СИЙРАТ ВА СУВРАТ
СИНОВЛАРДА СИНМАГАН ОВОЗ
Уни ҳамма пайқади. Қалам аҳли ўз касб байрамларини тантанали нишонлаётган, меҳнатлари муносиб эътироф этилган дўстларининг шодликларига шерик бўлишаётган анжуман анча гавжум эди. Лекин оппоқ либосда оққушдай учиб юрган, шодланиб рақсга тушаётган, “Келинг, расмга тушамиз”, деган таклифларни ҳам бажону дил қабул қилаётган Нозима кўпчиликнинг диққат марказида бўлди.
Миллий тележурналистика ривожи учун бахшида бўлган йигирма саккиз йиллик фидойи меҳнатлари ҳукуматимиз тарафидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган кун Ўзбекистон телерадиокомпанияси Маданият ва маърифат каналининг катта муҳаррири Нозима Воҳидованинг яна бир жиҳатини кашф этди.
– Ишлашни билгандек, қувонишни ҳам билар экан, – дейишди.
Аслида “Ишлашни билади”, деган ҳам кичкина баҳо эмас. Ўзбекистон телевидениесининг турли каналлари (Албатта, кўпроқ ҳозир фаолият олиб бораётган меҳнат жойида) турли йилларда эфирга узатилган “Мезон”, “50/50”, “Учбурчак”, “Қорачиқ” каби қатор кўрсатувларнинг муаллифи ва бошловчиси (баъзан бошловчиларидан бири) бўлган Нозима Воҳидова ўз ишига томошабиннинг вақтини хуш ўтказишга ёрдам берадиган, оромга мойиллик уйғотадиган қизиқтириш майдони деб қарамаган. У ҳар бир кўрсатув учун ажратилган вақтни бир макон, бир замонда яшаётган одамларни бир-бири ҳақида ўйлаш, қайғуришга чорлайдиган, қалбларида хатолардан ҳайиқиш, покланишга майл уйғотиш учун имконият деб билди. Айниқса, “50/50”, “Учбурчак” кўрсатувлари ижодкорлари бу яхши ниятларнинг рўёби учун астойдил тер тўкишди. Ўша пайтларда ёмон ажриқдек томир ёзиб бораётган порахўрлик, айниқса, бу иллатнинг мамлакатга миллий кадр етиштириб берадиган олий ўқув юртларига кириб боргани, оилавий ажралишлар оқибатида қаровсиз қолаётган болалар, ҳаёт майдонларида суянчиқсизлиги боис турли хатолар гирдобига тушган аёллар, қайнота-келин, ака-сингил ўрталаридаги ахлоққа зид ҳолатлар... Қадриятларимизга доғ тушираётган бундай иллатларни топиш-ку, унча муаммо бўлмасди. Аммо баҳс, мунозара марказига олиб чиқиш осон бўлмади. Одам боласига “Сен айбдорсан”, деб айтса бўларкану, унинг “Мен айбдорман”, деб тан олиши қийин экан. Лекин йиллар қатъиятга, ижобий натижа учун курашга ўргатган тележурналист бу қийин ишни уддалади.
– Биз ҳамкасбим Нилуфар Умрзоқова билан яхши ҳамкор бўлганмиз. Баъзан кўрсатувларимиз самимий чиқиши учун бир-биримиздан бехабар қаҳрамонлар топардик. Баҳс учун тайёрлаган саволларимизни сир тутардик. Лекин кўрсатувдан кўзлаган мақсадга келганда фикран, қалбан бирлашар эдик, – дейди Нозима долзарб мавзудаги, асосан, баҳс тарзида эфирга узатилган кўрсатувлари ҳақида гапирар экан.
Орқада қолган йиллар шундай: сабоқлари, яхшиликлари, шодликлари, афсуслари бор. Нозима бу ҳиссиётларнинг ҳаммасида яшади. У Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги қадим Варахша ўрнида қайта бунёд бўлган қишлоқларнинг бирида умргузаронлик қилган, зиёлилиги билан узоқ-яқинларда ҳурмат қозонган Воҳидовлар оиласида етти фарзанднинг бири бўлиб камолга етди.
Отаси элликдан ортиқ илмий рисолалар муаллифи, фан доктори Раҳимжон Воҳидов Бухоро шаҳрида – олийгоҳда дарс берар, ҳафтада бир марта уйига келарди. Кечқурун ўғил-қизлари билан ўзи одатга айлантирган маърифат дарсларини ўтарди. Оналари Муборак Темирова ҳам муаллима, баъзан болалари ёд олган шеърлари, ўқиган китоблари бўйича отасига имтиҳон топшираётган даврага қўшиларди. Лекин онанинг асосий вазифаси қизларини меҳнатга ўргатиш бўлган.
– Қиз боланинг юзининг қизиллиги меҳнат орқасидан бўлади. Қишлоққа тушасизларми, шаҳаргами – тақдирнинг иши. Шунинг учун тандирда нон ёпишни ҳам, мол-ҳол қарашни, дала ишларини ҳам уддалашларинг керак. Фақат уддалаш эмас, пири бўлишларинг шарт, – дерди.
