МЕҲР НУРИ ЁҒАР ДОИМ…
Аёл кишининг қалби, унинг қувончлари ва ҳасратлари тўғрисида куйлаганда ҳам, жонажон халқининг бир шайдо қизи бўлиб оҳ урганида ҳам Ойдинхон ўз нигоҳи ва ўз овозини сақлаб қолишга ҳаракат қилади.
Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон Қаҳрамони, 2003 йил.
Ойдиннинг ойдин шеърияти ўз мухлис ва мухлисаларига ҳали кўп санъат намуналарини тақдим этади, уларга ҳали ўз имкониятларида бўлган юксаклик ва кенгликларни намоён қилади.
Эркин Воҳидов, Ўзбекистон Қаҳрамони, 1992 йил.
Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси, устозимиз Ойдин Ҳожиева номини эшитган адабиёт ихлосмандларининг кўнглига беихтиёр назокатли, малоҳатли ва маҳобатли шеърият эпкинлари кириб келади. Устознинг беназир ижоди ҳақида таниқли адабиётшуносларимиз кўплаб салмоқли фикрларни айтишган ва айтишмоқда. Мен эса бугун Ойдин опамларнинг таваллуд айёми муносабати билан устоздан олган сабоқларим ҳақида ёзгим келди.
Устозимиз Ойдин опамнинг ажойиб бир одати бор. Ёш ижодкорларнинг шеърий сатрларидами, ҳикоя ёки қатраларидами, публицистик мақолаларидами йилт этган янги фикрни, ўзгача ташбеҳни илғасалар катта бир дунё топгандай суюниб кетардилар. Мен ҳам устозимизнинг ана шундай эътиборидан баҳраманд бўлган шогирдларидан бириман.
Пойтахтга келиб, Ойдин опам билан учрашиш насиб этган кундан бери ҳамиша, ҳамма жойда устознинг меҳрини ҳис этаман.
Бу меҳр риштаси илк учрашувимиздаёқ пайдо бўлган. Ўша кезларда ҳозирги ЎзМУ (ТошДУ)нинг журналистика факультетида ўқиш билан бирга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тарғибот марказида ишлардим. Идорамиз “Марказ-1”даги тўққиз қаватли ижодкорлар уйининг биринчи қаватида жойлашган эди. Бир куни деразадан ташқарига қараб туриб, машинадан тушаётган Ойдин Ҳожиевани кўриб қолдим. У кишининг дилрабо шеъриятини ҳайратларга тўлиб ўқирдим. “Гулхан” журналининг (устоз ўша кезлар журналнинг бош муҳаррири эдилар) ҳар бир сонини қолдирмай мутолаа қилардим. Қанийди, Ойдин Ҳожиева билан учрашсам, суҳбатлашсам, деган истагим бор эди.
Ўзларини кўрганимда эса яқинлашишга сира журъат топмасдим. Анча вақтгача устозни узоқдан кузатиб юравердим. Бир куни йўлакда юзма-юз келиб қолдик.
Салом бердим. Алик оларкан Ойдин опамнинг юзига нимтабассум югуриб, худди қадрдонини кўргандек иссиқ бир меҳр билан:
– Қалайсиз, яхши юрибсизми? – деб сўрадилар.
Бу мен – оддий талаба учун кутилмаган ҳолат эди.
Кўнглим кўтарилди. Кейинчалик шундай учрашувлар асносида ўртамизда самимий муносабат пайдо бўла-ётганини ҳис этдим. Гоҳида бир муддат тўхтаб, мен билан суҳбатлашиб, яна йўлида давом этарди. Шу асно шеърлар ёзиб туришимни билиб олдилар. Менга бирор кун шеърларингиздан ўқиб берсангиз бўларди, дея лутф қилдилар. Хотин-қизлар байрами яқинлашганида устозга бир даста гул совға қилиш истагида тўққизинчи қаватга кўтарилдим.
Табриклайман-у, остонадан изимга қайтаман, деб ўйлагандим. Аммо Ойдин опам мени қўярда-қўймай ичкарига таклиф этдилар. Шеърларимдан ўқиб беришимни сўрадилар. “Гулхан” журнали, ундаги қизиқарли мақола ва рукнлар ҳақидаги фикримни эшитгач, журналга мақола ёзиб беришимни тайинладилар. Буни шунчаки, кўнглимни кўтариш учун айтдилар деб ўйлабман. Аммо ҳар сафар йўлакда учрашганимизда мақолани такрор эсга олавердилар. Мен ёздим. Суратим билан журналда чоп этдилар.
Ўшанда эл-юрт назаридаги шоира нега менга бунчалик эътибор беряпти, деб ўйлаганим рост. Кейин билсам, устознинг шогирдга меҳри, ғамхўрлиги экан бу. Ойдин опам тимсолида мен маънавий устозимни топгандим. У кишининг эътиборлари туфайли ёшларга бағрикенглик билан муомала қилишни ўргандим.
Орадан йиллар ўтди.
Устоз “Саодат” журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлай бошладилар. Мен эса турмушга чиққанман. Ўғлим бор. Рўзғор юмушларига ўралашиб юрган пайтларим. Ойдин опам мени йўқлаётганини айтишди. “Саодат”га бордим.
– Бизда ишлайсизми? – дедилар.
Бу таклиф мени жуда қувонтирди, бироқ иккиланаётганимни ҳам яшира олмадим.
“Биласизми, Саида Зуннуновалар қандай шароитларда ишлаган... Сиз ҳам яхши ижодкорсиз, ҳаммасига улгурасиз”, дедилар. Ўзимга ишончим мустаҳкамланди. Иш бошладим.
Ойдин опам талабчанлик билан мақолаларимни қайта-қайта ёздирганларини эслайман. Ижодкорнинг меҳнати қанча оғир бўлса, ёзганлари шунчалик юкли, салмоқли бўлишини, ўз устимда қатъият ва қунт билан ишлашни ўргатдилар. "Устозимиз Зулфия опа таҳрирда сўзини, меҳнатини қизғанмас, биздан ҳам шуни талаб қиларди. Журналистика дарғаларидан бири Ойдин Собирова шоир ўз сўзини қизғанмаслиги керак, шунда унга яна янги-янги фикрлар, сўзлар қуйилиб келаверади, дер эканлар.
Таҳрирда сахий бўлинг, қўлингизга тушган мақолани меҳр билан сайқалланг, сизга Худойим ундан-да зийнатлироқ сўз беради, Зулфия опа бизга шундай ўргатардилар”, деб таҳрир илмини уқтирдилар.
Йиллар ўтди, ҳикоялар ёза бошладим. Устозга улардан бир-иккитасини олиб келдим.
Жуда хурсанд бўлдилар.
– Қаердасиз? – деб сўрадилар.
–“Саодат”га келинг, бирга ишлаймиз, – дедилар.
Мен яна шу даргоҳга қайтдим. Бу сафар устоздан янада кўпроқ сабоқ олдим. Сўзни нозик ҳис этишда, сўз санъати борасида агар таъбир жоиз бўлса, мен ҳеч иккиланмай Ойдин опамларни шу соҳанинг академикларидан бири деб айтган бўлардим. Гоҳида мақолалардаги ғализ жумлаларга кўзлари тушса, ёшларнинг тилини ҳакка чўқиганми, дея жиғибийрон бўлардилар.
Устоздан шу танбеҳни эшитмаслик учун ўз устимда янада кўпроқ ишлашга интилдим. Ҳар ишда устозлар анъанасига қатъий амал қилиш илмини ҳам Ойдин опамдан ўргандим. Ҳар баҳорнинг биринчи кунида ёнларига ижодкор аёлларни олиб, устоз Зулфия опанинг қабрини зиёрат қилишга отланадилар. Гулларни меҳр билан саралаб-саралаб танлайдилар. Устозларга эҳтиром борасида ижодкорларга ўрнак бўладилар.
Ойдин опамнинг меҳнаткашлигига, ишга масъулият билан қарашига ҳар доим қойил қолганман.
“Саодат”да ишлаётган кезлари, ҳатто бетоб бўлсалар ҳам журналга тайёрланаётган мақолаларни қайта-қайта ўқиб, таҳрир қилиб берардилар.
Одам ўзи ишлаётган жойига ҳурмат сақлаши, садоқатли бўлиши керак, ёзган нарсаларингизнинг қаймоғини нон-туз еяётган жойингизга атанг, дея уқтирардилар.
“Шарқ юлдузи” ва “Гулхан” журналларида ишлаган кезларини эсларкан, атрофидаги ҳамкасбларини меҳр ва эъзоз билан тилга оладилар. “Саодат”чи-ларни эса ҳалигача киприклари устида ардоқлайдилар.
Устоз ҳамиша биз шогирдларига ҳаё, ибо, андиша ҳақида гапирганларида: "Бу катта даргоҳ, ҳар хил одамлар бор. "Саодат"нинг қизлари деган номни покиза сақланглар. Ёшми, қарими эркаклардан олдин қадам солманглар", деб кўп таъкидлардилар.
Ҳар сафар уйларига борганимда эса устоз Иброҳим Ғафуровга бўлган чексиз эҳтиромларини кўраман. Ўзбекона ҳаё, латофат ва назокатда, оилага меҳр ва ҳурмат бобида замондош аёлларимиз Ойдин опамдан ибрат олсалар арзийди.
Адабий муҳитга шошқин сойдек шарқираб кирган, кейинчалик турмуш ташвишларига ўралашиб, кўздан нари кетган ижодкор қизларни ҳамиша номма-ном санаб, шу қизнинг қандай яхши қалами бор эди-я, ҳозир нима иш қилаётган экан, дея суриштириб қоладилар.
Уй-рўзғор ва бола билан ўралашиб қолганимни, мутолаадан узоқлашганимни сезиб қолсалар: "Ҳалимахон жуда катта қалбли шоира. Шеърияти беназир. Ҳар бир сўзи юкли-салмоқли. Одамларни уйғоқликка, сергакликка ундовчи куч бор уларда. Бундай сатрлар бошқа ҳеч кимда йўқ, янги шеърларини кўрдингизми?" дея Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ижодига ўзгача эҳтиром билдирадилар.
"Қутлижоннинг шеърлари ҳам, публицистикаси ҳам зўр-да, бунақа ижодкор ҳам халқимизга бир сийлов", дердилар устоз Қутлибека Раҳимбоевага меҳрлари тобланиб…
“Олмос опангиз сўзларни топиб, саралаб айтади-да”, “Шарифа опангиз зўр шеър ёзибди, бир ўқинг-а” ёки “Шаҳодат опангизнинг янги ҳикоясига кўзингиз тушдими?”, “Зулфия Мўминованинг сатрлари жуда қуйма-да”, “Хосият Рустамованинг шеърларидаги самимиятни қаранг-а”, деб қолардилар. Шу асно Шарифа Салимованинг дилбар шеъриятига, Шаҳодат Исахонованинг беназир асарлари мутолаасига шўнғирдим. “Энахон опангизнинг ижодини кузатяпсизми?”, “Мақсуда Эргашеванинг шеърияти жуда гўзал”, “Хуршиданинг ғазаллари бошқача”, “Баҳор опангиз.., Хосият опангиз.., Замира опангиз.., Ҳаётхон опангиз.., Дилбарлар.., Умида опангиз.., Кавсар опангиз...”
Ойдин опамнинг меҳр ва эътирофига эришган гўзал ва бетакрор оламларни кашф этдим.
Адабиёт оламига кирганим сари ҳисларнинг турфа рангини, она туғёнлари, халқона оҳангларда куйланган аёл кўнгли изҳорларини ўқидим.
Ойдин опам меҳрга меҳр билан жавоб беришни яхши кўрарди. Бош муҳаррир номига келган мактублар асло бир четда қолиб кетмасди. Эринмай ҳуснихат билан жавоб йўллар, гоҳида шеърий сатрлар ҳам қўшиб қўярдилар.
Ҳар бир жумла, мактуб ортида бир инсоннинг кўнгли борлигини ҳамиша ёдда тутардилар. Яхши фазилатли одамларнинг юриш-туриши, ҳатто гап-сўзлари ҳам бошқаларга ибрат бўлади. Бу борада устоз ҳақида кўп гапириш мумкин. Устоз Зулфия опа бошлаган анъанани давом эттириб, онахон шоира сифатида юртимиздаги барча ижодкор аёлларни “Саодат” журнали атрофида бирлаштирдилар. Ўзбек адабиёти, журналистикаси ва публицистикасида ўзига хос мактаб яратдилар. Кўпчилик ижодкорлар қатори мен ҳам ана шу мактабнинг талабаси эканимдан фахрланаман.
Ойдин Ҳожиева бугун табаррук 80 ёшга кирдилар. Умрининг гуллаган чоғини адабиёт ривожи учун нисор қилган заҳматкаш устозимизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз.
Ҳамрохон МУСУРМОНОВА.
2022 йил.