ҚУЁШНИ СОҒИНАМАН...

 ОЛИСДАГИ ЯҚИНЛАРИМИЗ

ҚУЁШНИ СОҒИНАМАН...

     Дунёнинг турли нуқталарига ишлаш учун кетиб, кейинчалик ишбилармонга айланган ўзбекистонликлар ҳақида озми-кўпми эшитганмиз. Асли хоразмлик бўлган Баҳор Будо анчадан бери Франциянинг Лион шаҳрида истиқомат қилади. Бу аёл турли лойиҳалари орқали ишсизликка қарши курашмоқда. Яқинда Ўзбекистонга келган Баҳор опа билан пойтахтдаги Амир Темур хиёбонида кўришиб, суҳбатлашдик.
– Хоразмнинг чекка бир қишлоғида туғилган аёлнинг Францияга кетиб, яшаб қолиши кўпчиликка қизиқ. Келинг, суҳбатимизни шундан бошласак.
– Хоразм вилоятининг Гурлан туманидаги “Вазир” қишлоғида туғилганман. Оддий балиқчининг қизиман. Онам тикувчи бўлган. Мустақил шахс сифатида шаклланишим, жамиятда ўрнимни топишимда кўпроқ онамга суянганман. Мактабда француз тили ўқитилгани боис шу тилга қизиқишим кучли бўлган. Қўлимда доим луғат бўларди.
     Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг француз тили йўналишига шартнома асосида ўқишга кириб, биринчи йили шароитимиз оғирроқ бўлгани боис ўқий олмадим. Кейинги йили яна контрактга тушдим. Онам: "Бошқа иложимиз йўқ, бу сафар, албатта, ўқийсан!" дея мени Тошкентга ташлаб кетган. Катта шаҳарнинг оғир-енгил кунларига чидаб, ўзимнинг имкониятларимни чамалаб кўрсам, эришганларимдан кўпроқ ютуқларга сазовор бўлишим мумкиндек туюлди. Олийгоҳни тамомладим. 2007 йили Маданий алмашув дастури орқали Францияга кетишга қарор қилдим. Мазкур дастур бўйича талабалик мақоми берилади, виза олиниб, француз оиласига юборилади. Маълум муддат ўша оилада яшаб, бола парвариши ва бошқа ишларга ёрдамлашасиз, шу вақт ичида ҳам тил, ҳам маданиятини ўрганасиз. Барча харажатлар бепул бўлади. Шу имкониятдан фойдаланиб Францияга кетганман.
– Французларнинг яшаш тарзи, урф-одатларига кўникишингиз осон кечмагандир.
– Француз тилини яхши биламан, ҳаммаси осон кечади, деган ўй билан кетгандим. Янглишган эканман. Мусофирликни, юртдан олисда юришнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлар экан. Бадавлат оилага тушиб қолганим учун ҳамма ўз ишини қилиб, хонасига кириб кетарди, бир-биримиз билан ўзаро алоқа йўқ эди. Бошида французларнинг маданияти, ишлаш қоидаларини тушунмасдан анча қийналдим. Тўққиз ой бир оилада яшагач, муддат тугаб у ердан кетдим. Шу вақт ичида тақдир экан, турмуш ўртоғимни учратдим. Ўша пайтларда тикувчилик билан шуғулланиш фикри туғилди. Францияга энди борган давримда қарзга тикув машинаси харид қилгандим. Онам ўргатган ҳунар тирикчилигим учун асқатди.
     Турмушга чиқдим, французлардек яшаш, карьера қилиш ҳуқуқини қўлга киритдим. Кейин “Баҳор” номли кичкина корхона очдим. Аммо унинг фаолиятидан у даражада қониқмасдим, барибир қийналдим. Яқинларимга ёрдам бериш ва молиявий томондан мустақил бўлиш мақсадида қўшимча ишлар билан ҳам шуғулландим.
– Турли миллат хотин-қизларига ҳунар ва тил ўргатар экансиз. Бу лойиҳани бошлашингизга нима сабаб бўлди?
– Тўйимиздан сўнг бошқа бир туманга кўчиб ўтдик. У ерда 42 миллат вакиллари яшайди, қийин шароитда юрган муҳожир аёллар кўпчиликни ташкил этади. Бир куни турмуш ўртоғим: “Тикувчилик бўйича шу аёллар билан бирор лойиҳа қилсанг бўлмайдими? Бу соҳада бир киши ҳамма ишни эплаши қийин”, деб маслаҳат берди. Онам қишлоқ аёлларига ўргатган ҳунарини хорижда оммалаштиришни ният қилиб юргандим. Умр йўлдошимнинг фикридан кейин олти ой давомида лойиҳа устида иш олиб бордим. Бу лойиҳада француз жамиятидаги бир қатор муаммоларга ечим топиш кўзда тутилган бўлиб, брендим жамиятга фойдаси тегадиган корхона бўлишини истадим.
     2018 йилда “Eco Couture” ассоциациясини ташкил этдим. Бу лойиҳада турли сабаб билан бошқа мамлакатлардан Францияга келган аёлларга тил ва тикувчиликни ўргатамиз. Бошида суҳбатлашамиз, тикишга қизиқиши бўлса, жамоага жалб этамиз. Зўравонликка учраган, ишлаш учун рухсат берилмаган хотин-қизлар мустақил бўлиш, ўз ўрнини топишга қарор қилиб, бизга мурожаат этишади.
     Бугунги кунда ўнлаб аёлларни тадбиркорликка ҳам тайёрлаяпман. Россия, Чеченистон, Туркия тарафлардан борган аёлларда бизнесини йўлга қўйишга интилиш кучли. Бу, албатта, яхши ҳолат. Шунингдек, коллеж талабаларига ҳам ҳунар ўргатамиз.
     Дизайнерлик мактаблари билан ҳамкорликда ишлаймиз. Мустақил фаолият бошлаган аёлларга қийин вазиятларда ҳам ёрдам берамиз. Уларга шунчаки тил ва тикишни ўргатиш билан кифояланмаймиз. Кредит ёки бошқа масалаларда муаммога дуч келса, албатта, ёрдам қўлини чўзамиз ва бирга ҳал қиламиз.
– Ушбу лойиҳангиз Франция ҳукумати томонидан қандай баҳоланди?
– Мамлакат ҳукумати бу каби ижтимоий лойиҳаларга бефарқ эмас, доим қўллаб-қувватлайди. Мазкур лойиҳам 2018 йили Франциянинг энг яхши олти лойиҳасидан бири сифатида эътироф этилди. Иқтисодиёт ва молия вазири Бруно La Mer билан ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш, уларга янада ёрдам бериш масаласида бир соат мулоқот қилганман. Улар билан ҳозиргача алоқадамиз, ҳисобот топширамиз. Бундан ташқари, Меҳнат, бандлик ва интеграция вазири, йирик банк раҳбарлари ҳам фаолиятимизга қизиқиш билдирган.
– Францияликлар Ўзбекистонни қай даражада билади?
– Мен билган французларнинг барчаси Ўзбекистонга нисбатан ижобий фикрда. Шу қадар меҳмондўстмизки, бу камчилигимиз бўлсаям ёпиб юборади. Масалан, турмуш ўртоғим Ўзбекистонга келиб, яшашга ҳам рози (кулади).
– Юқорида турли миллат вакиллари билан бир ҳудудда яшайман, дедингиз. Турфа шароит ва характердаги одамлар орасида яшаш сизни хавотирга солмайдими?
– Хавф ҳамма жойда бор, аммо мен яшаётган жамиятда хавотирга ўрин йўқ. Атрофимдагилар ҳам менда ёмонлик йўқлигини сезишади. Ҳаммамиз инсонмиз, ўзаро ҳурмат билан яшашимиз керак. Ҳеч кимнинг миллати ёки динига қараб мулоқот қилмайман.
– Юртни соғинасизми?
– Лионда уч-тўрт кунлаб қуёш чиқмаган пайтларда қуёшни соғинаман. Ухлашдан олдин ҳам, эрталаб ҳам барибир қишлоғимни эслайман. Тупроқ кўчалар, боғ-роғли ҳовлилар ҳар доим хаёлимда.
– Шахсий ҳаётингизга ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Турмуш ўртоғим француз, менинг биринчи маслаҳатчим. У ҳам ижтимоий муаммолар билан шуғулланади. Ҳозир икки нафар фарзандимиз бор. Ўғлим Ёқуб, қизим Марям. Уларга ўзбек ва рус тилларини кўпроқ ўргатишга ҳаракат қиляпман. Болаларим мен улғайган жойларга боришларини, менинг юртимни севишларини, қайтиб келгач, соғинишларини истайман. Таътил пайтлари Ўзбекистонга жўнатишни орзу қиламан.
– Орзуларингиз рўёбга чиқсин! Суҳбат учун раҳмат!

Миролим ИСАЖОНОВ суҳбатлашди.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар