“Қува ҳаёти” газетасининг бош муҳаррири, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Зуҳра Алиева илк бор “Саодат” журналига келганини эҳтиром билан эслайди:
– Қувадаги 17-умумтаълим мактабида директор эдим. Лекин журналга биринчи келганимда ёш қизчалардек ҳаяжонланганман. Ўша пайтда нашрга бош муҳаррир бўлган Ҳалима Худойбердиеванинг рўпарасида ҳаяжондан овозларим титраб, Нодирабегимга аталган шеъримни ўқиганман. Кейинчалик опа қаерда кўрсалар: “Қон сачраган рўмолингиз бошимдадур”, дея ўша шеърдан сатр айтиб, мени эркалаб қўярдилар.
Ҳа, шундан буён кўп сувлар оқиб ўтди.
У шоира сифатида камолга етди. Ўзига ишонч берган, парвозига қанот бўлган қадрдон журналдан қадамини узмади.
Фарғонадан унинг шогирди Гўзал Охуновани мухбирликка танлаганимиз ҳам тасодиф эмас: Зуҳра Алиеванинг истеъдоди, фидойилигини шогирди қалбида, ёзувларида кўрганимиз ижодкор қизнинг юлдузини бизга иссиқ кўрсатди.
Муҳтарама Зуҳра Алиева!
“Саодат” сизни туркум шеърлар, байрамлар, мукофотлар билан кўп бор табриклаган. Бугун эса ҳаётингиздаги яна бир яхши кун – донишмандлик фаслига кирганингиз билан муборакбод қиламиз. Фарзанд, набиралар камолидан келадиган қувонч, яхши асарлар бахтиёрлигини тилаймиз. Маънавият, маърифатнинг тарғиботида сайрона тилингиз, инсониятга эзгулик истаган дилингиз толиқиш билмасин!
Эҳтиром билан,
"Саодат" журнали жамоаси.