САЙЁҲЛАРГА СЕВИМЛИ АЁЗҚАЛЪА

 
ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР
 
САЙЁҲЛАРГА СЕВИМЛИ АЁЗҚАЛЪА
 
Дилбар Каримбердиева: «Фаолиятим юзасидан кўпгина давлатларда кўргазмаларда қатнашдим. Аммо Ўзбекистондек меҳмондўст, миллий қадриятлари юксак заминни учратмаганман».
 
     Дилбар Каримбердиевани тўрткўлликлар меҳнаткаш ва бирсўзли аёл сифатида яхши танишади.
     Шижоати ёшларникидан асло қолишмайдиган тадбиркор йигирма беш йилдирки, халқ сайёҳлик хизматида.
   Ҳали мактаб давриданоқ тиниб-тинчимаган қаҳрамонимиз Москва қишлоқ хўжалиги академиясининг педагогика факультетини тугатиб, бир пайтлар ўзи ишлаган Йўлдош Қурбонов номидаги қишлоқ хўжалиги техникумида фаолиятини давом эттирган.
– Инсон меҳнат билан қадр топади. Болалигимдан онамга ёрдамлашиб юриб рўзғор ишларида пишганман. Ишга қўрқмай ёпишадиган одатим келин бўлиб тушган хонадонда қўл келди. Буни қарангки, раҳматли қайнонам мендан ҳам кўпроқ меҳнат қозонида қайнаган экан. У кишининг озодалиги ва уддабуронлиги мени ҳайратга соларди. Ҳар қандай маҳсулотни бирпасда ширин таомга айлантира оларди. Пазандалик ҳам маҳорат. Ҳозир хориждан ташриф буюрадиган сайёҳларга ўзимизнинг бири-биридан ширин миллий таомларимизни тақдим қиляпмиз ва бунда қайнонамдан ўрганганларим асқатмоқда. Ёшлигимдан саёҳат қилишни хуш кўрардим. Қўлимга пул тушди дегунча турли шаҳарларга борардим. Ҳатто, бир неча бор раҳматли дадажонимдан дакки эшитган кунларим ҳам бўлган. Шундай кезда онажоним жонимга ора кирарди, ёнимни оларди. Ҳозир ўша кунларни эсласам, беихтиёр кўзимга ёш келади. 1996 йилда сайёҳлик марказини ташкил қилдик. Турмуш ўртоғим қизиқишларимни қўллаб-қувватлаб, менга елкадош бўлди. Ишни ички туризмдан – туя сотиб олиб, хорижликларни туяда сайр қилдиришдан бошладик. Ўшанда иккитагина туямиз бор эди. Ташриф буюрувчилар, асосан, шубат (туя сутидан тайёрланган нордон ичимлик) ичимлигини хуш кўришарди, эрта туриб шу ичимликни тайёрлардик. Кейинчалик ишимиз ривожланиб, аралаш туризмга қўл урдик, Тўрткўл туманида "AYAZ YURT" оилавий корхона, Беруний туманида "BARXAN TUR" ташкил қилиб фаолиятимиз кенгая борди. Бугунги кунда учта сайёҳлик корхонамиз мунтазам иш юритяпти. Фаолиятим юзасидан кўпгина давлатларда кўргазмаларда қатнашдим. Аммо Ўзбекистондек меҳмондўст, миллий қадриятлари юксак заминни учратмаганман, десам муболаға бўлмайди. Бизда маданият бошқача, анъанага ҳурмат бошқача. Қорақалпоғистон ҳам ўзига хос қадриятлар бешиги. Миллий ўтовларимиз, кенг саҳролар, туманлардаги соҳил бўйида қад ростлаган бетакрор сайёҳлик мажмуалари ҳар қандай нозик дидли сайёҳларни ҳам мафтун этади. Айнан Элликқалъа туманидаги "Аязқалъа тур" сайёҳлик кемпинги пурвиқор тоғлар, қадимий қалъа ва чиройли манзаралар билан қуршалгани боис бу жойда муҳит ўзгача: ҳавоси ҳам ўзига хос. Шу боис сайёҳлар оқими тўхтамайди. Дастлаб фаолиятимизни мавсумий ташкил қилган бўлсак, ҳозирда йилнинг барча фаслларида хизмат кўрсатиш имкониятимиз етарли. Жумладан, миллий услубда тикланган ўтовлар, усти ёпиқ ва очиқ супалар... Кредит ҳисобига Хитойдан харид қилган эллик ўринга мўлжалланган иккита автобусимиз мунтазам хизматда. 2007-2008 йиллар оралиғида ЮНЕСКО лойиҳаси гранти асосида "Аязқалъа тур" қайта таъмирланди. Йўллар давлат томонидан асфальт қилинди, инфратузилма яратилди. Илгари йўллар лой ва чанг бўлганидан яёв борган киши борки, қийналарди. Айниқса, қиш кунлари машина ботиб қолиб оворагарчилик кўп бўларди. Ҳозир ҳаммаси рисоладагидек. Бугунга келиб йилига бир ярим, икки минг сайёҳга хизмат кўрсатиб келмоқдамиз, – дейди "AYAZ YURT" оилавий сайёҳлик корхонаси раҳбари Д и л б а р Каримбердиева .
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида бир қатор имтиёзлар, лойиҳалар, ташаббусларни илгари сурди. Ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, зарур чоралар юзасидан кўрсатмаларни ҳам бериб ўтди.
     Қаҳрамонимизга жорий йил омадли келди, хотин-қизлар байрами арафасида "Шуҳрат" медали, тадбиркорлар кунида "Туризм фидойиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.
    Биз учун бир қадар очилаётган қўриқ бўлган бу соҳани унинг фидойилари, иқтисодимизнинг мустаҳкам таянчлари юксалтиради. Улар қаторида Дилбар Каримбердиева каби ҳаракатчан, ташаббускор фидойи тадбиркорлар ҳам борлиги қувонарлидир.
 
Фотима АБДУРАИМОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар