МЕҲРИ ДАРЁЛАРДЕК ТОШҚИН

ҚУТЛОВ
 
МЕҲРИ ДАРЁЛАРДЕК ТОШҚИН
 
     2011 йилнинг апрели бошлари, юртдан узоқда эдим. Баҳорнинг бир ойи ўтиб кетган бўлса ҳам, қиш руҳи ҳукмрон, ҳамон қорлар уюми тоғдек уюлиб ётар, осмонда қуёш чарақламаганини неча ойлар бўлган эди кўрмаганимга. Қуёш исини, қийғос гуллаб турган ўрикларни, тупроғимнинг тансиқ меваларини жуда соғинган эдим. Мен билан ўз тилимда гаплашадиган биттагина одам бўлса ҳам майли эди-я. Шунинг учун ҳам ҳамма нарса менга бегона, ҳамма нарса менга ёт туюлар, совуқ уфурадиган манзаралар оралаб паришон юрардим. 
– Вафо ака! – деди менга талпиниб келаётган истарали бир йигит. Уни дарров танидим: Шерзод. Ҳамкасб опам Салима Умарованинг ўғли. Биз бир-биримиз билан жон-жигарлар мисоли бағирлашиб кўришдик. У Кармана, қадрдон дўстлар ҳақида ҳаяжонланиб гапирар экан, мен унинг ҳикояси тугамаса, дердим. 
– Хизмат сафари билан икки кунга Москвага келган эдим. Онам, албатта, бир йўла Вафо акангни ҳам кўриб келасан, яхши бўлди, дедилар дуои саломларини йўллаб. – Мана бу сизга! Сиз билан бу шаҳарни куни бўйи айланишни истардим-у, аммо вақтим тиғиз, – деди у гурунгимизга якун ясагандай. 
     Бугун қайтишга билети бор экан. – Дарвоқе, – деди чўнтагидан ихчам бир конверт чиқариб. – Бу сотилган китобларингизнинг пули. “Жараён”нинг… 
– Шерзоджон, умрингиздан барака топинг! Бунга қанчалик муҳтож эдим, тасаввур ҳам қилолмасангиз керак...
Аввало Салима опамнинг ўғли менга Ватанимнинг чароғон қуёшини, дунёни қалбдан бошлаб ёритадиган ўзбекнинг баҳорини олиб келгандай бўлди. Ётоқхонага келибоқ, у менга тутқазган сумкани очдим. Очилдастурхон денг! Майиз, туршак, ёнғоқ ... ва яна аллақанча ўзбекона тансиқ неъматлар. Қайси бирини айтай. Буларсиз ҳам куним ўтиши мумкиндир, лекин уларнинг руҳисиз, юракдаги чиройи, қуввати ва тотисиз менинг руҳониятим жуда ғариб юрмаганмиди?! 
     Ўшанда қанчалик саодатманд бўлганимни ифодалаб беролмайман. Енгиб бўлмас бир кучга тўлгандай бўлдим. Опа китобларимни сотиб, бериб юборган пул эвазига эса бир семестр давомида ўқиш ва ётоқхонада туриш ҳақини тўладим. Ундан ташқари, еб-ичишим учун ҳам кифоя қилиб, нақ тўрт-беш ой фақат ўқиш ва ижод хаёли билан ошно бўлдим. Бундай яхшиликни қандай қайтариб бўлади. Ҳеч қачон! Бунинг учун опам қанча вақтини сарфлаган, асабини кетказган, кимларга илтимос қилмаган эди, дейсиз. Лекин ёрдам беришни ўзининг бурчи деб билганидан адо этган. Сал аччиқ бўлса ҳам айтай, бу яхшиликни менга ўзимга яқин бўлган бирон-бир дўстим қилмаган, қилолмаган эди.
     Сиз ўйламанг, азиз ўқувчи! У фақат ўзининг бир ҳамкасб танишига шундай бир яхшилик қилган бўлса қилгандир, деб. Опада бу фазилат туғма, ота-онасининг улуғ тарбияси ҳамда улуғ динимиз йўриғида бўлишни истаган оқила, маънавиятли муслиманинг ҳаётий маслагидир. Ҳатто буни суиистеъмол қилганларни ҳам биламан. Салима опа табиатан мушфиқ, ҳассос бир қалб соҳибаси. Ҳар бир воқеадан тез мутаассирланади. Ақл билан фикр юритади, лекин кимнингдир бошига бир ташвиш ёки мусибат тушганини эшитса ё кўрса ундан кам қайғурмайди. Эҳтимол, бу борада муҳтарама аёлларга етадигани бўлмаса керак. Шунинг учун кам таъминланган кишиларга, болажон оилаларга ёрдам бериш учун шундайларни излаб юради, десам муболаға эмас. Ҳозир ўзим гувоҳ бўлган яна бир воқеа эсимга тушиб кетди.
     Уй телефонимиз жиринглаб қолди. Гўшакни рафиқам кўтариб, салом-алик қилишаркан, суҳбат асносида Салима опам эканини билиб, мен ҳам қулоқ тутдим. Зеро, опа жуда ташвишманд гапирар эди. Вилоятнинг қайсидир дашт туманидан бўлган бир келинчак таҳририятга келиб, ундан баъзан ёрдам олиб тураркан, шунинг қизалоғи оғир касалликка йўлиқиб, Тошкентдаги Онкология марказида ётганини аёл телефонда унга маълум қилибди.
– Шунинг олдига бориб, хабар олинглар, илтимос. Боёқиш гўдакнинг ҳозир ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётгандир. Кейин ўзим дўхтири билан гаплашиб, қўлимдан келганча ёрдам қилардим, – дея тайинлади опа.
