ШЕЪРИЯТ
ҚЎЛ ТАШЛАГАН ҚУЁШ ЕЛКАМГА
Наргиза ОДИНАЕВА 1988 йил 28 февралда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган. Ижодкорнинг “Йўлдаги мактублар”, “Тўрт томон”, “Муаллақ лаҳза” номли шеърий тўпламлари нашрдан чиққан. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
* * *
Кўкнинг елкасига ойдек ботаман,
Карбало даштига юлдуз отаман.
Қўлида шам тутиб ухлаган зоҳид,
Сени уйғотаман...
Аёзнинг дамида қиш туни карахт,
Сумалак, музлаган сен эмас фақат,
Жанубдан куй кутиб жим турган дарахт,
Елни уйғотаман...
Кўнгил кириб қолди чеки йўқ ғорга,
Мусича айлансин ўткиркўз сорга
Машрабни ишқи деб осмайди дорга,
Элни уйғотаман...
Йилларнинг этаги товусдек рангзор,
Тонглари оҳангзор, шоми фарангзор.
Юракни музлатиб қўймасин сангзор,
Нилни уйғотаман...
Бир хил айланади дунё муттасил,
Ҳарорат етмайди бўстонга асл.
Мендан бошланади бешинчи фасл,
Гулни уйғотаман...
Кимдир наъра берар миниб Ғиротни,
Олға чорлайверар ташлаб сиротни.
Осмонни опичлаб, тинглаб тупроқни,
Дилни уйғотаман...
ЮРТ
Бобом айтган достонлардай тўлиб келдим,
Бойсунчинор шохларига рўмол илдим.
Алпомишнинг болалари ўсган юрт бу,
Дўмбиранинг ўркачидан қараб билдим.
Тунларига ой эргашар нур бергани,
Қалдирғочлар эшик қоқар исингани.
Қуёш кулиб мўралайди Боботоғдан,
Бунда бир эл қуёшлар бор исингани.
Одамзоднинг туғилиши бир тўй, момо,
Осмон гумбаз, замин асли бир уй, момо.
Айтсам шеърим жўр бўлади чанқовузга,
Тўлқинида юрак оққан қай куй, момо.
Адоғи йўқ соғинчларга бўлдим сингил,
Яшил қушман, яшил уфқлар томон кўнгил.
Чанқаб турсам, Амударё чайқалади,
Нур узатар Термизийдек уйғоқ бир дил.
Томирлари томиримга туташ диёр,
Мен шеър айтай, осмон бўйи гуллаб юбор.
Ўнг елкамда ўтирибди Алпомишлар,
Юрагимда кишнаётган Бойчибор бор.
Қулочингни шамолларга озод қўйгил,
Бедор ўтсин шоир зоти, шеърга тўлгил.
Қуёш билан сўйлашиб юр то абадга,
Алпомишнинг авлодига Ватан бўлгил.
* * *
Буғдой бўлиб кўкарайми, райҳон бўлиб гуллайми?
Дилни ёмғир аллалаган баҳор қайта келгайми?
Юрагимнинг тўлғоғини учган турна билгайми?
Бу баҳорнинг чин отини айтиб беринг, шоирей.
Айвондаги мусичанинг кўзларида жимлик бор,
Ерни босган ҳар одамнинг қисматида “ким”лик бор.
Қуёш чиққан тўрт томонда инсон бор-исмлик бор,
Ватан деган дард тотини айтиб беринг, шоирей.
Куз йўлини бошлаганда шафтолининг баргидан,
Мен тўзимлар тилагайман дарахтларга тангридан.
Асл қўшиқ бошланади борлиқнинг қай рангидан,
Кўнгил ёзувларини айтиб беринг, шоирей.
Сафари йўл шамолнинг, тош ўрнидан жилмайди,
Дор ўйнаган мардум ҳали мардлигини билмайди.
Шеър дунёга сиғмай борар, кўнглим шеърга сиғмайди,
Туйғуларнинг меҳробини айтиб беринг, шоирей.
Умр умр бўлгай ҳануз ой, йилларга ўраниб,
Осмонларга тикиламан қизғалдоқдек тебраниб,
У тобора кўринади капалакка айланиб –
Бу эртакнинг муродини айтиб беринг, шоирей.
ТИЛЛАРАНГ ТУС ОЛМИШ БУТУН ДАЛА-ТУЗ
Зикрилла НЕЪМАТ 1961 йил Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган.
Шоирнинг "Иккимизнинг ёниқ ишқимиз", "Юртим навоси", "Ватан ва муҳаббат", "Қайтар дунё", "Остонадан бошланар Ватан", "Муҳаббатсиз яшаб бўлмас", "Спитаменнинг сўнмас қўшиғи", "Муҳаббат меҳроби", "Соғинч сарчашмаси", "Эзгулик ўлкаси", "Онам эккан райҳонлар" каби ўнлаб асарлари чоп этилган.
Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги арафасида “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
ОНА ҚАДРИ
Сиз супурган ҳовлиларнинг гардларин ўпай, она.
Сиз сув сепган супаларга кўз ёшим сепай, она.
Бир кечалик бедор айтган аллангиз ҳақ-ҳурмати,
Фарзанд бўлиб пойингизга бирзум тиз чўкай, она.
Емай, бизга едирдингиз, ичмай, бизга ичириб,
Сиз ўт ёққан ўчоқларда бағримни ёқай, она.
Она кўнгли болададир, бола кўнгли далада,
Онасизлик даласида кезгум оҳ, токай, она?!
Қадрингизни билмаган бу дардли кўнглим ҳасратин
Айтинг, энди йиғлаб-йиғлаб, қайларга тўкай, она?!
Балолардан, асрар дерлар доим она дуоси.
Балолардан асрадингиз, сиз мени оҳ-ай, она.
Меҳрингиздан азиз билдим бевафо мол-дунёсин,
Надоматлар дарёсига мен энди чўкай, она!
Онасини ранжитганнинг куяр икки дунёси.
Икки дунё аросинда, энди мен, нетай, она?!
Сиз супурган кўчаларнинг гардини ўпай, она...
К У З
Дувиллаб тўкилар ҳазин япроқлар,
Тилларанг тус олмиш бутун дала-туз.
Гулларнинг қалбига солиб титроқлар,
Заъфарон боғларда куз кезмоқда, куз.
Милтираб нур сочар кўкнинг ҳилоли-
Гўё улкан денгиз узра парча муз.
Этларни жунжитар мезон шамоли,
Заъфарон боғларда куз кезмоқда, куз.
Иссиқ ўлкаларга учар турналар
Ортидан термулиб қолурмиз маъюс.
Недандир кўнгил ғаш, юрак тирналар,
Заъфарон боғларда куз кезмоқда, куз.
Кўлмаклар четида йилтираган муз,
Дер: Илиқ кунлардан умидингни уз,
Баҳор, ёз шунча тез ўтдиму эсиз?
Заъфарон боғларда куз кезмоқда, куз.
Бунчалар югурик экан бу ҳаёт,
Уч фаслинг ўтди-я , эй умри азиз.
Кўнгил ҳам хазондек сарғайиб, ҳайҳот,
Заъфарон боғларда куз кезмоқда, куз.
КЎҲНА НАҚЛ
Тинмай айланади кўҳна чархпалак,
Сув қуяр замоннинг тегирмонига.
Инсон ризқ-рўз излаб туну кун ҳалак,
Миннат қўшилмасин топган нонига.
Кўпнинг ҳаққи – етим ҳаққидан ёмон,
Дину диёнатинг қўймагай омон,
Очликдан қийналиб қолса-да инсон,
Миннат қўшилмасин топган нонига.
Бордир ҳар бир ишнинг савоб-гуноҳи,
Биздадир Аллоҳнинг теран нигоҳи,
Инсонга етсин-у виждоннинг оҳи,
Миннат қўшилмасин топган нонига.
Бировнинг нафасин ютгани учун,
Тарс ёрилиб кетар пуфак ҳам бир кун,
Бандангни асрагил, эй чархи гардун,
Миннат қўшилмасин топган нонига.