МУҲТАРАМ БЎЛҒАЙ

 

ШЕЪРИЯТ

     Таниқли шоир ва таржимон Муҳиддин ОМОН 1963 йилда Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Қоракесак қишлоғида туғилган.
   Унинг “Кўнгил дарбозаси”, “Толе фасли”, “Мунаввар соғинч”, “Ўртамизда ишқнинг гулхани”, “Куз сонатаси”, “Баҳорлар қайтади” каби шеърий тўпламлари нашр этилди. Шеърлари орқали ўзгача оҳанг, ёрқин чизгилар билан инсон руҳиятига кириб боради. Маҳоратли таржимон сифатида ҳам жаҳон адабиётидан қилган қатор таржималари ўзбек китобхонлари томонидан севиб ўқилади. Заҳматкаш ижодкорнинг болалар адабиёти ривожига катта ҳисса қўшаётгани бизни қувонтиради.
    Муҳиддин Омон бугун айни ижодий камолот ёшида. “Саодат” журнали жамоаси номидан шоирни 60 ёши билан муборакбод этамиз. Ижодий зафарлар, оилавий фароғат, тинчлик-хотиржамлик тилаймиз.

МУҲТАРАМ БЎЛҒАЙ

Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Тун-кунингға айлагали нурфош,
Бирисин Ой англа,бирисин Қуёш.

Алишер Навоий


Ота-она дуоси-ла ҳар инсон муҳтарам бўлғай,
Фарзанд эрсанг, дуосин ол, Яратгандан карам бўлғай.

Отанг йўқдур, Онанг йўқдур-ҳамдаминг ғам-алам бўлғай,
Отанг борки, Онанг борки – уйинг боғи Эрам бўлғай.

Ҳам давлатинг, ҳам савлатинг, Ота-онанг суянч тоғинг,
Улар бирлан саодатинг, хазон билмас яшил боғинг.

Музайяну мукаррамдир, эл ичра бордир ардоғинг,
Отанг-онанг дуо қилса – борлиқ муродинг жам бўлғай.

Отанг осмон англа доим, Онангни бил мисли офтоб,
Биҳишт истаб ҳаж қилурлар, сен Волиданг айла тавоб.

Қатра меҳринг дарё бўлур, хизматларинг фазлу савоб,
“Олис эрмас жаннат асли – Онанг босган қадам бўлғай.”

Отанг қаддин эгмасин ҳеч, ёнида тур, асо бўлғил,
Дардлариға эртаю кеч малҳам топиб, даво бўлғил.

Ҳар не кўнгли тусар бўлса равою муддао бўлғил,
“Ота рози-Худо рози”, ҳаётинг муҳташам бўлғай.

Кўзларидан оқмасин ёш, қолмасинлар беэътибор,
Меҳрингни бер мисли қуёш, ширин жонинг айла нисор.

Машойихлар айтиб кетган “Ота- онанинг ҳаққи бор!”
Эй Муҳиддин Омон бўлсанг, дегил меҳнатим кам бўлғай.

Ота-она дуоси-ла ҳар инсон муҳтарам бўлғай...

СЕН АТЛАС КИЙГАН КУН…

Бунча гўзалдирсан, бунча дилбарсан,
Ҳаёт уммонида, ноёб гавҳарсан.
Ушбу тонг фараҳли, субҳидам нурли,
Вале, Сен тонгдан-да пок, мунавварсан.
Тим қора сочларинг силаган эпкин
Оламга жаннатдан сочади ифор.
Гуллар кўз очади ноз ила секин,
Беназир ҳуснингга лол бўлиб хумор.

Сўнг офтоб кўзида яшнар бир ҳавас,
Борлиқни чулғайди оташ аланга.
Сенинг эгнингдаги чўғдек хонатлас
Ёндириб, ўт қўяр бутун оламга.
Бир менмас, еру кўк боқар маҳлиё,
Ақлни шоширгай кўрку жамолинг.
Борлиққа қуёшдек таратар зиё,
Табассум балқиган чеҳраи олинг.

Ранггин ҳиссиётлар сенгадир пайваст,
Сендан улгу олар, олади таскин.
Балки, парилардан мерос хонатлас.
Англатар азалий туйғулар рақсин.
Қирмизи оташи -ишқдан далолат,
Заъфарони-ҳижрон белгиси тайин.
Ям-яшил тароғи орзулардан хат,
Мовийлашиб борар юксалган сайин.

Боқаман, висолинг -илоҳий нафас,
Самовий муждалар дилим ёритар.
Гулдек жисмингдаги ипак хонатлас.
Минг йиллик соғинчим зумда аритар.
Боқаман,тўймайман девона, Мажнун,
Савдойи ошиқдек эсдан озаман.
Беназир талъатинг мадҳ этмоқ учун,
Бағрим қони билан байтлар ёзаман.

Бугун шундай гўзал,шундай дилбарсан.

МУҲАББАТ МЕҲРОБИ

Сой бўйида улкан харсангтош турар,
Бағрида икки ҳарф чалинар кўзга.
Ўртада қўшилув аломати бор,
Ва натижа тенгдир ИШҚ деган сўзга...

Ким ёзган ва қачон, қайси бир ошиқ
Изҳорига гувоҳ экан бу харсанг.
Билмадим неча йил, қирғоқдан тошиб,
Сойнинг зилол суви таратмиш жаранг.

Ўтган йиллар тошда битилган хатга
Заррача зиённи кўрмабди раво.
Ўйлайман, ошиқлар етдими бахтга,
Уларнинг тақдирин қўшдими Худо?

Яқинроқ бораман ва эгаман бош,
Муҳаббат, севгининг шул меҳробига.
Негадир дийдамда ҳалқаланар ёш,
Ўзимнинг илк севгим тушар ёдимга.

Сана ҳам битилмиш...қирқ беш йил аввал,
Айни Наврўз куни этилмиш рақам.
О, ҳаёт дарёси, нақадар жадал!
Қирқ беш йил ортимга қайтаман мен ҳам.

Ўзим ҳам қишлоқда улкан теракнинг
Бағрини тилимлаб ёзгандим ҳарфлар
Бироқ энди улар ўсмир юракнинг
Армонли хатидек уйғотар дардлар.

Аслида ҳар кимнинг тақдир насибин,
Тангрим битар экан пешонасига.
Лекин илк муҳаббат қайда бўлмасин,
Дилни чорлар экан ёшлик фаслига.

Менинг ёзганим-ку, қолди теракда,
Тош битик эгасин қўшсин Худойим,
Ҳар ким бахтга етсин ишқ- муҳаббатда,
Шу харсангдек бўлсин вафодор, қойим.


Дастхат сўраб турибсан, эвоҳ,
Не бўларди тилак, хитобим.
Ҳисларимга ўзингсан гувоҳ,
Сен ҳақда-ку бутун китобим?!

Саҳифада сочилиб ётган
Ҳар битта сўз, оташин мисра –
Ханжар каби юракка ботган
Севгимиздан нурли хотира.

Шеърим ўқиб, йиғлама фақат...
Ранжимагин толедан асло.
Ахир, бизни буюк муҳаббат
Дарди билан сийлади Худо!


Сенга юз бор айтдим хайру хўш,
Миллион марта дедим, алвидо.
Лекин ҳар кун кўравердим туш,
Сен экансан умримга зиё.

Унутмоқ-чун неча уриндим,
Ҳисларимдан тондим неча бор.
Минг бор ўлдим, минг бор тирилдим,
Қалб кўнмади ҳижронга зинҳор.

Англасам, Сен - қўлим етмаган
Бахт қушимсан, ушалмас орзу,
Пешонамга Тангрим битмаган,
Ўзим ёзган абадий қайғу.

Ажабки, Сен кўрсатган ситам,
Юрагимни тилиб этмас чок.
Билъакс, мени айлайди одам,
Изтироблар дилим этар пок.

Шундан балки фикратим сархуш,
Изтиробга шайман ҳар саҳар,
Тиласанг-да, видо, хайру хўш,
Воз кечмасман Сендан муқаррар.

ДЎСТЛИК ҲАҚИДА

Ҳаёт деганлари – долғали уммон
Даҳшатли тўлқинлар мисоли қоя.
Бундан ваҳимага тушмагай инсон,
Ёнида чин дўстлар бўлса кифоя!

Бу – ҳаёт баъзида овчидир, айёр,
Содда ва гўлларга қўяр қопқонлар.
Ундан омон чиқар содиқ жоннисор,
Ҳаётда чин дўстин топа олганлар!

Умр сўқмоқлари мураккаб, чигал,
Гоҳи хато йўлга тушар қадамлар.
Ҳар қандай чигални қилажакдир ҳал,
Оқилу содиқ дўст топган одамлар!

Азалдан то абад шул ўгит такрор:
Дўст топсанг, содиқ бўл унга муқаррар.
Дунёда энг бахтсиз, ғарибу ночор,
Ҳаётдан дўст топмай ўтган одамлар!!!

Дўстлик, дўстлик- нима, олий бир қудрат,
Шу қадар муқаддас илоҳий туйғу.
Уни англаб етмоқ ўзи зўр ҳикмат,
Дўстлик – дилдаги нур, абадий мангу!

НИЯТ

Кўнгилда юз очган ҳислар музайян,
Туйғулар табаррук, ўйлар мунаввар.
Жисмингни улкан бахт чулғар дафъатан,
Азиз фарзандларинг қучганда зафар!

Ота-она бахти фарзанд камоли,
Дилбандлар парвози бизларга қанот.
Олий саодатдир фарзанд иқболи,
Болаларим боис севинтир, ҳаёт!

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар