Холида опамни Қорасарой маҳалласида яшаган пайтларимиздан эслайман.
Иккинчи жаҳон уруши кетаётган вақтлар бўлса керак, мен ҳали бу фалокатни тўла тушуниб етмаган бола ёшида эдим.
Опамнинг бўйлари баланд (мен улардан 11 ёш кичик эканман), буғдойранг, соғлом, ҳамма ишларни биладиган, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, мен қўрқадиган кўршапалакдан ҳам чўчимайдиган, қўшнининг итини ҳам “пошёл”, деб ҳайдаб юборадиган ботир қиз эдилар.
Аям овқат қилаётганларида уларга боғдан помидорми, жўхорими узиб кел десалар, бирга бориб, “ёрдам” бериб, биттасини кўтариб келардим. Кейин жўхорини аям ўчоқнинг қўрига кўмиб, бизга пишириб сочиққа ўраб қўярдилар. Дадам ишдан келганларида оиламиз билан овқатдан сўнг ердик. Ҳалигача ўша жўхорининг мазаси оғзимда қолган.
Уруш вақтида бувим касал бўлганларида аям укам Башар (у эмизикли эди) билан Қўқонга кетган эканлар. Биз Қорасаройдаги уйимизга боғдан кўчиб келган эдик. Ҳовлимизнинг этагида яшайдиган Салом хола деган қўшнимиз аям билан опа-сингилдек яқин бўлишган. Қизлари Саодат менинг бирга ўйнайдиган ўртоғим эди, эрлари Тўлаган амаки – дадамнинг дўстлари – урушга кетган эдилар.
Дадам аямга:
– Йўлларда икки бола билан қийналасиз, – деб мени Салом холамларга, Холида опамга ишониб уйда қолдирган эканлар. Акам Улуғбек саккиз-тўққиз ёшларда бўлсалар керак, улар ҳам уйда эдилар. Сабринисо аммамни “ойи” деб чақирардик. Улар ҳам бизга қарагани келиб турган эканлар. Дадамнинг ишлари кўп, баъзан кеч келардилар. Ўшанда Холида опам билан бирга ухлардим.
Қўшнилар чиқишса, уруш ҳақидаги ваҳимали хабарларни айтишар, мен кечаси қўрқиб Холида опамнинг бағрига кириб ётардим. Қўрққанимни билиб, опам лампа чироқни ёқиб китоб ўқиб ёки чиройли овозларида ашула айтиб мени тинчлантирар, сўнг мудраб кетардим. Рўпарамиздаги Ғулом амакининг ҳовлисида Холида опамнинг ўртоқлари – қўшнимиз Жаба яшарди. Опам ўртоғи билан бирпасга йўқ бўлиб қолсаям, уларни қидириб йиғлардим. Шунда опам келиб:
– Олмос, менга ёпишиб қолганмисан, мана келдим-ку, – дердилар, мен хурсанд бўлиб ачомлаб олардим.
Аям опамнинг бошларини ювиб, сочларини майдалаб ўриб ўтирганларида, қачон менинг сочим ҳам майдалаб ўрадиган бўлар экан, деб ҳавас қилардим.
Эсдаликларимдан яна бири – Холида опамнинг тўйлари... Айтишларича, тўй кеч куз, 7 ноябрь байрами кунига мўлжалланган экан. Уруш, очарчилик пайтида тўй қилиш осон эмас. Тўйни дадамнинг чолғучи дўстлари қиздиришгани учун жуда файзли ўтди, деб хотирлаб юришади. Майдонларда байрамга аталган мушакбозликни кўрган одамлар Ғафур Ғулом қизининг тўйида мушак оттирди, деб гап қилиб юборишган экан.
Куёвнавкар келиб-кетгач, келинни ясантириб, сепу сарполарини аравага ортиб қариндошлар, қўшнилар чилдирма чалиб, ёр-ёр айтиб тўйхонага кетишган. Арава кўздан ғойиб бўлгунча Баҳринисо аммам, аямлар, меҳмонлару қўшнилар, қўл силтаб хайрлашиб қолганимиз эсимда. Ҳовлимизга кирсак, Баҳри аммам аямга бир нарсалар гапириб юпатаётган эканлар. Аям: “Илоҳим, бахтли бўлсин”, – деб кўзларини артаётган эдилар.
Куёвникига келинни олиб бориб қайтиб келгач, ҳаммамизни у ерга олиб бориши керак бўлган. Араванинг келишини узоқ ухламай кутганмиз. Ниҳоят, ярим кечада келиб, бизни ҳам "Келинсалом"гача куёвникига етказиб олиб борган. Мени совуқда кўрпачага ўраб қўйишган. Йўлдаёқ ғилдиракнинг аллалашига ухлаб қолган эканман. Уйғониб кўзимни очсам, аям, Маҳфуза опам, аммаларим Холида опамни ясантиришаётган экан. Бошларига ғижим рўмол солиб, атлас кўйлак (бувим аямга Қўқонга борганларида бисотларидан олиб тиктириб берганлар. Ўзлари киймай, келинчак тўйда кияди, деб олиб қўйган) кийдиришди. Бирлари қўйиб, бирлари “Роса ярашди”, деб мақташди. Опам янаям чиройли бўлиб кетганди. Мен бориб оёқларига ёпишсам, кўтариб олиб: “Соғиндингми?” – деб юзларимдан ўпиб-ўпиб олдилар. Мен бўлсам: – Жуда чиройли бўлиб кетибсиз, – дедим уялиб, ҳаммамиз хурсанд эдик...
Бу менинг умримда биринчи "Келинсалом" кўришим эди-да, қўшнимиз келинчакни ҳаммага салом қилдирди. Ҳатто, мен билан ўйнаб юрган меҳмон болагача эгилиб салом бердилар. Кейин меҳмон бўлиб ўтирдик. Хайрлашаётганимизда мен:
– Опа, сиз уйимизга кетмайсизми? – десам, Холида опам:
– Энди менинг уйим шу ерда, поччанг билан яшайман, – дедилар. Ҳамма кўчагача хайрлашиб чиқди. Опамдан ҳеч ажралгим келмасди.
Шокир поччам эл таниган полвон эканлар. Дадам у йигитни биринчи бор уруш вақтида Пушкин паркининг жанггоҳида курашда кўпни енгганини кўрган экан. Ўшанда дадам Шокир полвон ғолиблигига пул олмаганини, мардлиги, “Елкаси ерга тегмаган” полвонлигини кўриб меҳри тушган экан.
Шундан кейин у кишини дўстлари билан чойхонада ош қилиб меҳмон қилибдилар, гап орасида:
– Шу кураш тушиш ҳунарингни йиғиштир, – дебдилар. Шокир полвон Ғафур Ғуломга ёқиб қолган бўлса керакки, қизларига куёвликни таклиф қилибдилар.
Шокир полвон ва Холида опам учрашиб, кўришиб бир-бирларига муҳаббатли бўлиб тўй бўлган экан. Романларда учрайдиган бундай воқеани фақат Ғафур Ғулом – “Шум бола”нинг муаллифигина ўйлаб топиши мумкин эди-да. Худойим ҳам бундай совчиликка “омин” деб юборган бўлса керак. Шокир поччам ва Холидахон опам бутун умр бахтли ҳаёт кечиришди.
Поччамнинг дўстлари тўйдан бироз кейин: – “Гап”га қўшилинг, – деб таклиф қилишибди. У киши ҳам “Гап”га қўшилиб, “Гап” берадиган бўлибдилар. Бу воқеа Абдулаҳад жияним туғилган, ҳали чиллалик вақтида бўлган экан, лекин Холида опамнинг бу воқеадан хабарлари йўқ.
– Холида қимирламай ётсин, чиллалик, биринчи фарзанди, – дебдилар аям. Улар опамни жуда аяр эдилар. Уйидагиларга парҳез таомлардан едиришни тайинлардилар. Аям Холида опамни “ёш” деб, ҳар ҳомиладор бўлганларида “Икки жон саломат кўзи ёрисин”, деб дуода бўлар эканлар. “Аёллар учун фарзанд дунёга келтириш осон эмас”, дердилар.
“Гап” қачонга мўлжаллангани “симсиз” телефонда аямга етиб келибди. “Шундай эл оғзига тушган куёвнинг юзини ерга қаратиб бўладими? Полвон куёвнинг дўстлари ҳам камида полвонлардир-да, яхшилаб кутиб олиш керак”, деб аям дадамга айтибдилар. Сабринисо ойим (ҳамма ишга бош-қош)га воқеа етказилибди. Улар қизлари, келинлари Нафисахон (опамнинг жонажон ўртоқлари, бир кўчада катта бўлишган) аям билан Холида опамнинг боғларига мени, Башар укамни ҳам олиб боришган.
Баҳор эди. Катта қозон ўрнатиб, нориннинг шўрваси осилган...
Келин, қизлар енг шимариб меҳмонларга етгулик хамир қорилиб, уларни ёйиб, кесиб кулчатойни нориннинг шўрвасида пишириб, шабадада совитиб, қизиган пахта ёғда ёғлаб, лаганларга тахлашган. Гўшт ва қази пишгач, йигитлар ишга тушибди. Келинлар, қизлар эса нориннинг хамирини тўғраган... Боғга гилам шолчалар солиниб, кўрпачалар тўшалиб дастурхон ёзилган. “Гап”га йигитлар гурас-гурас кела бошлашди. Бу – 1946 йил бўлса керак. Меҳмонларга тараддуд қилишаётган вақтда Сабринисо ойим билан аям биринчи марта чақалоқни чўмилтириб олишгани ҳам эсимда.
Қийқириқ, урушда енгиб ғалаба қилиб келганлар шарафига тўйдек бўлган бу “Гап”. Байрам устига байрам. Чилдирмачи, чолғучию ҳофизлар йигитларнинг ўзларидан... Ана “Гап”у мана “Гап”... Бир кечаю бир кундуз йигитлар сийланишган.
Баъзан ўйлаб қоламан: ўн фарзандни “иҳ” демай дунёга келтириб, неча бор қаҳрамонлик унвонини олган, йигитларни имонли қилиб тарбиялаб, уйлантириб, қизларни покиза камолга етказиб, турмушга берган Холида опам полвонмиди? Ёки кураги ерга тегмаган Шокир поччамиз полвон эдими?..
Ўрни келганда отам Ғафур Ғуломнинг “Ёқут” шеърини эслагим келди.
Дадамнинг аямга ёзган хатларидан биламанки, улар қаерда бўлмасинлар фарзандларини тилга олганларида, биринчи Холида опам ва оилаларини сўраганлар. Ўғиллари Мирза, Хондамирларни бир жойга олиб борсалар, невараларини ҳам бирга олиб кетардилар. Ҳатто ёзларда болалар бирга ўссин, яқин бўлишсин, деб лагерларда ўғилларига набираларини қўшиб дам олдирардилар.
Каттароқ бўлганимда мени бозорга олиб борганларида, албатта, Холида опамларникига ҳам алоҳида бозор қилардилар. Кейин Қорасаройга ўтиб опамдан хабар олиб, қўни-қўшниларни кўриб, кўнгилларини олиб кейин Арпапояга келардик.
Урушдан кейинги йиллар осон бўлмади. Қийинчиликлар кўп вақтлардаям 6 ўғил 4 қизни борларини тежаб, йўқларига чидаб, ҳамжиҳатлик билан “Эр-хотин – қўш ҳўкиз”, дегандек бировдан кам, бировдан кўп, борига барака, деб ўқитиб, олим йигитларни уйлаб, ораста қизларни турмушга узатиб ўзларидан тиндиришди. Ҳаммаси бахтли-саодатли оилалар бўлишди.
Дадам ўтганларидан кейин аям, Улуғбек акам масъулиятни ўзларига олиб, опамнинг оилалари, фарзандларининг камоли ҳақида ўйлашди. Улар жиянларимни уйлантириш, қизларни узатишда ҳам аям, акам билан бамаслаҳат тўй бошлардилар.
Улуғбек акам 56 ёшда вафот қилдилар, Акам ўтганларида Холида опам қаттиқ куйди. Улар опа-укагина эмас, дўст, бир-бирларини юракдан тушунишар эди. Опам акамдан кейин узоқ яшамадилар. Бетоб бўлди, жиянларим шифокорларнинг ҳамма буюрган муолажаларини қилдиришди, фойдаси бўлмади. Охирги марта аям билан кўргани борганимизда гапиришга ҳам ҳоллари йўқ эди. Хаёлимда шундай қолдилар: кўзлари юмуқ, сочлари қоп-қора, биттаям оқи йўқ, бир тутами чеккаларида ҳимарилиб юзларини беркитиб турибди. Юзларини кўрай, деб сочларини қулоқларига қистирай десам, менга қараб кулиб қўйдилар. Гапирмадилар, бўйниларида томирлари уриб турарди... Хаёлимда ҳали ҳам томирлари уриб тургандек...
Шифохонадан то уйга келгунимизча аям эзилиб-эзилиб йиғлаб келдилар. Ўтганларида опамни қабристонга олиб кетишаётганда ич-ичларидан келган фарёд, кўзлари, юзларида ёш билан: “Қариган чоғимда Холида ҳам ташлаб кетди”, – дедилар.
Энди 10 фарзанд 10 га кўпайиб, ҳаммаси инсофли, тарбияли, ўқимишли бўлиб вояга етишди. Бу ҳаммаси ота-оналарининг меҳнатлари эвазига. “Озга чидасанг, обод бўласан”, деган халқимизда мақол бор, шундай бўлди. Энг аввал оилада бир-бирларига ҳурмат бор эди. Фарзандлар ҳамжиҳатликни кўриб улғайдилар. Мен учтагина фарзандимни вояга етказишдаги қийналганларимни ўйласам, опамни эслайман, улардан андоза оламан.
Мурғакликлариданоқ кечалари ухламай, ҳар бирининг феъл-атвори, кўнглига қараб тарбия қилиш, ҳар бири билан бирга неча марталаб касал бўлиш, тишининг чиқишидаги инжиқликлар... Тетапоя юра бошлаган чоғлардаги на баланд, на пастни билмай йиқилиш хавфи туғилгандаги қўрқувлар, қанча юрак ўйноғи...
Фарзандларини етук инсонлар қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳар бир саволига тўғри жавоб топиб бериш учун опамга қанча билим, қанча тажриба керак бўлган экан, деб ўйлайман.
Холида опам ва Шокир поччамнинг фарзандлари забардаст йигитлар, меҳрибон қизлар бўлиб вояга етишди. Абдулаҳад – Алоқа вазирлигига қарашли телеграф бошқармаси бошлиғи, Абдушукур – физика-математика фанлари номзоди, Абдуазиз – ресторатор, Жамолиддин – инженер, Тоҳира, Шарофат – пиллакор, Комила – ўқитувчи, Ёқут – акушер-гинеколог, Ҳикматилла – физик, Ифтихор – тадбиркор. Холида опамнинг фарзандлари, набира, эвараларида Ғафур Ғуломнинг қони оқяпти. Ҳароратлари дилларида, шижоатлари қалбларида. Улар янгиланаётган Ўзбекистонга хизмат қилаётган содиқ фуқаролар...
Олмос АҲМЕДОВА