Шеърият
БУТУН ОЛАМ ШЕЪРГА ТЎЛГАНДЕК
Иқбол Мирзо,
Ўзбекистон халқ шоири
БИР ПАЙТЛАР...
Тизза бўйи ёғар эди қор,
Уч-тўрт марта томни курардик.
Гуллар чизиб музларди анҳор,
Терлаб-пишиб чана сурардик.
Жиддий эди табиат — ота,
Тўғри, феъли бироз тор эди.
Улов камёб, кўплар пиёда,
Кўпчиликда виждон бор эди.
Кечикмасдан келарди баҳор,
Ўз вақтида гуллаб бодомлар.
Шафақларга берарди оҳор
Истараси иссиқ одамлар.
О, бор эди руҳимда жило,
Қулоғимда ҳамон кулгиси.
Эслаб қўйсам рангланар дунё,
Исмин айтсам, келар гул иси.
Бошин тўлғаб, кўк — мовий шамол,
Ўш пиримга бориб қайтарди.
Ғунча қучган капалак беҳол
Мангуликка қўшиқ айтарди.
Илиққина ёз ёмғирлари
Узиб-узиб қуйилар эди.
Инсоннинг бор эди сирлари,
Ҳаёт сирли туюлар эди.
Кеча... Кўнгил соғ эди кеча.
Кеча ойдин эди ўй-дардим.
Кеча осмон сувини ича
Энди ўлмайман деб ўйлардим.
Совидими Тангри бизлардан,
Ахир саноғида бор эдик!
Нечук мадор кетди тиззадан?
Қаримасдан туриб ҳоридик...
Асли мендан кетди оқибат,
Оқибат мен кетдим ўзимдан.
Мана, бугун соҳиби санъат
Гулпардани олди кўзимдан.
Бугун юрак бошин босган қор
Бугун хаёлларим фаромуш.
Бугун табиатим беқарор,
Бугун қалбим, руҳим аро қиш.
Бугун ҳасса билан қўзғаб чўғ,
Ўз қўйнимга қўл соляпман мен.
Давр-павр билан ишим йўқ,
Ёшлигимни қўмсаяпман мен.
Нодир Жонузоқ
Биринчи қор
Кенг самода кимдир шеър битиб,
Туйғулари кўпирди-тошди.
Сўнг... негадир ғижимлаб, йиртиб,
Майда-майда заминга сочди.
Бутун олам шеърга тўлгандек,
Қийқим-қийқим қоплади ерни.
Ташқарига чиқсам дейман, лек
Босолмайман, ахир, мен шеърни...
Қўчқор Норқобил
ҚОР ЁҒМОҚДА
Қор ёғмоқда... Сокин. Осуда.
Ҳар заррасин қалбга кўчирдим.
Шу муқаддас осмон остида,
Ғанимларим сизни кечирдим.
Бу дунёда яшаш осонми -
Нени топсак йўқотмоқлик нақд!
Бошимизда элаб осмонни
Устимиздан кулаяпти вақт...
Салим АШУР
* * *
Кўча совуқ. Тиззагача қор.
У келади – юзида гулхан.
Қарашида уятчан изҳор,
Менга, менга, менга аталган.
Хона иссиқ. Ростлагач нафас
Пальтосини ечишга ёрдам
Бераман мен. Қиламан ҳавас
Қоматига. Ора – бир қадам.
Момиқ ёқа, силлиқ тугмадан
Балки севги бўйи таралар.
Ҳароратин сезиб ногаҳон
Битиб борар эски яралар.
Жоду кўзлар, сачраб ўсган соч
Гирдоб каби тортар сеҳрига.
Меҳр кўрмай ўсган дил муҳтож
Бошқанингмас, шу қиз меҳрига.
Тоза кулгу қушдек учар. Бас,
Пальтосини кийишга ёрдам
Бераман мен. Қиламан ҳавас
Қоматига. Ора – бир қадам.
Бир қадам...
Шодмонқул САЛОМ
ҚИШ
Кекса кампир ун элар,
Келинларни шошириб.
Илоҳий тухумларни
Оқ супрага яшириб.
Йўлларнинг четларида
Мактабдан қайтар излар.
Сумкада қор, билмасдан
Қайтиб келяпти қизлар.
...Қорбобонинг бурнини
Ғуломқуён еб қочган.
Қорнинг жимжит шовқини.
Пок юракларга кўчган.
Токчаларда гултувак,
Меҳмон қиздай жим, ҳайрон.
Печка турар гуриллаб,
Мезбон чолдай меҳрибон.
Уйларнинг мўрилари
Қўшни уйга боқяпти.
Янги тушган келинчак
Қорда гилам қоқяпти.
Ёнбошлаб ётар дала,
Кетмон таътилга чиққан.
—Томдан тушгин, ҳей бола,
Авайла, йиқиласан.
Урчуқдаги сўзондан
Эртак тўқийди кампир.
«Муродга етмай» бола
Ухлаб қолди барибир.
Шундан бери ухлайман,
Шундан бери умрим туш.
Бу муродли уйқудан
Уйғонгим келмас эмиш.
Кекса кампир ун элар…
Носиржон Жўраев
31 ДЕКАБРЬ
Яғир босган елкамни
ёпди олифта костюм,
Дард ўйнаган кўксимни
пана қилди бўйинбоғ.
Янги йил – остонамда
турган навқирон дўстим,
Сен билан ҳаёт ҳақда
суҳбатимиз муҳимроқ.
Телефонлар жаранги,
қоғозлар қуршовида
Жиддий нигоҳларимни
йўлларингга тикдим мен.
Шоир кўнглим ўлтирар
дераза – гул шохида,
Бу сафар ҳузурингга
одам бўлиб чиқдим мен.
Янги йил, сен наинки
тақвимдаги имлолар,
Отам, онам, боламни
улаб берган боғич – сен.
Намангандан Тошкентга
ёғаётган дуолар,
Тошкентдан Наманганга
оқаётган соғинч – сен.
Ўтмишим келажакка
ўтаётган нозик пайт
Тилим, дилим рост бўлсин,
ёлғонлардан тўйганман.
Янги йил, фақат менга
сеҳрли ҳақиқат айт,
Янги йил, мен сеҳрли
эртаклардан тўйганман.