Синовларнинг сийлови бор

 

ЗАМОНДОШЛАРИМИЗ

Синовларнинг сийлови бор

   Ўтган асрнинг ўрталарида ўзбекистонлик кўплаб забардаст йигитлар Мирзачўлни обод қилиш учун юборилади. Улар орасида ромитанлик Ато Наврўзов ҳам бор эди. Бўз йигит чўлларни обод қилиш жараёнида мардона меҳнат қилди. Вақт ўтиб у Ҳадичахон исмли бир қизни севиб қолади. Икки ёш никоҳ ришталари билан бир оила бўлгач, чўлларни обод қилишда давом этадилар.
    Зулфия Атоева – ўша муҳаббат меваси, Мирзачўлда туғилган. Ота-онасидаги шиддат, олов қалблилик унга ҳам кўчган.
   Тақдир зайли ила орадан йигирма йиллар ўтиб, оила Ромитанга кўчиб келди. Зулфия ҳам балоғатга етгач, Бахшулла Бобоевга турмушга чиқди. Ота-онасидек чўлни ўзлаштириш, янги ерлар очиш, фермерчилик ҳаракатига биринчилардан бўлиб қўшилиш Зулфиянинг ҳам тақдирида бор экан.
    Чўл барибир чўл-да. Сув танқис, майдонлари шўрланган. Бу жойлардан кўзланган ҳосилни олиш учун икки, уч баравар қаттиқроқ меҳнат қилиш керак бўлади. Дастлаб 18 гектар майдонда деҳқончилик бошлади. Кейинчалик 110 гектарга кенгайтирилди. Совуқ кунлари Зулфиянинг кўз ёшлари кипригида музлаб қолган пайтлари бўлди, лекин ҳаракатдан тўхтамади. Тўхтаса, ҳосилни йўқотиши аниқ эди. Дастлабки йиллари Бахшулла акага суянган бўлса, энди ўғиллари – Ўктам, Ғайрат, невараси Достонлар қўлидан қийин ишларни олган.
– Фермер хўжалиги шу неварам номига қўйилган. Худди ўзимга ўхшайди, келажакда қишлоқ хўжалиги бўйича яхши мутахассис бўлади, деб умид қиляпман, – дея невараси Достонни алқайди Зулфия опа.
   Бу йил табиат деҳқонларни яна бир синовга ташлади. Қиш қаттиқ келгани боис буғдой экилган майдонлар ҳосилини совуқ урди. Баҳорга келиб, экинлар қурий бошлади. Зулфия опанинг вужудига ўт тушгандек бўлди. Ахир, шу ҳосилдан умиди катта эди. Яна қанча кам-кўстини тўлдирар, нечта рўзғорга кўмаклашар эди-ку!
   Яратган бирни олса, бирни беради. Бу йил Ромитан туманидаги “Достон” фермер хўжалигининг пахта майдонларида ҳосил мўл бўлди. Буғдой экинлари қовжирагандан бери дарди дунёси қоронғу бўлган аёлнинг дилига ёруғлик кирди. Очилган пахталарни кўзига суртади. Ўғиллари, невара, келинларини пешонасидан ўпиб қувонади. Худди шундай кунларда “Достон” фермер хўжалиги раҳбари Зулфия Атоеванинг "Дўстлик" ордени билан мукофотланганлиги ҳақидаги хушхабар тарқалди.
– Меҳнатларимнинг роҳатини кўрадиган кунлар келганига шукр! – деди деҳқон аёл муборакбод этгани келган дўсту ёрларига.
– Бу йил 170 тонна юқори навли пахта етказиб бераман! – деди Зулфия опа орденни олар маҳали.
    Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Режаларини биринчилардан бўлиб уддалади. Барча техника ускуналарига эга фермер хўжалигида пахтачиликдан ташқари чорвачилик, боғдорчилик ҳам йўлга қўйилган. Фарзанди, неваралари, келинлари, ишчилари – ҳаммаси фермер хўжаликнинг ўзига яраша юкини кўтаради.
– Бу аёл маҳалладошларининг меҳрибони. Ким хасталанади, кимнинг уйида кам-кўсти бор, билади, оғринмай кўмак бераверади, йўқлаб боришга вақт топади. Шунданми, одамлар яхши кўради, Зулфия опани. 70 ёшга кирибди ҳамки, меҳнатдан қайтмайди, – меҳр билан дейди "Қоқиштувон" маҳалла хотин-қизлар фаоли Шаҳноза Ҳасанова.
– Чўлни жиловлашнинг ўзи бўлмайди. Тиззагача ботарли қум, қамишу тиканлар бўйинг баравар. Ҳар қадамда тулки, шоқолларга дуч келасан... Бу аёл эса ярим кечасигача ўша жойда қолиб кетган кунлари бўлади. "Ғинг" демайди! Бутун-да юраги... – суҳбатга туман Оила ва хотин қизлар бошқарма бошлиғи Зулхумор Аслонова аралашади.
     Куз барибир кузлигини қилди-да. Режалар-ку бажарилди. Лекин баъзи майдонлардаги пахта ҳали терилмай, ёмғир қуйиб берди. Уч кун тинимсиз ёғди ўзиям. Зулфия опа эгат бошига ўтириб олиб йиғлади!
Энди қўлда терилган пахта ҳақини оширган эди.
     Энди кўпчилик ёпирилиб далага чиққан, ҳарна, пахта териб кам-кўстини тўлдираман деганди-я!
Фермер аёл намчил ҳавода пахтасининг нави пасайганига бир куйса, одамларга келаётган даромаднинг йўли тўсилганидан кўпроқ қайғуради.
     Мана, тўртинчи куни ёмғир тинди. Қуёш чарақлаб чиқди.
    Чўлқувар фермер Зулфия Атоеванинг ҳам кўзларида нур жилваланди. Шу тарзда фасллар алмашади. Табиат ҳам тусланиб, турланади. Лекин машаққатли меҳнатдан ҳаловат топиб яшаётган инсонларнинг шижоати, мақсад йўлидаги интилишлари собит қолади.

Махфират АТОЕВА,
Бухоро вилояти.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар