УМИДЛАРДАН ЯШНАДИ ОЛАМ
Азиз опа-сингиллар!
Оналаримизга сирдош, опа-сингилларимизга дўсту дугона бўлган қадрдон “Саодат” журнали орқали юртимиздаги барча аёлларни Янги йил байрами билан самимий табриклайман. Хонадонларимиз файзи, фарзандларимиз камолоти, оиламиз тўкислиги Сиз билан! Қўлимизга қалам тутқазган илҳомчимиз, ҳамиша ҳаётимизни бахтга, кўнглимизни хотиржамликка тўлдириб, ёнимизда бўлинг! Сиз учун ёзаётганимиз, тафаккурингизга зиё сочиш орзуси билан меҳнат қилаётганимиздан бахтиёрмиз.
Олимжон ЎСАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси.
ИСТИОРА
Келдим кеча Онам қошига,
Мен булутнинг қўлидан тутиб.
Дедим, Она, қилинг фотиҳа,
Орзу деган невара кутиб.
Кўкдан Онам юлдузлар териб,
Мунчоқ осди унинг кўксига.
У турарди қоматин кериб,
Қолганини сочди устига.
“Сочганларим гавҳармас, болам,
Муҳаббатнинг уруғи”, деди.
Умидлардан яшнади олам,
Гўё жаннат пойимда эди.
Қуёш бўлди тўнғич ўғлимиз,
Ҳилол бўлди кенжа қизимиз.
Само – бешик, шамол – овунчоқ,
Дунё бўлди бизнинг севгимиз.
ҲИЖРОН
Дунё – тўрт деворли мўъжаз бир хона,
Яшамоқ– кимгадир интиқлик, зорлик.
Орзу – туғиб ташлаб кетгувчи Она,
Ҳижрон – ёдга тушса титровчи борлиқ.
Яшайман хастадил, шулар тўрт мучам,
Хаёлим ўғирлар бир қизнинг расми.
Кунлар кўз ёш каби тўхтамас ҳечам,
Суратдаги энди бировнинг хасми.
Тилимни тишлайман, сўз демак малол,
Кўксимда ярадек чимиллар армон.
Бироқ мен девона бўлмадим, алҳол,
Мени шоир қилди бағри хун ҳижрон.
МУҲАББАТДАН ВАТАН ҚУРАМАН
Зулмат эмас бу кўҳна дунё,
Ёлғизликни тан олмас бир зум.
Кўкда қуёш сочмишдир зиё,
Нурларига ювгайман юзим.
Кечалари эсар шаббода,
Кўк уммонда қайиқсимон ой.
Кавокиблар чақнар фазода,
Мусаффо тоғ очмишдир чирой.
Жуда баланд ул мовий тоғлар,
Худди менинг орзуим каби.
Қандай гўзал бу ёшлик чоғлар,
Раво бўлса дилнинг матлаби.
Ялтираган оппоқ қор кечиб,
Кетар бўлдим ҳув ўша тоққа.
Орзуларнинг шаробин ичиб,
Қувват олдим қўлу оёққа.
Бахтиёрман – мен бахтга ёрман,
Ҳур ёшликнинг завқин сураман.
Ишқ йўлида мангу бедорман,
Муҳаббатдан Ватан қураман.
ОНАМНИНГ СУВРАТИ
Титроқ қўлларининг мўъжаз кафтида
Тарам-тарам қақраб ётади шудгор.
Рангини йўқотган рўмол остида,
Кумушдек товланар бир тутам оққор.
Киртайган кўзлари – қуриган булоқ,
Қуёш ҳам уялар қараган кези.
Интилган орзуси юлдуздан йироқ,
Юзида чизиқлар – темир йўл изи.
Ҳар куни из солар ташвиш ишчиси,
Кесишиб-кесишиб кетган бу излар.
Бекатсиз излардан шошиб ўтади,
Вагон-вагон армон ортган поездлар.
СУЮКЛИ ДАРГОҲ
Ўтган йили сенда меҳмон
бўлган зот
Бу йил таний олмас
ой жамолингни,
Тангрим раво кўрмиш
сенга умрбод,
Мангу завол билмас
бахт-иқболингни.
Ҳар гўшанг бир тарих,
ҳар тошинг достон,
Қадим ривоятлар
сўзлаб бергайдир.
Сенинг мадҳинг битмоқ
эмасдир осон,
Шоирлар дур каби
назм тергайдир.
Мен ҳам камол топдим
бағрингда сенинг,
Сенинг меҳринг билан
униб-ўсдим рост.
Маъзур тут, ғарибдир
ашъорим менинг,
Бироқ Тошкент десам,
дил гуллар қийғос.
Боиси ақлимни
танидим сенда,
Сен ўзинг гувоҳсан
дил изҳорига.
Онам фахр туяр:
"Болам Тошканда,
Юрибди ярай деб
юртнинг корига!"
Шул боис сен менга
онамдек азиз,
Отамдек бағрикенг
суюкли даргоҳ,
Умрим бахшидадир
сенга шубҳасиз,
Эй, Ватан пойтахти,
қутлуғ саждагоҳ!