ШЕЪРИЯТ
ЮРАККА ҚУЁШНИ чорловчи истак
Абдулла Шер 1943 йил 5 августда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган. Шоирнинг “Кўклам табассуми”, “Алёр”, “Атиргул сояси”, “Роз”, “Куз ҳилоли”, “Қадимги куй”, “Нуқтадан сўнг”, “Тоқат” каби қатор шеърий тўпламлари нашр этилган. Байрон, Пушкин, Некрасов, Ахматова асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Адабий жараёнимизнинг фаол ижодкорларидан бири, курашчан шеърлар муаллифи бўлган устозни табаррук 80 ёши билан самимий табриклаймиз. Эътиқодларингизга садоқатингиз, улуғ ёшда ҳам сўнмаган, синмаган шиддатингиз янги-янги асарлар қувончини бахш этаверсин!
ВАТАН
Қара, шу Ватаннинг боғу роғида
Япроқдаги шабнам фаслга кўзгу.
Қара, бобомсифат қадим тоғида
Қоя бўлиб мудрар азалий қайғу.
Қара, дарё кечиб, сен жийрон тойда:
Бугунги зилол сув – кеча қотган қор.
Тингла, шодлигидан айқирган сойда
Гоҳо муз фаслидан ёдгор нидо бор.
Қара, шу тупроқнинг ҳар битта гарди
Минг йиллик тарихни ёдга солади.
Тингла, тарихларнинг қувончи, дарди
Ватан қисматини тилга олади.
Не-не шаҳидларки, бизларни бугун
Асрлар қаъридан туриб кузатар.
Гоҳ, “Ватан!” сўзини тингларкан, беун –
Устдаги тупроғин аста тузатар...
Ватан! Бу – тарихим, жангим, санъатим,
Оппоқ пахтамдаги бир укпар юрак!
Ватан! Бу – дўстлигим, шодлик, заҳматим,
Юракка қуёшни чорловчи истак!
БИРИНЧИ МУҲАББАТ
Балиққа ўхшайди ўжар ҳаётинг,
Бир куни қирғоққа ўзни отасан.
Қонталаш бўлару кумуш қанотинг,
Питирлаб, зўриқиб, қумга ботасан.
Оғзингни очасан нафас етмасдан,
Бу ҳаво бўғади сени мисли дуд.
Шу маҳал, тепангда, нари кетмасдан
Осмонни тўсади бир парча булут.
Сен унга ишониб сакрайсан кўкка
Ва сувга тушасан, ниҳоят, мана.
Яна тўлқинларга боқасан тикка,
Қонталаш қанотга жон битар яна...
Раҳмдил оқ булут яшасин бекам,
Бор бўлсин ҳамиша мовий самода
Ва яна яшасин сўнгги сакраш ҳам
Қуму сув ўртаси - Кўҳна дунёда!
***
Бир япроқ илдизга инонган мисол,
Бир илдиз тупроққа инонганидек,
Бир кўза булоққа инонганидек
Инонгин, инонгин менга, эй аёл!
Бир дарё ўзанга суянган мисол,
Бир ўзан қирғоққа суянганидек,
Бир ёқут балдоққа суянганидек
Суянгин, суянгин менга, эй аёл!
Гарчандки Фарҳоду Тоҳир бўлмадим,
Замонда ботинман, зоҳир бўлмадим
Ва лекин умримни излар бир достон;
Гарчандки шоири соҳир бўлмадим,
Муножот бобида моҳир бўлмадим
Ва лекин оҳ урсам - энгашур осмон!
***
Сени деб туғилди сўзларим менинг,
Қувончим, фарёдим, бўзларим менинг.
Мен сени куйладим, сизлаб куйладим,
Кўкка қўл кўтариб, тизлаб куйладим.
Гуллар ҳам ўтдилар югуриб-елиб,
Баҳорни кўрмадим сенга тикилиб.
Сен эса кулардинг - шўхи бепарво,
Кўзларинг ёнарди - чўғи бепарво.
Бепарво дунёдан юз бурганимда,
Гулларнинг ортидан югурганимда,
Сарғайган майсага қўяр эди бош
Йиғлаган кўз каби қизарган қуёш.
***
Салом, Шеърим! Ниҳоят, мана,
Чиқиб келдинг дафъатан боғдан.
Ва забт этиб руҳимни яна,
Ёниб боқдинг сўнгги япроқдан.
Қиш ҳам ўтди, ёз ўтиб кетди,
Капалакка айланди кўклам.
Кўп ҳам ўтди, оз ўтиб кетди,
Бир сенгина қолдинг, Шеъргинам.
Қайғурма деб: “Керакман кимга?”
Умид билан қўлларингни чўз:
Жарангласин етти иқлимга
Иккимизга умр бўлган сўз.
***
Ёмғирдан сўнг айланиб юриб,
Қараб ярим очиқ осмонга,
Қалбим билан бораман кириб
Томчидаги жажжи жаҳонга.
Осмон билан қоришар дўнглик,
Булутларга чирмашади ўт.
Шамолларга боқолмасдан тик
Ўйчан турар каллакланган тут.
Гиёҳларнинг нафас олиши,
Ўсишини ҳатто тинглайман;
Бу дунёда нима қолиши,
Нима қолмасини илғайман.
Ўқитади мени ҳар япроқ,
Муаллимдир табиат - доно;
Мева туккан ҳар битта бутоқ
Кузга ет, деб қилади дуо.
***
Мен ёзлардан сени изладим,
Саратонда кутдим сарғайиб.
Айтгил, дедим, айт, деб бўзладим,
Менда бўлса агар зарра айб.
Мен кузлардан сени изладим,
Сунбулада ботдим қировга.
Адирларда танҳо кузладим,
Арз қилмадим ҳатто оловга.
Мен қишлардан сени изладим,
Жон-жонимдан ўтди изғирин.
Неча терлаб, неча музладим,
Ташламадинг аммо кўз қиринг.
Навбаҳорга чиққанда охир
Ҳасрат қилдим жажжи куртакка.
Куртак кулиб очди-ю бағир,
Олиб кетди мени эртакка.
***
У - олисда ловуллаган лолазор қирдир,
Ёниб турар илк баҳорни кўтариб бошга.
У – дафтарда қолиб кетган биринчи шеърдир,
Уни кулранг муқовалар тутмас қуёшга.
Тилсиз гўдак кўзларидек жуда сўзамол,
Титраб-титраб, тўйиб-тўйиб хўрсинар фақат.
У - на ўкинч, у - на миннат, у - сўзсиз малол,
Энг покиза ширин армон, энг буюк шафқат.