ҚЎШҚАЛАМЛАР

 Қўшқаламлар

 

     Тақдир мумтоз адабиётимиз, шунингдек, замонавий адабиётимизни ҳам кўплаб истеъдодли ижодкорлар билан сийлаган. Улар орасида ҳам никоҳ риштаси, ҳам қалам воситаси  билан боғланган шоирлар, носирлар бор. Янги рукнимизда уларнинг сизга таниш, нотаниш ижод намуналаридан эълон қилиб боришни жоиз билдик.

     Рукнимизни мозийдан – Амирий тахаллуси билан ишқий ғазаллар битган Амир Умархон ва завжаси Нодирабегим ижодидан, яъни улуғларимиздан бошладик.

 

     Қўқон хони Амир Умархон (Амирий) бошланғич саводини оилада чиқариб, кейин мадрасада таҳсил олган. Акаси – Қўқон хони Олимхон 1807-1808 йилларда унга Фарғона ҳокимлигини топширган. Шу йилларда у Андижон ҳокими Раҳмонқулибийнинг қизи Моҳларойим (Нодира)га уйланган. Умархон илм, маданият, санъат, адабиёт, турли касб-ҳунарларнинг ривожига катта эътибор берган, турли ҳунар мактаблари очилишини қўллаб-қувватлаган. 1821 йилда Фазлий Намангоний Умархон амрига биноан, 63 шоирнинг шеърини ўз ичига олган “Мажмуаи шоирон” тўпламини тузган.

      Амирийнинг ўзбек ва форс-тожик тилида битилган девони 10 минг мисрадан ортиқ назмий асарларни ўз ичига олган.

АМИРИЙ

(1787-1822)

Жаҳон, жоно, жамолингга тасаддуқ,

Дилу жон, хатти ҳолингга тасаддуқ.

 

Чаманда сарву шамшоду санавбар,

Эрур мавзун ниҳолингга тасаддуқ.

 

Лабинг сарчашмайи оби бақодур,

Хизр хатти зулолингга тасаддуқ.

 

Тутарман тан аро жонни кироми,

Бўлур бир кун нисорингга тасаддуқ.

 

Қолиб эрди вужудимдин хаёли,

Ани қилдим хаёлингга тасаддуқ.

 

Лабинг ҳажрида заҳри ғам ютармен,

Ҳаловат ёди болингга тасаддуқ.

 

Эрурсан ҳусн мулкини Амири,

Жаҳон жоҳу жалолингга тасаддуқ.

 

 

Висолингга кўнгул муштоқ эди, эй ёр,

                                      хуш келдинг,

Кўзум нурини равшан айладинг бисёр,

                                      хуш келдинг.

Хуморим заъфидин бетоб эдим, базм ичра,

                                      эй соқий,

Хиромон шишайи соғар тутуб саршор,

                                      хуш келдинг.

Кўнгул боғида ҳар ён доғи оҳим сарв

                                      ила гулдур,

Бу гулшан сайриға,эй сарви гулрухсор,

                                      хуш келдинг.

Бу шаклу бу шамойил бирла базми ноз

                                      ора кирдинг,

Сиҳи қадларни қилдинг сояйи девор,

                                      хуш келдинг.

Ҳазин муштоқларға ёри фирдавс

                                      хаёлидин,

Етурдинг муждае товуси хушрафтор,

                                      хуш келдинг.

Кеча кулбамға пинҳон келди ул маҳваш,

                                      Амир айди:

Бу лутфу марҳаматни билмасун ағёр,

                                      хуш келдинг!

 

      Нодира (Моҳларойим) адабиётга ҳомийлик борасида Амир Умархонга издош бўлди. Илм, адабиёт, санъат аҳлига катта ҳурмат кўрсатади.

      1822 йилда Қўқон хони вафот этади ва маликалик мақомидаги шоира ўғли ўн тўрт ёшли Маъдалихонга суянч бўлиб, мамлакатни бошқара бошлайди. Узоқ вақт салтанатни бошқарган маликанинг ҳаёти фожиали якун топади. Шоиранинг “Муҳаббатсиз киши одам эмасдур” каби ўтли сатрлари замонлар оша инсониятни ишқ юксакликларига чорлаб туради.

 

НОДИРА

(1792-1842)

Марҳабо

 

Марҳабо, эй пайки султон, марҳабо.

Ҳудҳуди мулки Сулаймон, марҳабо.

 

Талъатинг фаррух, муборак мақдаминг,

Қилди кулбамни гулистон, марҳабо.

 

Хўб келдинг, яхши келтирдинг хабар,

Айладинг дардимга дармон, марҳабо.

 

Бўлди мавзун қоматингдин мунфаил,

Сарви нози боғи ризвон, марҳабо.

 

Қилғасен ул моҳ меҳрин ошкор,

Субҳ янглиғ покдомон, марҳабо.

 

Мужда келтирдинг висоли ёрдин,

Топти таскин дарди ҳижрон, марҳабо.

 

Кел бери, то хоки пойингни қилай

Тўтиёи чашми гирён, марҳабо.

 

Равшан айларман чароғи оҳни,

Кўэларимдур гавҳарафшон, марҳабо.

 

Бу кеча ҳижрон шабистонидадур,

Анжуми ашким чароғон, марҳабо.

 

ОЛАМ ОРО

 

Эй меҳри жамолинг олам оро,

Заррот юзингга масту шайдо.

 

Эй ҳусн риёзида қадинг сарв,

Ул сарв уза сунбулинг сумансо.

 

Келким назаримга, эй парирў,

Девонаға бир дам эт тамошо.

 

Сен уйқуда масти ноздурсен,

Мен дард била ғарибу танҳо.

 

Тун-кеча фиғону нолишимдин,

Кўйинг ити ичра тушди ғавғо.

 

Сен қайси диёр азмин этдинг?

Келмас хабаринг бу ерга асло.

 

Оҳим ўқиға қадим камондир,

Бу ўқни нишонидур Сурайё.

 

Мажнун нега Лайли таркин этсун?

 Юсуфни унутмади Зулайҳо.

 

Қайдин сени Нодира унутсин,

Бу сўз не муносиб, эй дилоро?

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар