Таниқли шоир, "Дўстлик" ордени соҳиби Турсун Алининг "Зангори овоза", "Ёруғ кунлар", "Тун товуши", "Сокин ҳайқириқ" каби ўнлаб шеърий китоблари чоп этилган. У китобдан китобга ўтар экан, шеърларида услубий изланишлар- нинг янгидан-янги қирраларини намоён этади.
Турсун АЛИ
УЧ ОҚШОМ СУҲБАТИ
1
Ёз.
Оқшом.
Гўё муз опичлаб эсар Зомин шамоли.
Сен негадир паришон,
Кўз тикасан,
Тобора қорая бошлаган қояларга.
Нени излайсан?
Нени кўзлайсан?
Билмадим мен.
Юлдузлари анор доналаридек қип-қизил
осмон остида танишдек.
Юртим олис-олисларда дединг
синиқ сукунатдек.
Йўл бўлса
Поёнсиз қум, саҳро,
Овоз берсанг йўқликка сингади садо.
Туялар карвонидек барханлар ҳансирар.
Юрасан-ку, йўл юрмайди.
Манзил эса Сомон йўлидек узун.
Юракка бахш этар ғаройиб фусун.
Туғилган еримни севаман ғоят,
Ҳар қаричига қиламан ибодат.
Қарич-қаричида мавж урар қоним.
Ўғлим, қизим эрур жоним.
Кўзида, юзида
Кўраман порлоқ юлдузимни,
Ва зарафшон кундузимни.
Севаман ёримни,
Ота-онам эса бир Ватан –
севаман ҳаммадан кўпроқ...
Сенинг ёниқ
Кўлдан-да тиниқ
Кўзларингга тикилиб, наҳот, севиб қолдим,
Азизам!..
2
Учрашдик тоғлар хира парда тортганда,
Руҳимиз қоялардан-да юксак.
Сен дединг:
– Бу ерларга тез қўнаркан шом.
Ҳозир осмон узра киприк қоқарди қуёш.
Ҳозир тоғ бошида – парқу булутлар орасида эдим.
Ҳамроҳим,
Сафдошим кексайган арчалар эди.
Пойимда асрларнинг изи муҳрланган тошлар,
Бағри супа харсанглар...
Воажаб, қор ҳам эрта ёғар тоғларга,
Эрта уйғонар шамоллар, бўронлар,
Булутлар тўлиқиб дардин сочар шаршара мисол.
Бу жойларни бўрилар, ойқорлар, шоқоллар,
Айиқлар ватан тутган ёвлар тошига бериб дош.
Ватан гарчанд тошзор бўлса-да муқаддас эрур.
Менинг юрагимда кезар ададсиз сурур.
Тоғларда оқшом.
3
Ажаб, жуда узун,
Жуда қисқа кечди суҳбатимиз.
Мен ўзимни яширдим сендан.
Қўл чўзаману йўқликка сингар
Сўз айтаману етмас овозим,
Чил-чил синган овозга айланар созим.
Сен қайда?
Мен қайдаман?
Наҳот, қошингда эрурман.
Йўқ,
Юрагимда кезинар ваҳима.
Мен танҳоман,
Мажнун каби саҳрода.
Сен ҳам узоқ-узоқларда.
Балки
Арчалар паноҳида,
Ундан-да нарида,
Балки, хаёл дунёсида...
Суҳбат қурамиз:
– Бу тоғларга кимлар келмаган?
Шоҳ ҳам,
Гадо ҳам...
– Яна бизлар келамизми?
– Худо билади.
– Бизлар яна кўришамизми?
– Тақдир.
– Балки, соғинч бизларни учраштирар.
– Қайдам...
* * *
Ям-яшил дарахт елкасига
чиқиб олдим мен,
Қушлардек юрибман эркин,
бемалол.
Ҳали рангларин
йўқотмаган япроқлар,
Силар юзларимни,
кўзларимни,
сочларимни...
Ва юракни чулғар ҳаяжон.
Ўз дунём ичра кезмоқдаман,
Умримнинг саратон палласида.
Кел, сен менинг дунёмга,
кел, севгилим.
* * *
Осмон бўйлаб оқиб боряпман,
Қайга кетаяпман?
Билмасман.
Қучоғимда замин тўлғанар.
Юрагимда уйғонади шеър.