Отасининг имтиҳон, синовлари университетда ўқиётган, кейин камера қаршисида ўтиб келаётган йилларида асқатган бўлса, онасининг меҳнатга солгани оилавий ҳаётида қўл келди. Дастлаб орзулар осмонида учиб юрган қизга ҳаёт бир умр текис, тўкис кечадигандек туюлди. Хаёлида сувратини чизиб юрган “шаҳзода” – аспирант йигит – Алишер Бозоровга турмушга чиқди. Ўзи танлаган касб эгаси бўлди. Лекин пойтахтга келган илк даврлардаги бошпанасизлик, ижара уйларда бировнинг қош-қовоғига қараб яшашнинг машаққатлари, айниқса, кўпайишгач, моддий қийинчиликлар... Нозима рўпарасидан чиққан заҳматга тескари қарамади. “Бу – қора иш, буниси олим кишининг қизига тўғри келмайди”, деб танламади. Таомлар пишириб ижара уйи яқинидаги бозорчиларга элтди. Ҳеч бир меҳнатни ор деб билмади. Ота-боболаримиздан келаётган “Ҳалол меҳнатнинг айби йўқ”, деган қоидани ўзиники қилиб олди.
Ҳаёт пиллапояларидан битта-битта қадамлаб келаётган қаҳрамонимизнинг синовлари шу билан тугамади. Унга хасталикнинг ёмони ёпишди: қайта-қайта жарроҳлик столига ётди. Ҳатто тўғри сўзни касбий фазилат деб биладиган баъзи шифокорлар унга:
– Олти ойлик умрингиз қолди. Сизга телевидениеда ишлаш мутлақо мумкин эмас, – дейишди. Ҳар қанча иродали бўлмасин, ҳаётни бор вужуди билан севмасин, одам боласи – банда. Пўлат эмас. Нозима шифокорларга:
– Мен яшаб бераман, мана кўрасизлар. Ўғлим, қизимнинг тўйида ўзим қайнона бўлиб тўрда ўтираман, она қишлоғимга, орзулаганимдек, шахсий машинамда кириб бораман, – деса ҳам ҳеч кимга кўрсатмай унсиз фарёд қилган пайтлари кўп бўлди. Аммо умр тилаб, қилаётган, қилмоқчи бўлган ишларининг роҳатини Аллоҳдан сўраган пайтлари ундан ҳам кўп бўлди. Дунёда инсонни тақдири илоҳийга ишонтирадиган мўъжизалар кўп: биттаси Нозима Воҳидованинг тақдирида рўй берди. Хасталик чекинди. Бошқа пайтларда томоғидан сиқилиб чиқадиган овози камера қаршисида очилди. Яна қадрдон микрофони қўлида студияларни гуллата бошлади... Гоҳ “Дўстлар давраси”, гоҳ “Бормисиз , омонмисиз...” бўлди яна бир исми.
– Асқар Холиқов, Абдухалил Эгамбердиев каби устозларимиз бизга “Бошловчининг ўзи ҳаяжонлансагина, томошабинни ҳаяжонга сола билади”, “Қаҳрамонингизнинг кўзига қараб гапиринг, кўзини гапиртиринг, шунда кўрсатув самимий чиқади”, деб ўргатишган. Оиламиз – бир мактаб, устозлар – яна бир мактаб, ўзимни ҳамиша ўқувчи, талаба ҳис қиламан, – дейди суҳбатдошимиз.
Аммо унинг ўзи бугун устозлик, қайноналик, бувилик мақомига етди. Ўнлаб шогирдлари ёнида, ўғли Беҳрўз ва қизи Маҳзуна – сулола анъаналарини давом эттиришмоқда, илм кишилари. Оилалари билан хорижда истиқомат қилишади: ниятлари ўзбек ёшларининг интеллектуал салоҳиятини дунёларга танитиш.
– Болаларим “Алифбе”дан ҳарф ўрганишаётганда бирга дарс қилишга вақтим бўлмасди. “Ойнага қараб талаффуз қил”, деганман уларга. Гарчи барча муваффақиятларга мустақил ҳаракатлари, мустақил интилишлари туфайли эришган бўлишса-да, мен фарзандларимга кўп вақтимни бера олмаганман, деб армон қиламан баъзан...
Қаҳрамонимиз ҳақ: армонсиз одам бўлармиди... Аммо ҳамма гап қалбнинг бўш бўлмаслигида. Ҳар бир лаҳзанг кўнглингни нималардандир армон қилиш, нималардандир қувониш, шукрона, фахр, бурч каби туйғуларга тўлдириб турар экан, демак, сен чиройли яшаяпсан ва шундай яшашга яна имконинг бор. Мен бир неча соат оралиғида руҳиятимга яна ҳам яқинроқ бўлиб қолган Нозима Воҳидовани шундай фикрлар билан янги кўрсатувлар шуъласи кўриниб турган ойдин йўлларга кузатиб қолдим.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА