Маърифатпарвар олима
Педагогика фанлари доктори, профессор Ойниса Мусурмонова қаерда ва қайси лавозимда ишламасин, хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш борасида ўз соҳасининг жонкуярлари сафида ҳалол хизмат қилиб келмоқда.
Олима мустақилликнинг илк кунлариданоқ педагогика илмида энг долзарб бўлган миллий ва умуминсоний қадриятлар воситасида ёшларнинг маънавий маданиятини шакллантириш муаммосини биринчилардан бўлиб тадқиқ этишга киришди. Тинимсиз илмий изланишлари натижасида дастлаб фан номзоди, кейин доцент, ундан кейин эса профессор илмий унвонларини олишга муяссар бўлди. Мамлакатимиз таълим тизими учун илмий-педагог кадрлар тайёрлашдаги тадқиқотлари билан ўзининг илмий мактабини яратишга муваффақ бўлган Ойниса опа айни дамда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти директорининг ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда.
Маърифатпарвар олима, кенг қамровли жамоатчиларнинг пешқадамлари сафида ўзининг намунали фазилатларини намоён этиб келаётган қаҳрамонимиз Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган бугунги паллада мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-маънавий тараққиётига қўшган улушлари муносиб баҳоланиб, ҳукуматимиз томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Илм заҳматининг юкини беминнат тортиб келаётган жонкуяр олимамизни ҳукуматимиз, халқимиз эътирофи билан самимий қутлаймиз. Ўйлаймизки, бу эҳтиром уларга янги қадамлар учун рағбат ва шижоат бахш этади.
Фарғонанинг ўктам аёли
Олтин водий Фарғонанинг чекка қишлоғида туғилиб ўсиб, бетакрор ижоди, юксак истеъдоди, фидойи устозлиги, санъатсеварлиги нафақат ўзини, балки Ёзёвон аталмиш туманини элга танитаётган дилбар ва зукко аёл Ўктамхон Солиева аёллар байрами арафасида II даражали “Соғлом авлод учун" ордени соҳибаси бўлди.
Айни пайтда Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабида мураббий бўлиб ишлаб келаётган ижодкорнинг “Шукур қилиб яшайлик”, “Садоқат”, “Қуёшли юрт ҳақида достон”, “Юрагимга яқинларим”, “Қалб нури ёритган йўл” ва болалар учун “Опоқижон, опоқи” номли китоблари чоп этилган.
Бадиий публицистик мақолалари юртимизнинг турли матбуот нашрларида эълон қилиниши баробарида Қозоғистон, Польша, Ҳиндистон, АҚШнинг нуфузли нашрларида ҳам чоп этилган.
Салкам ярим асрлик меҳнат фаолияти давомида қаҳрамонимиз таълим соҳасида фидойилик билан келажагимиз эгаларини мустақил фикрли, кенг дунёқараш ва соғлом тафаккурли баркамол авлод қилиб тарбиялашдек шарафли жараёнга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ўктамхон Солиева давлатимиз раҳбарининг қўлидан юксак мукофотни қабул қилиб олар экан, таълим соҳасидаги юксалишлар, ёш истеъдодларни кашф қилишдаги имкониятлар учун самимий миннатдорлик изҳор қилди.
Ҳаёт агар бир боғ бўлса, боғбон муаллим, дейилади бир шеърда. Ишонамизки, Ўктамхон Солиева ва унинг ҳамкасблари яратган боғлар юрт кўркига кўрк қўшиб, яшнатиб бораверади.