БИРИНЧИ МУҚОВАДА
МУНИСА
Бугунги кунда ёшлар фаоллиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим, зеро, улар жамият тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Шу боис, айнан навқирон авлод зиммасига ёрқин келажак барпо этиш вазифаси ишониб топширилган. Халқаро ҳамжамият ҳам ҳар қандай мамлакат тараққиётида соғлом ва баркамол, ташаббускор, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ёшлар ўта муҳим ўрин тутишини алоҳида эътироф этади. Зотан, улар – инновация, ғоя ва ечимларнинг битмас-туганмас манбаидир.
Қаҳрамонимиз Муниса Бурҳонова Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети 2-босқич таянч докторанти. Болалигидан тил ўрганишга қизиққан Муниса Тошкент шаҳридаги 295-мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, Жаҳон тиллари университетига эмас, балки қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ҳужжат топширди.
Мактабни тамомлаш арафасида у долзарб муаммо ҳисобланган сув танқислиги бўйича ечимлар ишлаб чиқишга қизиқиш билдирди. Ўзининг фаолият йўналиши сифатида қишлоқ хўжалигида сув муаммоларини ҳал қилиш ҳамда сувдан тежамкор фойдаланишни таъминлашни танлади. Ушбу соҳага қизиқиши, ресурсларни самарали бошқариш ва экологик барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшиш истаги билан боғлиқ эди. Мунисанинг танлаган йўналиши қишлоқ хўжалигида сув таъминоти муаммоларини ҳал этиш орқали ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга ёрдам беришга қаратилган.
Оила қўш устунли қўрғондир. Унинг мустаҳкам бўлиши, албатта, оила боши зиммасига катта масъулият юклайди. Отаси Маъмуржон ака оиласини ҳалол ризқ-рўз билан тебратди. Умр йўлдоши Холисхон опа уй бекаси бўлиб, турмуш ўртоғининг меҳнатларини муваффақиятга айлантирди. Улар икки қизни билимли, салоҳиятли қилиб тарбияладилар. Тўнғич қиз Моҳинур ўқитувчи, оилали, ўзидан тинган.
Муниса тамомила бошқа йўналишда омадини синаб кўрди. Натижа ёмон бўлмади ва биринчи курслигидан бошлаб билимга чанқоқ талаба сифатида кўпчиликнинг эътиборига туша бошлади. Тинимсиз ўқиш ва изланишлар самараси ўлароқ у дастлаб Беруний номидаги Давлат стипендияси совриндори бўлди. Кейин эса “Йил талабаси” танлови Республика босқичида фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Бу билан тўхтаб қолмаган қаҳрамонимиз ютуқлар салмоғини ошириб Президент стипендияси соҳибасига ҳам айланди. Йигирмадан зиёд илмий мақолалар ёзди, республика миқёсидаги илмий-амалий анжуманларда фаол иштирок этди.
Истеъдод ҳаммага ҳам берилавермайди, ундан ўз ўрнида фойдалана олганлар эса эъзоз топиб бораверади. Муниса “Гидромелиоратив ишларни механизациялаш” ихтисослиги бўйича бакалавр ва магистр босқичларини имтиёзли тамомлади.
Илм – руҳ озиғи, қалб хотиржамлиги билан бирга маънавиятни юксалтиради, маърифатни мустаҳкамлайди. Илм излаганлар эса, албатта, устознинг саъй-ҳаракати, меҳнатлари, заҳматлари эвазига юксалади, қадр топади. Мунисадаги илмга бўлган чанқоқликни сезган устоз – қишлоқ хўжалиги фанлари профессори Бахтиёржон Матяқубов уни ўзига шогирдликка танлади. Устоз шогирд ҳамжиҳатликда сув танқислиги глобал муаммо эканлиги, дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга оид қандай ишлар амалга оширилиши лозимлиги борасида илмий изланишлар олиб боришмоқда.
– Менинг мақсадим ҳам айни шу йўналишда, табиатни асрашга, сувни тежаш ва атроф-муҳит озодалигига ҳисса қўшишга, юртдошларимизда экологик маданиятни оширишга хизмат қилишдир. Бу борада илмий тадқиқотлар олиб бориб, инсониятни табиат билан боғлиқ ҳалокатдан асраб қолишга ўз ҳиссамни қўшишни истайман, – дейди Муниса.
Ер юзида рўй бераётган иқлим ўзгаришлари ҳамда аҳоли сонининг ўсиб бориши натижасида чучук сувга бўлган талабнинг йилдан-йилга ортиб бориши, қишлоқ хўжалигида сув танқислигини бартараф этишда тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича илмий изланишлар олиб бораётган Муниса каби истеъдодлар қиёфасида ёрқин келажакни тасаввур этиб, қувонамиз.
Феруза ОРИПОВА