ИЗҲОР

     Қува тумани ҳақида гап кетса, Зуҳра Алиева қиёфаси жонланади кўпчиликнинг кўз ўнгида.

Менинг зарларга бергусиз гўзал бир ошиёнимсан,
Қувамсан – дилда боримсан, онам – Фарғонажонимсан,

– сатрларини билмайдиган бирорта қувалик бормикин. Дадам қўлимдан тутиб, устознинг уйига олиб борганда 10 ёшли қизалоқ эдим. “Онам юрган кўчалар” китобидан ўша шеърни ўқидим-у самимий мисралар ёдимда қолди. Зеҳним ўткирлиги учун эмас, изтироблар ўткирлиги, соғинчлар тиниқлиги, шаффоф туйғуларнинг бир нафаслик юмшоқ сувдек ютумлилиги учун.

Гоҳида кенг, гоҳи тор онам юрган кўчалар,
Райҳонларнинг бўйи бор онам юрган кўчалар.
Кўзга сурай гардини, сўзлар онам дардини,
Менга азиз беғубор онам юрган кўчалар.

     Бир қарашда ўйноқи сўзлар рақсга тушаётганга ўхшайди-ю, бироқ унинг ҳазин куйини илғаган одам ўртаниб кетади. Онасини излаб юрган қизнинг интиқ нигоҳлари кино тасмасидай ўтади кўз ўнгингиздан.
     Якшанба куни бўладиган машғулот учун устознинг уйига киришим билан негадир ўша шеър келарди тилимга. Шоирнинг онаси Саодат отинни излардим ўша қадрдон кўчадан.
     Тахтакўприк маҳалласидаги 2-уй. Йиллар давомида ошиқиб келганимиз энг файзли хонадон бу. Қалбимга шеър ҳайратларини йўргаклаган бешик, болалигим овозлари қолган унинг деворларида. Мени шоир сифатида тан олган, ёзган машқларимни барглари билан қарсак чалиб олқишлаган таниш дарахтлари – биринчи мухлисим. Ота уйимдай азиз бу гўша. Ҳеч қачон оғзига қулф солинмаган бу дарвозанинг ланг очилиб кутиб олишларини соғинаман.
     Зуҳра Алиеванинг дарслари она тили ва адабиётга илк меҳримизни уйғотган давомий сабоқлар эди. Даврадошларим билан устознинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзни дафтарга ёзиб, савол-жавоблар қилиб, мусича болаларидек чуғурлашардик, шеърлашардик, сирлашардик. Бугун устознинг барча шогирдлари орзу осмонлари сари қанот қоқиб, баландга учдилар. Уларнинг давлат идораларида, таълим муассасаларида, санъат ва маданият даргоҳларида намунали фаолият олиб боришларида ўша мўъжаз уйдаги кечган дарслар салмоғи катта.
     10 август ҳақида ёзмасам бўлмайди. Мен кўрган илк мумтоз давра. Қўшиқлар, шеърлар жаранглайдиган, юракларга қўшилиб қўлларимиз рақсга чоғланадиган кун бу. Изҳорлар тилакларга, тилаклар юракларга кириб борадиган сана – устоз Зуҳра Алиеванинг туғилган куни. Ўша уйда ҳар йили устознинг энг яқин дўстлари Энахон Сиддиқова, Санъат Маҳмудова (раҳматли)дан тортиб, Марҳабо Каримова, Холисхон Усмонова, пойтахтлик меҳмонларгача дастурхон атрофида жам бўларди. Бу даврада биз – “Надимий” тўгараги аъзоларига сўз берилиши ҳам анъана бўлган. Ҳали ғўр шеърларимиз кўнгли кенг меҳмонлар томонидан оширилиб баҳоланади. Қарсаклар, олқишлар, дуолар... Бу ҳам Зуҳра Алиеванинг шогирдларни тарбиялаш стратегияси. Кейин шу олқишларнинг овозига мос шеърлар яратишга интиламиз. Ўқиймиз, ёзамиз. Кейинги йил – 10 августга бўйларимиз каби шеърларимизни ҳам ўстириб келамиз. Қандай нафис мажлислар, нафосат гурунглари эди. Кейин китобларда ўқисам, Нодираи даврон, Увайсий бошлаган адабий машваратларнинг давоми экан август оқшомлари.
     Ўша пайтлар ижодкор қисматини бола қалбимизга соддагина қилиб тушунтириб бергандилар: “Тикувчи кўйлак тикиши учун бозордан мато сотиб олади, новвой нон қилиши учун ун харид қилади, ошпаз ош дамлаши учун гуруч ғамлайди. Лекин ижодкор шеър ёзиш учун ҳаммасини қалбидан олади. Бу жуда оғир, қийноқли роҳат. Машаққатларни бўйнига олган, чидаган инсонгина шоирга айланиши мумкин”.
     Шеър ишқи мени умрини ижодга, журналистикага, шогирдлар тарбиясига бағишлаган инсон билан учраштирганидан фахрланаман.
     Устоз, гоҳи шогирдлик бурчимизни эсдан чиқарган эсак-да, ҳамиша қошимизга пешвоз чиқаётганингиз учун раҳмат сизга.
     Сиз ҳақингизда бундан ҳам гўзал битиклар ёзишим мумкин эди. Навқирон ёшингиз салобати босиб, “ҳаяжонланган” қаламим ожизлигидан андишадаман. Донишмандлик фаслига кирганингиз – қутлуғ ёшингиз муборак бўлсин.

Гўзалхон ОХУНОВА,
Фарғона

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар