Қутлов
МЕҲРИ ДАРЁЛАРГА
Ҳумоюн Акбар,
шоир
Оналар, опа-сингилларга бағишланган алқовлар одамзод тарихининг илк давридаёқ айтилган ва ундан кейинги олқиш, табрик, қутловлар - барчаси такрордай туюлади. Ҳеч бир таъриф қадим обида “Авесто”да соҳибжамол маъбуда Анахита мадҳи сингари донишмандона бўлмаса керак:
Сиғин бутун дунёнинг
Топинчу алқовига
Лойиқ Ардви Сурага,
Содиқ ул – Ахурага;
Юртлар яшнатгувчига
Ихлос-ла сиғин, Зардушт!
Одамзод борлиқни англаш даврида илк афсоналарини яратар экан, унинг нажотбахш қаҳрамонлари соҳибжамол хотин-қизлар қиёфасида намоён бўлган. Бу афсоналар тарих синовларидан ўтиб, шу кунларгача яшаб келмоқда, чунки уларнинг мағзида ҳақиқат бор. Бежиз “Авесто”нинг Ахура Мазда(Ақл)га бағишланган биринчи алқовидан сўнг маъбуда Ардви Сура мадҳи келмайди.
Ардви Сура Анахита гўзал, саховатли, қудратли, ҳаётбахш маъбуда: дунёга қут-барака, эзгулик, хотиржамлик бахш этади. Ҳатто она дарё – Амударёни ҳам Ардви деб атаганлар. Менимча, “меҳридарё” ташбеҳининг илдизлари Анахита ҳақидаги афсонага боғланади.
Шундай оқар, о Зардушт,
Оқар муқаддас Ардви,
Парвардигор олдида
Оқ билакли ул гўзал...
Шуурида шундай ўй:
Ким мени шарафларкин...
Меҳридарё оналар, опа-сингиллар, оила бекалари – барча-барчасининг кўнглида баҳор нашидалари уйғонади. Улар учун Янги кун нафаси уфура бошлаган байрамларнинг шукуҳи ўзгача: бу қутлуғ онларда қабул қилинган қутловлар уларга гўзаллик, куч-қувват, меҳр-муҳаббат, мурувват ато этгайдир. Уларни дунёга меҳр-садоқат, қут-барака, куч-қудрат сочувчи маъбудаларга айлантиради.
Наврўзи олам муборак бўлсин!
Сиз дунёнинг алқовига лойиқсиз!
Қизлар
Баҳорлашиб келди қизлар,
Кўнглим ўсди тоғдан баланд –
Ўшал тоғда қолган излар,
Чаман бўлди фалакмонанд.
Тоғ бошида эриди муз,
Тўрт ёғидан оқди дарё –
Дарёларда ёнди юлдуз,
Мавжларида ой маҳлиқо.
Тоғда гуллар сочди ифор,
Шаббодалар эркалайди.
Ойдин кеча бедор-бедор,
Кундузлари лола сайли.
Тош қояни қоплаб майса,
Айланди кўк осмонларга.
Қани, қизлар келиб турса,
Бизнинг саҳро томонларга...