“САОДАТ” МАНЗИЛЛАРИ
ТУПРОҚ ХАЗИНАДИР тошлар хазина
Болалигимизда бир топишмоқни кўп эшитганмиз. “Зар гилам, зар-зар гилам, кўтарай десам, оғир гилам...” Ва бу топишмоқнинг жавоби ер эканлигини кимдир топган, кимдир топмаган. Аммо нима учун заминга зарнинг сифат қилинганлигини анча кейин – ёшимиз улғайганида англаганмиз. Дарҳақиқат, ер, тупроқ одамзодга Аллоҳ берган неъматларнинг энг қадрлиларидан бири экан. Кафтимизда кам-кам силаб, кам-кам манглайимизга сурадиганимиз шу замин, шу тупроқ, ҳатто, кўрганимизда кўксимизни кўтариб юборадиган адир, тоғу тошлар ҳам энг бебаҳо унсурлардир.
Бу ҳақиқатни, айниқса, юртимиздаги конларга, конлардаги маъданларга ишлов бераётган корхоналарга борганимизда яна ҳам аниқроқ ҳис қиламиз. Бу йил фаолиятини бошлаганига етмиш беш йил тўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинатидамиз.
– Комбинатимиз бу масканга тасодифан қурилмаган, – дея юртимиз оғир саноатининг залворли қисмини афсонавий паҳлавонлар каби кўтариб келаётган корхона ҳақидаги суҳбатни бошлаб беради ОКМК АЖ бошқарув раиси Абдулла Хурсанов. – Биз яшаб турган мана шу ҳудудларда қадим даврларда Илоқ давлати жойлашган. Ва бу ер олтин, кумуш қазиб олинадиган йирик марказлардан бўлган. Табиийки, бундай зару сиймли тупроққа барча замонларда қизиқиш катта бўлади. Узоқ тадқиқотлардан сўнг ўтган асрнинг ўрталарида “Олтин топган” кон-металлургия комбинатининг қурилиши бошланган. Ишлаб чиқарилган қимматбаҳо маъданлар тез фурсатда мамлакатимиз оғир саноати учун зарур хомашёлар саноғига кирган.
– Комбинатимизнинг кончилик корхоналари, бойитиш фабрикалари, мис эритиш ва рух, оҳак заводлари каби катта қувват билан ишлайдиган кўплаб таркибий қисмлари бор. Йигирма тўрт соат узлуксиз фаолият давом этадиган бу заҳмат жараёнида айни пайтда ўттиз беш мингдан зиёд ишчи-хизматчилар бор, – дея раҳбарининг сўзларини давом эттиради бошқарув раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Умида Қаршибоева.
– Албатта, асосий вақтимиз дастгоҳлар бошида, лабораториялар, цехларда ўтади. Лекин барча бошқа касбдагилар каби бизнинг маънавий дунёмиз ҳам бор, – дея бу маскандаги ҳаётнинг бошқа бир тарафига эътиборимизни қаратади корхона бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси Камола Умаралиева: – Қилаётган меҳнатларининг муносиб баҳоланаётгани, маошлари, мукофотлари, албатта, ишчиларимиз руҳиятини кўтаради. Лекин инсон кўнглида, айниқса, аёлларимиз қалбида санъатга, адабиётга қизиқиш бўлади. Шу маънода биз тез-тез турли саналар муносабати билан таниқли санъаткорлар, шоир, ёзувчилар билан учрашувлар ўтказамиз. Байрам тадбирлари уюштирамиз. Бу жараёнда фақат эшитувчи эмас, иштирокчи ҳам бўламиз. Ўзимизнинг шоирларимиз, ашулачиларимиз, спортчиларимиз бор. Ҳатто, ҳаваскор ижодкорларнинг ижод намуналаридан саралаб китоб ҳам тайёрладик. Ҳудудимизда меҳнатимиз хусусиятларидан келиб чиқиб чиройли гуллар, ям-яшил дарахтлар ўстиришимиз бироз қийинроқдир, лекин опа-сингилларимизнинг кўнгилларини меҳр, эътиборимиз билан гулдай яшнатиб қўйишга ҳаракат қиламиз, – дея Камолахон бизни мис бойитиш фабрикасининг янчиш ва бойитиш цехига бошлайди. Гувуллаб ишлаётган дастгоҳлар оралаб меҳнат жараёни билан таниша бошлаймиз. Коржома, махсус бош кийим – каска кийган аёллар бир нафас олгулик лаҳзада ишларидан узилиб, кўзлари билан саломлашгандек бўлишади. Оғир саноат деганда аксарият ҳолларда тасаввуримизда баҳайбат қурилмалар, қудратли овозлар жонланади. Аслида уйларида, тўйларда атлас-шоҳилар кийиб, капалакдек учиб-қўниб юрадиган мана шу аёллар – ўзимизнинг ўзбекойимларимиз, ўша оғир саноатни ҳаракатга келтирувчи кучлар.
– Тош кўринишида олиб келинган хомашёларимиз махсус тегирмонларда янчилади. Бир неча ишлов босқичларидан ўтгач, мана бундай суюқ кўринишга келади, – дея кузатувчиларимиз биз одимлаётган темир йўлакчалар остида қайнаб ётган қуюлмани кўрсатишади.
– Бу оддий суюқлик эмас, юртимиз хазинасига бойлик қўшаётган олтин, кумуш, мис, яна ўнлаб маъданлар шунинг ичида.
Биз ҳамроҳларимизнинг таништиришларини диққат билан тинглар эканмиз:
– Эртаклардаги қайнар хумчалар-да, булар. Аждодларимиз эртак қилиб айтиб кетишган бўлса, ҳақиқатга айланганини биз кўриб турибмиз, шукр, – деймиз. Шу орада танаффус эълон қилиниб, ишчи опа-сингилларимиз бир давра бўлиб атрофимизни ўраб олишади.
– Феруза Додаковаман. Ўн етти йилдан буён шу цехда меҳнат қиламан. Иш бошлаганимда ўттиз уч ёшда эдим. Бутунлай бошқа соҳадан – боғча тарбиячилигидан келганман. Тўртинчи разрядга эга ишчи даражасига етиш осон кечмади. Хатолар ҳам қилдим, танбеҳлар ҳам эшитдим. Аммо астойдил ҳаракатни тўхтатмадим. Чунки катта сулоламизнинг меҳнатли умри мана шу корхонада кечган. Қайнота, қайнонам, турмуш ўртоғим – ҳаммасининг номи, нони, шаъни мана шу маскан билан боғлиқ. Келин бўлиб мен ҳам бу анъанани давом эттирдим. Ўғилларим Беҳзод, Бекмурод, Исломбек, Ўткирбекларнинг қулоқларига болаликларидаёқ:
– Олмалиқнинг осмони сал-пал ғуборли бўлгани билан ерининг ости тўла бойлик. Шу шаҳарда туғилиб, ўсганимиз – бахтимиз. Бошқа жойдан бахт ҳам, касб ҳам изламаймиз. Билим олсак, билимимизни, ҳунар ўргансак, ҳунаримизни мана шу хазинани юзага чиқариш йўлида сарфлаймиз, – деб қуйганмиз. Ҳозир ўғлонларимнинг учтаси комбинатимизнинг турли цехларида ишлайди. Ҳадемай кенжатойимиз ҳам ёнимизга кириб қолади. Катта келиним ҳамкасбимиз. Бу йил нафақага чиқаман, ўрним бўш қолмайди. Додаковлар сулоласи ҳали бу корхонанинг юз йиллигида ҳам пўлатдан бел боғлаб хизмат қилаётган бўлади.
Инсонни қилаётган иши ўзига ўхшатиб қўяди, деганлари рост. Ферузахон дадил-дадил гапиради.
– Нафақага чиқдим, деганим уйда қават-қават кўрпача устида ўтираман, деганим эмас. Бу ерда тинимсиз меҳнатга кўниккан одам кексаликка бўй бермайди. Нафақага чиқсам оилавий тадбиркорлигимиз бор: қандолат маҳсулотларини тайёрлаб, дўконларга топширамиз. Келинларимга бош-қош бўлиб, шу ишни юргизиш ниятим бор.
Пайтдан фойдаланиб жамоатчилик асосида ишлаётган, фабриканинг хотин-қизлар кенгаши раиси Малоҳат Дўстовани суҳбатга тортамиз.
– Кўриб турибмиз, ишчиларингиз орасида аёллар оз эмас. Мамлакатимиз миқёсида хотин-қизларга бўлаётган эътибордан мана бу олтин қўлли опа-сингилларимиз ҳам баҳраманд бўлишса керак...
– Албатта. Ҳар бирига бир йилда ижтимоий пакет учун ўн етти миллион маблағ ажратилади. Шу ҳисобдан ҳар кун тушлик қилишади. Дам олиш оромгоҳларига йилда бир марта имтиёзли йўлланмалар олишлари мумкин. Болалари учун таътил пайтларида оромгоҳларга чегирмали йўлланма ҳам шу ҳисобдан. Ҳомиладор аёллар маълум бир муддатдан сўнг енгил ишларга ўтказилади. Тарихий шаҳарларимизга зиёратлар уюштирамиз. Биргалашиб концертлар, саҳна асарларини томоша қилгани борамиз. Рўзғор юмушлари, борди-келдилар билан аёллар уйдан ишга, ишдан уйга чопади. Бундай тадбирлар орқали уларнинг ҳаётларига бошқача бир ҳаволар олиб киришга ҳаракат қиламиз. Мана, сизларнинг ташрифингиздан хабар топиб, Мис бойитиш фабрикасининг бир гуруҳ қизлари учрашувга интиқ бўлиб туришибди. Ҳозир шуларнинг ҳузурига борамиз, – фабрика хотин-қизлар етакчиси шундай дея бизни яна келган темир йўлакларимиздан орқага бошлайди. Дастгоҳларда ишлашни бир тарафда қўйиб турайлик, мана шу темир йўлакчаларда ҳар куни бориб келишнинг ўзи ҳам чакана меҳнат эмас экан. Майли-да, кимлардир чаманзорлар оралаб ризқ топади, кимдир денгизда сузиб, ким осмонда учиб... Олмалиқ аёлларини эса мана шу темир йўлаклар нон, насиба сари элтар экан, Аллоҳ шунга яраша қувват берсин.
– Менинг қизларимнинг “ишчи” деган ёрлиғига қараманглар. Шоир кўнгли бор уларнинг. Даврани ўзим бошлаб бера қолай. Чақалоқлигимда онам қўлида кўтариб автобусда кетаётса, йўловчи аёллардан бири ҳадеб қарайверибди. Онам безовта бўлган экан, ҳалиги аёл:
– Узр, бу қизча Ортиқ аканинг фарзанди эмасми? – деб сўрабди. “Ҳа”, деган жавобни эшитгач:
– Отасига роса ўхшар экан, бахтли бўлади, – деган экан. Отам қирқ йил шу комбинатда ишлаган. “Отамга ўхшайман, отамга” деган шеъримни ўша гўдакликда эшитган таассуротларим асосида ёзганман.
Малоҳат хотираларининг шу нуқтасида отасига атаб ёзган шеърини ўқиб беради. Шундан сўнг ишчи Шарифа Тангирова сўз олди.
– Қирқ йил бўлди комбинат остонасидан ҳаяжон билан кириб келганимга. Аввал шогирд бўлдим, аста-секинлик билан устоз мақомига етдим. Ишимиз ўта зийракликни, аниқликни талаб қилади. Тайёр маҳсулотлар таркиби давлат белгилаб берган сифат кўрсаткичларига тўғри келишини назорат қиламиз. Маъданларимиз кўринишидан жуда арзимаган ўлчовдаги нарсадек туюлса-да, зарралари ҳам жуда қиммат туради. Шунинг учун ўзимиз ҳам қаттиқ назоратда турамиз. Ҳатто, иш жойимизга зирак, узук тақиб кириш ҳам мумкин эмас...
Шарифахон лавозими нуқтаи назаридан йиллар давомида ўзини ниҳоятда чеклаб яшаган бўлса-да, шу интизомли фаолиятига муносиб баҳо олди: Бу йил Президентимиз Фармонига биноан, “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Ишчиларимиз битта-битта давра марказига чиқишар экан, уларнинг қалбларида ҳам ўзгача оламлар яшаётганини ҳис қиламиз.
Олий маълумотли ёш мутахассис Розия Аҳмадалиева:
– Мен бундан ўн йил аввал коллежни тугатиб, мана шу фабрикага келганман. Ўз ишимни яхши ўзлаштириб олган бўлсам-да, олий маълумотли бўлиш орзуси ҳеч тинчлик бермасди. 2017 йили комбинатимизга муҳтарам Президентимиз ташриф буюриб, янги конларни очиб бердилар. Мен сўзга чиқиш бахтига муяссар бўлдим ва ўзимнинг орзуйим ҳақида минбардан туриб айтдим. Истагим ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланди. Ва ўша йилдаёқ Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиалидаги кончилик иши йўналишига сиртдан ўқишга қабул қилиндим. Олган билимларим ҳозирги фаолиятимда қўл келяпти. Турмуш ўртоғим Алишер Аҳмадалиев фабрикамизда бош муҳандис лавозимида ишлайди. Бир жуфт қизлик бўлдик. Ҳам оилада, ҳам жамиятда бахт топиб яшаётган тўкис оиламиз.
Флататор Озода Юнусова:
– Мен ҳам Розия опа таҳсил олган олийгоҳни тугатганман. Ишим ўзимга жуда ёқади. Кондан қазиб олинган рудани белгиланган усулда бойитиб, маъдан таркибидан қимматбаҳо қисмларини ажратиб олиш билан шуғулланамиз. Олий маълумотли эканлигим корхонада ҳар жиҳатдан фаол бўлишимга ёрдам беради. ОКМК ТВ каналида китобхонликни тарғиб қилиш учун “Бир асар мутолааси” кўрсатувини олиб бораман. Бундан ташқари, Тошкент вилояти "Novel – writer" NNTнинг “Китобхонлик волонтёрлиги” лойиҳаси аъзосиман. Ўзимни шонли комбинатимизнинг бир парчасиман, деб ўйлайман ва унга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.
Озода сўзини устоз Зулфияхонимнинг “Баҳор келди сени сўроқлаб” шеърини ўқиш билан якунлади.
Шеъру шуур билан файзиёб бўлган бу учрашувдан сўнг ОКМК ни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида олиб борилаётган янги қурилишлар ҳақида тасаввурга эга бўлиш мақсадида йўлимизни давом эттирдик. Мис катоди, рух метали, шунингдек, олтин, кумуш, молибден, вольфрам, рений, селен, теллур, кадмий каби қимматбаҳо маъданлар ишлаб чиқараётган комбинат ҳудуди каттагина бир шаҳарни эслатади. “Ёшлик – 1” кони маъдан таркибидаги олтин ҳажми бўйича дунёдаги энг йирик конлардан бири деб тан олинди. Уни ўзлаштириш мақсадида олиб борилаётган ҳаракат манзиллари ва З-мис бойитиш фабрикасининг қурилиш майдонлари тоғ ёнбағирларига туташ кенгликларда экан. Баланд бир нуқтадан туриб кранлари ердан бир неча терак бўйи кўтарилган юк кўтариш машиналари, баҳайбат БелАЗ ларни томоша қилдик. Улар орасида меҳнат қилаётган одамларга қараб “Чумолидай заҳмат чекяпти”, деган ўхшатиш хаёлга келди.
– Мазкур лойиҳа Ўзбекистондаги энг йирик инвестиция лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Бу лойиҳа тўлалигича амалга ошса, комбинатимизнинг ишлаб чиқариш қуввати бир неча баравар ошиши кўзда тутилмоқда, – дея кўриб турганларимизга яна ҳам аниқлик киритади 3 – мис бойитиш фабрикаси ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Ойбек Исматов: – Ҳозирда мазкур қурилишимизда ўн бир мингдан зиёд қурувчи махсус техника ёрдамида иш олиб бормоқда. Бу ерга инсоннинг қўл кучидан ҳам кўпроқ ақл, билим билан бошқариладиган техника воситалари жалб қилинган. Фабрика фойдаланишга топширилгандан сўнг 3000 дан зиёд ишчи ўринлари яратилади.
Кўрганларимиз, эшитганларимизга қараб Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг яна ҳам порлоқ эртасини тасаввур қилиб қувонамиз.
Шаҳар бўйлаб юришларимизда бир нарсага эътибор бердик: йўллар, йўлаклар ажиб бир кўринишда ярқирайди. Ишловдан сўнг завод, фабрикалардан тарқаётган дудда ҳам маъдан зарралари қолармикан, деган фикр ўтди хаёлимиздан. Шундан сўз очсак бойитиш фабрикасининг раҳбари, ўз меҳнат жойи билан ниҳоятда фахрланадиган Равшан Сиддиқов эсда қоларли гап қилди:
– Фабрикамизнинг асосий иши – маъданни қайта ишлаш ва мис концентратини олиш. Қолгани чиқинди хўжалигида тўпланади. Лекин келажакда уларга ҳам ишлов гали келади. Улардан ҳам кунимизга ярайдиган бойликлар чиқади. Бизнинг бебаҳо тупроғимизда чиқинди бўлиши мумкин эмас.
Ҳа, шундай, устоз шоиримиз Ҳамид Олимжон айтмоқчи:
Меҳр қўйиб ўпган сари оқ,
Оппоқ бўлди бу азиз тупроқ...
Мунаввара УСМОНОВА,
Қутлибека РАҲИМБОЕВА.
Тошкент – Олмалиқ