МОМО ЕР

МОМО ЕР

Шамолларнинг шокиласи дарахтларнинг бўйнидадир,
Тоғлар тошин дил изҳори ирмоқларнинг ўйнидадир,
Ошиқ булбул сир, хандаси ғунчаларнинг қўйнидадир,
Айтар сўзим сувратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

Майсаларинг шивирлашди, тизлар чўкдим, қулоқ бердим,
Билмай босиб чумолини, гуноҳимга сўроқ бердим,
Ватан не деб сўрганларга бир кафтгина тупроқ бердим,
Менга Ватан сийратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

Турналарнинг туморлари Яратганнинг ўзидадир,
Кимки поклик ахтарибдур – ҳалол топган тузидадир,
Гар гуноҳи, савоби бор бандасининг изидадир,
Покдомонлик журъатини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

Қуёш кўкда сен деб яшар, ой бошингда ўргилади,
Кўрдим ҳар тун минг-минг юлдуз этагингга нур элади,
Чимдимгина лойинг билан қалдирғоч бешик белади,
Бу дунёнинг ҳайратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

Сенда унган ҳар бир гиёҳ Яратганга сано айтар,
Кўкка етган тераклар ҳам куни битса, сенга қайтар,
Муҳаммадга уммат Маҳмуд кафти куйиб дуо айтар,
Ошиқликнинг қудратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар