ИБРАТЛИ УМР
ЯРИМ АСРЛИК ЙЎЛ
Узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бориб эл-юрт корига камарбаста бўлган, “Фидокорона хизматлари учун” ордени ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони соҳибаси Манзура Эгамованинг ҳаёт йўллари ҳақидаги суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилар эканмиз, бу йўлларда меҳнат, ғурур, армон, қувонч каби ҳиссиётлар қоришиғини ҳис қилдик.
– Манзура опа, сиз камолга етган оила ҳақида суҳбатимизни бошласак?
– Андижон вилоятидаги Жалақудуқ тумани ҳудудига қарашли “Ёрқишлоқ” аталган қишлоқда туғилганман. Оилада тўнғич фарзанд бўлганман, мендан кейин иккита укам бор. Биринчи синфга чиққанимда дадам қазо қилганлар. Онам мен ва икки укамни бир кўз билан камолга етказди. Волидамизнинг меҳри ҳам, қаттиққўллиги ҳам бор эди. Тонг саҳарда уйғотарди. Қўрамизда сигир, қўй дегандай мол-ҳолимиз бўлар, уларнинг емишини тайёрлаб, сўнг мактабга чопардим. Дадам раҳматли агроном бўлганлар. Наслимдан ўтганми, мактабга, китобга нечоғлик қизиқсам, дала меҳнати ҳам мени ўзига шунчалик тортарди.
Далага чиқа бошлаганимда ўз-ўзидан атрофимдагилар менга эргашадиган бўлишган. “Ёш бўлсанг ҳам сенинг одамларни ишонтириш қобилиятинг бор. Бунинг устига, қариндошми, бегонами – бирдек ғамини ейсан. Сендан яхши раҳбар чиқади”, деган эди раисимиз бир йиғилишда илғорлар сафида мукофот топшираётиб. Дарҳақиқат, кўп ўтмай бригадир бўлдим.
– Бригадир қизнинг турмушга чиқиши қандай бўлган?
- 1970 йили саккиз қиз ва бир ўғилли оилага келин бўлдим. Мен тушганда тўртта қайнсинглим ҳали оила қурмаган эди. Раҳматли қайнотам Турғунбой ота темирчи, қайнонам Жўрахон ая – уй бекаси бўлган. Улар мени ҳаётим давомида энг кўп қўллаган инсонлар бўлди.
Аёл кишига оиласидагилар шароит яратиб, унга ишониб қўлласагина ишида унум бўлади. Умр йўлдошим Роҳиддин ака савдо соҳасида бўлгани билан зиёли, китобхон инсон эди. Янги турмуш қурган пайтимиз: “Майли, ишлайсан, лекин мансабинг остонанинг у ёғида қолади”, деган. Шунга амал қилиб яшадим. Уйда бироз тушунмовчилик бўлса, катталар ёнимга тушарди. Оила, рўзғор, менга ишониб топширилган масъулиятли вазифани бажаришда кўп қийин аҳволга тушган пайтларим ҳам бўлган.
Яқинларимга оғирлигим тушмасин, деб кўп қийналардим. Бош фарзандим Баҳриддин дунёга келганда кўпроқ ўзим билан далага олиб кетардим. Бир-бирига уланиб кетган пахта пайкаллари орасида чопқиллаб ўйнаб юрарди. Ёш эканман-да, пахтазор тепасидан бутифос пуркаётган темир қанотлар ҳақида ўйламабман. “Заҳари дилбандим бошидан ҳам сочилади-ку”, деган хавотирим бўлмабди. Дарди дилим ғўзада эди. Қатқалоқ учқулоқ бўлган ғўзанинг бўғзидан сиқиб қўймаяптими, бехато кўсак тугдими, шоналаяптими...
Оёғимда кирза этик, сочим чамбарак, рўмолни маҳкам танғиб юрганим-юрган эди... Шу ўғлим, менга илк бор “Она” деган улуғ мартабани ато этган дилбандим йигитлик чоғига етганида йиқилди. Бедаво дардга йўлиқди. Чимилдиқ кўрмай бизни айрилиққа ташлаб кетди. Ҳали-ҳануз: “Ўғлимни ўша заҳарли ҳаволар шу дардга йўлиқтирди”, деган армон юрагимни эзади.
Шукр, Аллоҳ бизни яна фарзандлар билан сийлади. Тошкентга Олий партия мактабига ўқишга борганимда болаларим ёш эди. Мен стипендия оламан, дадаси тунни кунга улаб ишлайди. Баъзан стипендия, баъзан маош кечикади. Бир буханка нонга пул тополмаган кунларда дугоналаримдан бири:
– Манзура қийналяпсиз-ку, раҳбарлардан моддий ёрдам сўранг, – дегани ёдимда. Мен бундай қилмадим. Орият қилардим. Ҳозир ҳам баъзи ҳамюртларимиздаги боқимандалик кайфиятини кўрсам, хижолат чекаман. Одамзод ориятдан айрилмасин. Ҳамиятсиз одамда муқаддас туйғулар бўлмайди. Меҳнатимни юзага чиқарган ҳам шу ҳиссиёт бўлса керак. Қайси вазифани ишониб топширишса, ўзимга-ўзим: – Манзура, майдонга тушдинг. Қанча қийинчилик бўлса, чидайсан, – дер эдим. Хўжалигимизда касаба уюшмаси қўмитаси раиси бўлдим, агрономлик қилдим. Бўз тумани ижроия қўмитасига раис бўлдим. Кейинроқ ўзимизнинг туманда ҳокимга ўринбосар қилиб тайинлашди. Тинчлик замон бўлса-ку, элни бошқариш ўзингга боғлиқ. Аммо нотинчликнинг муаммолари кўп бўлади. Афғонистондаги уруш пайтида кунда, кунора шаҳру қишлоқларимизга темир тобутларда келган ўғлонлар, уларнинг ота-оналари ноласи, кейинроқ Шўро ҳукумати жон таслим қилаётган кунларда нонга зор бўлган оилалар, болалар ўлимининг авж олиши, ўзини ёққан аёллар фарёди...
– Манзура опа, заҳматлар орасидан ўтиб яшаш осон бўлмагандир. Аёл кишига катта бир туманнинг ҳокими бўлиш янада қийин кечгандир...
– Туманга ҳокимлик қилиш осон иш эмас. Умримнинг ўн уч йилини шу қийин вазифани адо этишга сарфладим. Қувончли кунларим ҳам кўп бўлди. Туманимиз пахта ҳосилдорлиги бўйича республикада биринчи ўринни олган йилини умрим китобининг олтин саҳифаси, десам бўлади. Қаттиқ ер, инжиқ табиат... Гоҳ сувдан қисиламиз, гоҳ ўғитдан ... Лекин ишлов зўр бўлса, она тупроққа манглай теринг чак-чак томиб турса, ер ҳам бағрини очар экан... Ўз-ўзидан бир вазифадан иккинчисига сакраб ўтмадим. Ҳар бир ўтганимнинг сабаби, ҳар сабабнинг оқибати бор.
Аёл сифатида ҳоким бўлиш бу анча мураккаб эди. Ўзим ҳам жуда қийналганман. Биринчидан, юртдошларим тан оладими аёл ҳокимни, деган савол қийнаган. Иккинчидан, мен аёл бошим билан шундай юксак ишончни оқлай оламанми ё йўқми, деган ичимдаги бир туйғу тинчлик бермасди.
Ўйласам, ўша йиллари тунни тонгга улаб дала кезган эканман. Уйқусизликка ҳам ўрганиб қолгандим. Ғайратим оёғимга ором бермасди.
Ўн йилдан зиёд ҳокимлик лавозимида аёллигимни унутиб ишладим. Дард эшитиб дармон бўлардим-у, иссиғим чиқиб ўт ичида азоблансам ҳам тик туришга мажбур эдим. Ёнимдан ўтгани кўп, жонимдан ўтган синовлар олдида ҳам кўз ёшимни кўрсатмадим. Элининг олдида йўлбошчиси йиғласа, боши эгик бўлса, бундан кўплар озор топади, руҳи шикастланади, деб ўйлардим.
Мустақилликнинг илк йилларида катта дошқозондан чўмичимизни қуруқ олиб, янги ҳаёт бошлаш осон бўлмаган. Бу йилларда иккита катта масала олдимизда турарди. Биринчиси – тинчликни сақлаш. Иккинчиси – халқни оғир бўлган ҳолат – озиқ-овқат танқислигидан олиб чиқиш. Бир куни Ойим қишлоғидан хабар келди. Борсам, ишонасизми, қирқ гектарли майдонда комбайн бункери тепасида ёш болалар ғаллани ўғирлаяпти. Олдида юзлаб аёллар буғдойни ўриб кетяпти. Қарасам, эплаб бўлмайди. Бункердан буғдойни одамлар учун ўша ерга тўктирдим. Далани шу ҳолича одамларга ташлаб, комбайнни бошқа буғдойзорга олиб ўтиб кетганмиз. Одамларимизда ўша пайтларда ун тақчиллиги бор эди. Буни тўғри тушуниш керак. Шунақа оғир даврларни кўрганмиз. Лекин халқимизнинг дунёқараши, меҳнаткашлиги, мустақилликка бўлган ишончи бу вазиятдан уларни олиб чиқиб кетган.
Май воқеалари эса бизнинг яқин тарихимиздаги оғриқли воқеалардан ҳисобланади. Кутилмаган ушбу фожиа кўпчиликни довдиратиб қўйди. Мени зудлик билан вилоят хотин-қизларининг раҳбари лавозимига ўтказишди. Вилоятда, айниқса, Андижон шаҳрида вазият нозик эди. Неча кунлаб уйқусиз тик оёқда юрдик. Маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча... Одамларни эртанги кунга ишонтириш керак. Эл олдига чиққанда баъзан шунақа гаплар қайнаб келардики, худди кимдир қулоғимга шивирлаб тургандай ўзим ҳайрон бўлардим. Бу қийинчиликлардан ҳам ўтиб олдик. Етти-саккиз йил нарисида Ватанимиз тарихида янги саҳифа очилди. Енгил нафас ола бошладик. Эркин меҳнат, ўқиш имкониятлари кенгайди, инсон қадри тобора юксалиб бораётгани қувонтиради.
– Сиз босиб ўтган шарафли йўллар олтин ҳарфлар билан ёзишга арзирли. Ўтган йилларингиздан миннатдормисиз?
– Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, аёл сифатида турмуш ўртоғимнинг – ҳокимлигингизни остонанинг нариги тарафида қолдириб келасиз. Уйга кирганда оддий аёл бўласиз, деган шартларини сўзсиз бажардим. Умрининг сўнгги дамларигача қайнота-қайнонам хизматларида бўлдим, дуоларини олдим.
Ҳозир табаррук ёшдаман. Фарзандларим ҳам бугун эл хизматида. Ўғлим Баҳромжон фермер, Зуҳриддин ҳуқуқшунос, қизим Гулнорахон эса ўқитувчи. Ўзим бир этак невара, чеваралар қуршовида бўлсам ҳам ҳамон эл орасидаман. Фақат турмуш ўртоғим ёнимда бўлмаганига армон қиламан.
Бугун аёллардан раҳбарлар кўпаймоқда. Чунки аёл жамиятнинг томир уришини яхшироқ сезади. Фақат уларнинг қалби ҳам, қадами ҳам халқ билан бўлиши керак. Шундагина одамлар орасида эъзоз, жамиятда ўрин топади. Нокамтарликка йўйманг-ку, мени ҳам Манзура қилган бир сабаб – элу халққа яқин бўлганим. Тўйида тўрга чиқиб ўтирмай, уй эгасининг ёнида бўлганим. Маъракасида кўз ёш қилганим...
Баъзиларни мансаб безайди, айримлар мартабага обрў бағишлайди. Қайси тоифага киришимизни одил тарозибон белгилайди. Фақат бир нарсани биламанки, қай ишга қўл урсам, меҳнат, машаққатимни миннат қилмадим. Ҳа, шунинг учун ҳақнинг розилигидан умидворман. Албатта, ўтган йилларимдан миннатдорман.
Суҳбатни Моҳинур Ҳазратулло қизи ёзиб олди.