ВАТАНДИР БУ...
Оллоҳ, Оллоҳ эранларнинг
Сўзи қолган Ватандир бу.
Бўзлаб ўтган тўрғайларнинг
Бўзи қолган Ватандир бу.
Юрт деб отга қамчи урган,
Ўққа учган не руҳу тан.
Кўзимга тик қараб турган,
Кўзи қолган Ватандир бу.
Кечиб, сарҳад, уммонларни,
Кўрсам-да тик иймонларни.
Кишан узган арслонларни
Изи қолган Ватандир бу.
Гарчанд жаранг, гарчанд сукут...
Қон, шон билан олинган юрт.
Тишларида курашнинг ўт,
Музи қолган Ватандир бу.
Бу ер кимнинг, бу кўк кимнинг
Эгаси бор ҳар ўт, чимнинг.
Ўз ерида Ўзбегимнинг
Ўзи қолган Ватандир бу.
Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Ўзбекистон халқ шоири