Қаламга садоқат
ЯХШИ КЎРГАН СЎЗИ “ЯХШИЛИК”...
Радио ва тележурналистика соҳасида узоқ йиллар фаолият олиб боргани дарров сезилади: шошиб-шошиб гапиради, уқтириб – уқтириб гапиради.
Анча пайт бир тизимда ишлагани учун, албатта, инсонга касбидан нималардир ўтади. Болаларча беғуборлик, ҳаётнинг ҳар онидан эзгулик излаш, инсонлардан ҳам фақат яхшилик ахтариш, бошқаларни ҳам шунга ундаш... Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси Ҳафизахон Ҳайитметовадаги ибратли фазилатларнинг бир илдизи онаси отинбиби Шарофат ая ва диний, дунёвий илмлар билимдони отаси Шарофхўжа қорида бўлса, яна бир илдизи жонкуярлик, фидокорлик билан қилинган меҳнатида. “Она тилим онадай азиз”, “Бола кўнгли онада”, “Садоқат”, “Тарихни ўрганамиз”, “Ҳикматлар хазинаси”...
Ҳафиза Ҳайитметова мактабма-мактаб, қишлоқма-қишлоқ кезиб тайёрлаган, ўз пайтида Ўзбекистон радиоси тўлқинлари оша эфирга узатилган бу эшиттиришлар неча авлод болалари учун тарбиячилик ролини бажаргани, шубҳасиз. Журналист 1997 йилдан бошлаб Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг Болалар ва ўсмирлар муҳарририятига раҳбарлик қилади. Унинг “Алпомишлар ҳамиша ғолиб”, “Бир сиқим тупроқ”, “Умр дафтари” каби кўрсатувларидаги ватанпарварлик, илмга ихлос руҳи таҳририятга ўзгача иқлим олиб кирди.
Ҳафиза опа гарчанд бугун нафақада бўлсалар-да, қаламлари билан ҳамиша халқ хизматида. “Қалбим хазинаси”, “Дунё ичра дунёларим” китоблари умр йўлларидаги сабоқлардан сўзлайди. Ижтимоий тармоқларда бериб борилаётган “Ҳаёт манзаралари” деб аталган туркум видеороликлар билан юртдошларимизни фикрлашга, баҳсга чорлайди. Ўз муаммоларидан фориғ бўлиш ҳақида ўйлашга даъват этади, биргаликда ечим йўлларини излайди.
М.ЭРГАШЕВА