Оилам билан тезда айтилган жойга бордик. Аммо Онкология марказидан на болани, на унинг онасини топа олдик. Бу ерда ётгани ҳақида ҳам ҳеч қандай қоғоз-ҳужжат йўқ эди. Афтидан, боқимандаликни ўзига касб қилиб олган аёл бошига тушган “мусибат”ни айтиб, опани алдамоқчи бўлган. Лекин Салима опага бу воқеани айтиб берганимизда ҳам у бунга ишонмасдан, қизалоқ ва унинг онасига ачиниб таассуфлар қилди.
     Мен бу ҳолатни кўп кўрганим учун ҳайратга тушиб ўтирмадим. Ундаги қўли очиқлик, одамларнинг ёрдамига ошиқиш тўлиб-тошиб кетганидан эмас, ҳар бир учраган таниш-нотанишни инсон деб билганидан, одамларга нисбатан қалбида меҳр-муҳаббат лиммо-лим бўлганидан эди. Опани яқиндан билмаган кимдир ўғли бир корхонанинг раҳбари бўлса, ўшанинг орқасидан битта-яримта бева-бечоранинг бошини силаб, ўзини саховатпеша кўрсатади-да, деб хомхаёлга бориши мумкин. Албатта, ўғли Шерзоджоннинг шу даражага етишида онасининг ҳиссаси катта. Ундаги олийжаноб фазилатларнинг барчаси онасидан ўтган. Салима опа эса ўзи жонбозлик қилиб, керак бўлса, нафақа пулини тўплаб, кимнингдир оғирини енгил қилишни истайди. Элдошларини қондошларим, деб билади. Навоийлик ёш ижодкорлар Салима Умаровани маънавий устозим дея ҳурмат қилади. Уларнинг ижоди равнақ топишида ҳар томонлама жонбозлик кўрсатгани, ҳомийлик қилгани боис “Кўҳак” ёш ижодкорлар тўплами дунё юзини кўрди. 
     Қалам билан ошно одам нафақага чиққанда ижод билан овунади-да, деб ўйлаймиз. Салима опа эса қишлоқда туғилиб, қишлоқда ўсмаганми, деҳқончилигу боғдорчиликни яхши кўради. Ўз сигиринг бўлиб, унинг сутини соғиб ичганга нима етсин, деган ақидада яшайди. Қачон бизнинг хонадонимизни йўқласа, қўйни-қўнжи тўлиб келади. 
– Опа, нима қилардингиз, – дейман мен ташрифидан қувониб. 
– Булар келинимга, жиянларимга. Лекин мана бу алоҳида бир банкадаги асал эса сизга! Ақлий меҳнат қилган одам кўпроқ асал ялаши керак, – дейди. 
     У шаҳарда яшайди, аммо ерни, дарахт экишни яхши кўради. Ўғли билан кенгашиб Кармана туманининг жанубий-шарқий томони Қизбиби дашт-қирларига туташиб кетган жойдан тўрт-беш гектар ерни ижарага олишган. Бу дала-боғда турли мевали дарахтлар, сабзавотлар, полиз экинлари етиштирилади. Асаларилар ҳам шу боғнинг “ишчилари”. У ернинг боғбонию деҳқонлари бор, аммо Салима опа ҳам эрта баҳордан кеч кузга қадар ер билан тиллашади. Албатта, унга ўн ўғил ҳам қилолмайдиган ғамхўрлик ва меҳрибонликни кўрсатиб, етарлича имконият яратиб қўйган дилбанди тантилигига ҳавасингиз келади. Лекин бу меҳр-оқибат, оқил тадбиркорлик жонкуяр волиданинг ёниқ ҳаёти билан шу юксакликка етгани чин. Энди бу мардона фазилатлар набираларига юқиши учун опанинг жони ҳалак. Аввало, уларнинг соғлом бўлишини жон-дилдан истаб, доим шунинг тадоригида куйиб-пишиб юради. Салима Умарова ўзининг жон томири заҳматкаш халқимизнинг олийжаноб маънавияти сарчашмаларига бориб тақалишини жуда яхши билади. 
     Таниқли шоира ва адиба кўп йиллар “Дўстлик байроғи” вилоят газетасида хизмат қилган, таҳририят қошида “Ниҳол” адабий тўгарагини ташкил қилиб, юзлаб ёшларни журналистика ва адабиёт соҳасига йўллаган ва қўллаган. Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари аъзоси, давлатимизнинг “Шуҳрат” медали ва “Меҳнат шуҳрати” ордени каби мукофотлари соҳибаси, йигирмага яқин шеърий, насрий, публицистик китоблар муаллифи, меҳрибон она Салима Умарованинг биргина фазилати ҳақида бир чимдим фикр юритдим, холос. Унинг ватанпарварлиги, халқсеварлиги, шунингдек, мард, ҳалол, покдамон, бутун бир шахс эканлиги ҳақида ибрат учун ўнлаб воқеалар борасида ёзишни истардим. Қалби дарё Салима опам бугун мазмунли умрининг нурли бекатида, қутлуғ ёшини нишонлаш арафасида турибди. Узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилайман. Икки дунё саодати ёр бўлсин!
 
Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ 

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар