Қорли лаҳзалар тафти

 Яхшилар ёди


Қорли лаҳзалар тафти


     Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, ҳақиқат куйчиси, жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг 79 ёшли синглиси Зулфия ая Орипова билан суҳбатимиз шоирнинг болалиги, ҳаёти ва волидаси ҳақида кечди.

– Зулфия ая, сиз эл севган шоирнинг синглиси, у билан бир оилада камолга етган фарзанд сифатида бахтли инсонсиз. Яна бир ҳақиқат шуки, буюк инсонларнинг  камолотида уларнинг оналарининг хизмати беқиёс. Шу ўринда волидангиз билан боғлиқ хотираларни ёдга олсак...

– Кўп фарзандли оилада улғайдик. Биз бола бўлган даврларда бугунгидек шароитлар бўлмаган. Битта керосинли тошфонар бўларди, онам уни дарс қилганимизда ёруғлик тушиб турсин учун уйнинг қоқ ўртасига илиб қўярди. Яна хонтахта ўрнида сандалимиз бор эди, биз шу сандал атрофида жам бўлиб, дарс қилардик. Онам эса чироқ ёруғида тикиш тикарди. Абдулла акам математика фанини адабиёт фанидай яхши биларди, дарс қилишимизга ёрдамлашарди. Расм чизиб ўтирсам, онам танбеҳ бериб: “Ўқи, ўқишдан фойда. Расм билан вақтингни ўтказма”, дердилар. Тикиш қил, ямоқ яма, демасди.

     Уйимизда уч қаторли турли китоблар билан тўла жавон бўларди. Мен у ердан “Гулливернинг саёҳатлари”ни олиб ўқирдим, акаларим адабиёт, тарихга оид китобларни мутолаа қилишарди. Китоб ўқишда ҳикмат кўплигини ўшанда англаганман. Акаларимизнинг бири Самарқандда, яна бири Бухорода, Абдулла акам пойтахтда ўқиди. Иқтидорли эди. Кўп шеър ёд биларди ва шеърлар айтиб юрарди. Акамнинг менга меҳри бўлакча эди. Қаерга борса, ўзи билан олиб борарди. Онам  ўғилларига алоҳида меҳр кўрсатарди. Улар бирон ерга кетса, бош кийимларини сандиққа авайлаб солиб қўярди. “Оёқ остида турмасин, келганида кияди”, дерди. Акаларимнинг табиати ҳар хил эди. Бири гўштни, биттаси ширгурунчни, бошқаси қовурилган тухумни яхши кўрарди. Онам шуларнинг инжиқликларини кўтарарди. Бошқа таом егиси келган фарзанди учун иккинчи ўчоққа ўт қалаб, овқат пиширган пайтлари ҳам кўп бўларди. Ҳеч қачон уришмаган, қарғамаган. Буларнинг бари фарзандларини яхши кўрганидан.

– Онангиздан қайси фазилатлар сизга кўчган?

– Меҳмондўстлиги ва меҳрибонлиги. Болаларимга нимадир бўлса, ҳаловатимни йўқотаман. Акаларимда бир безовталик бўлса, жойимда ўтиролмайман. Ҳозир акаларимнинг болалари бор. Мен уларга, улар менга интилади. “Момомиз, онамиз, отамиз ўтиб кетишди. Отамнинг қони бор сизда. Келинг, биз билан яшанг, амма”, дейишади. Биздаги жигарчилик, меҳр-оқибат фазилатлари онамдан ўтган бўлса керак, деб ўйлайман.

– Волидангизнинг ўгитларини эслай оласизми?

