. Ҳазрати Навоий Фарҳод тимсолида фақат эр йигитнинг матонатини кўрсатиш учун сувни тасодифан восита қилмагани аниқ. Бу билан “Сув келтирган азиз” нақлининг умри беш-олти асрга тенг эканлигини уқамиз.
Халқимиз тарихида, босиб ўтган йўлларида сув учун курашлар кўп бўлган. Катта Фарғона канали қурилган пайтда 170 минг киши тер тўккани, 45 кунда 160 километрли улкан канал қазилганини фахр билан тилга оламиз. Бобом раҳматли ўша кунлар ҳақида сўз очганда кўзлари ёниб, ғурурланиб ҳикоя қиларди:
— 1939 йилнинг биринчи августи эди. Жуда катта байрам бўлган. Карнай-сурнайлар чалинган, дошқозонларнинг ошлари тортилган. Кетмон, белкуракни елкага ортиб, ҳаммамиз меҳнатга бел боғлаганмиз. Кимлардир темир устунлари бўлмаса, қирғоғи бетон қилинмаса катта сув оқса, нураб кетади, уриб кетади деб ишни тўхтатмоқчи бўлган. Аммо халқ бир муштга айланиб, ер қазишга тушди. Хотин-қизлар ҳам кўнгилли бўлиб меҳнат қилди. Тупроқ ортилган қопларни тортиб тепаликка олиб чиқиш қийин бўлганидан аёллар пақирларга солиб тупроқ таширди. Ҳеч ким томошабин бўлмаган. Силласи қуриб, кесакка қоқилиб ерга йиқилганлар ҳам бўлган. Шоирлар бориб шеър ўқиди, санъаткорлар қўшиқ айтиб, рақс тушиб толиққан вужудларга ҳаловат берди. Кетмонлаб канал қазидик, юртга сув келтиришда эл бир бутун халққа айланди, болам. Сувларга сероб бўлдик...
Ҳа, азизлар. Сувларга сероб бўлдик. Ерга бир ҳовуч уруғ ташласак бир қоп дон оламиз. Лекин бир қарашда беҳисоб кўринган ҳар неъматнинг ўлчови борлигини ҳамиша ёдимизда тутганимиз яхши.
Майли, дарёларимиз, булоқ, сойларимиз, шаршараларимиз қувончли, яхши кунларимизга ярасин. Лекин ўша буюк неъматларда фарзандларимиз, уларнинг зурриётларининг ҳам ҳақи борлигини унутмайлик.
Мунаввара УСМОНОВА