– Ўзганинг ҳақига хиёнат қилмаслик кераклигини бизга кўп уқтирганлар. Онам  бу ёруғ оламни тарк этганда 54 ёшда эди. Бетоб бўлиб ётганларида менга шундай деганди: "Мени эслаганда, пулсиз бозорим дегин, сувсиз гулзорим дегин, болам".  Ўшанда бу гаплар мағзини чақмаган эдим. Пулсиз бозорим дегани – онам менинг камимни пулсиз тўлдиргани, нимагаки эҳтиёжим бўлса, уни пулсиз бажарганига ишора экан. Сувсиз гулзорим  дегани – онамнинг ўгити билан сувдан қуруқликда юрган каби беташвиш ўта оламан. Онамнинг шу гаплари бир умр хотирамда муҳрланиб қолди. Онамнинг бирон марта “ўл” деган сўзини эшитмаганман. Ака-укалар олишиб, уришсак ҳам муаммоларимизни оқиллик билан ҳал этарди. Урмасди, беҳуда жаҳл қилмасди. Бизни алқаб яшади жаннатим.

     Бир куни ота-онам сингилларимга қор куратди. Шунда улар аччиқланиб: “Бу бизнинг ишимиз эмас-ку, ўғилларингизга куратсангиз бўлмайдими?” дея эътироз қилишган. Онам ўғиллар тўрт ёқда ўқиётганлигини, кун келиб олим бўлишини айтиб, сингилларимга ишдан чалғимасликка ундаган. Акаларим эса фақат таътил пайтида келишарди, улар билан дийдорлашиш учун бутун қишлоқ кўчиб келарди уйимизга. Кўпинча ўзи билан ёзувчи Шукур Холмирзаев, хоразмлик журналист Солижон Қодиров ва яна санъаткор дўстларини олиб келарди. Меҳмонлар ҳафталаб қолиб кетарди. Ота-онам меҳмонларни яхши кўришарди. Кимдир бизни йўқлаб келса, жонини берарди.

     Эсимда, кимдир етти  яшар боласини  кўчага ташлаб кетибди. Ота-онам шу болага меҳр берди. Боқди, катта қилди. Ўқитди, уйлантирди. Болалар уйидан қочган бошқа бир болани ҳам боқиб олишди. Онам шуларни оқ ювиб, оқ таради. Бегона демади. Ҳовлимиз тўла одам бўларди, шунча кишига тандир-тандир нон ёпган онам миннатни билмасди.  Жуда заҳматкаш, иродали аёл эди. 

     Отам тўқсондан ошиб вафот этди. Умрида дори ичмаган, оғир бўлиб ётиб қолмаган. Дам олиш жойларига бормаган. Касал бўлмай, олма арчиб ўтирган жойида омонатини топширди.

– Акангизни эслаганда, кўнглингиздан қандай кечинмалар ўтади?

– Акамни кўп эслайман. Баъзан тушларимга киради. Китобларини ўқиб ўтирсам, қўлини елкамга қўйгандек туюлаверади. Кўзларимга беихтиёр ёш қуюлиб келади. Болалигим, ундан кейинги ҳаёт бир-бир кўз олдимдан ўтаверади. Ўша қайтиб келмас лаҳзалар, йиллар алами юрагимни ўртайверади.

     Қайсидир куни Абдулла акам яна тушимга кирибди. Гап йўқ, сўз йўқ, шундоқ қараб турибди. Бошида узун қалпоқ, нигоҳлари хотиржам. Ҳақларига  Қуръон оятларидан  тиловат қилдим. Уни тушимда кўрганим ҳам соғинчимга сув сепади. Ўлим ҳақ, қўлимиздан нимаям келарди? Умр оқар сув каби ўтяпти. Чунки ўзим ҳам қаридим. Менга яқинларимдан яхши хотиралар қолди, холос. Акамнинг шеърлари эса қалбимга ҳаловат бағишлайди...


Мадинабону Муҳаммадризоева


     ТАҲРИРИЯТДАН: Мадинабону 2001 йил  Қашқадарё вилояти Косон туманида туғилган. Унинг ижодий ишлари бир қанча  халқаро газета ва журналларда эълон қилинган. 2023 йилда ўтказилган “Зомин” семинарининг Республика босқичи совриндори. Ёш ижодкорнинг камтарлиги, тиришқоқлиги, ўз устида ишлаши, ижод завқи билан яшаши унинг умидли ижодкор ёшлардан эканлигини исботлайди. Истеъдодли қизимизнинг шоир, таржимон сифатида адабиёт оламида собитқадамлик билан қалам тебратиб, парвози юксак бўлишига ишонамиз.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар