Аёл иродаси, сабр-бардоши, садоқати билан ҳаётдаги энг кучли инсонлар сирасига киради. Оиласини мустаҳкамлаш, фарзандларини камолга етказиш учун бўлган тинимсиз интилишлари уларга яна ҳам кўпроқ қудрат бағишлайди. Орзулари ҳам тинчлик, бахт-саодат, бир сўз билан айтганда, бу дунёнинг энг гўзал эзгуликларига туташ бўлгани боис у яшаган олам ҳам жамият учун ижобий қувватлар манбайи ҳисобланади.
Шу боис мамлакатимиз сиёсатида хотин-қизларга эътибор устувор йўналишлардан биридир. 2024 йилнинг биринчи ярим йиллик якунларига бағишланган анжуманда қайд қилинган рақамлар ҳам опа-сингилларимиз ҳаётида юксалишнинг янги босқичи бошланганини кўрсатади. Давлат тарафидан берилаётган моддий ва маънавий ёрдамлар улар ҳаётида даромад келтирадиган тадбиркорликка айланмоқда. Касб-ҳунар ўрганиш, билим олиш имкониятларининг кенгайгани тобора файзга тўлаётган турмуш тарзида акс этмоқда.
Ҳар бир ҳудудда “фавқулодда ҳолат” режимида ишлар йўлга қўйилганлиги, масъул ташкилот ва идоралар, тижорат банклари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар маҳаллалар ҳаётини хонадонбай ўрганишганлиги сабабли хотин-қизлар эҳтиёжлари учун ажратилган маблағларнинг ўз эгаларига етиб бориши тўла таъминланмоқда. Юртимизда аёл – онанинг тинч-осуда меҳнат қилиши, касбий малакаларини ошириши, оила фаровонлиги, фарзандларини камолга етказиш борасидаги ишлар бардавомдир.
94 304 нафар хотин-қизлар, шундан, 64 274 нафари касб-ҳунарга, 30 030 нафари тадбиркорликка ўқитилди.
101 304 нафар хотин-қизлар доимий иш ўринларига, шунингдек, ҳудудий ва тармоқ инвестиция дастурлари доирасида ишга туширилган лойиҳалар ҳисобига яратилган янги иш ўринларига ишга жойлаштирилди, 16 561 нафар хотин-қизларга бандликни рағбатлантирувчи субсидиялар ажратилди.
67 073 нафар тадбиркор хотин-қизларга улар бизнесини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар берилди.
79 806 нафар хотин-қизларга деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун узоқ муддатли ижарага ер ажратилди.
221 431 нафар хотин-қизлар турли фаолият йўналишларида ўзини ўзи банд қилишга жалб этилиб, жами 627 770 нафар хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашилди.
Биринчи ярим йилликда республика бўйича хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича жами 2 трлн. 895,9 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.
Хорижий мамлакатларда оғир вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик аёлларга кўмак бериш мақсадида Туркия Республикаси ва Россия Федерациясида сайёр қабуллар ташкил этилди.
Туркиядан оғир ижтимоий шароитга тушган 36 нафар мигрант аёл оиласига қайтарилди, 3 нафар аёл озодликка чиқарилди. Ҳужжатларидаги камчиликлар боис тўсиқларга учраётган бир нечта аёлга қонуний яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар шакллантирилди. Юзлаб аёлларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди
Россия Федерациясида меҳнат қилаётган 300 дан ортиқ хотин-қизларнинг меҳнат шароитлари ўрганилди, оғир ижтимоий шароитга тушган 13 нафар ватандошлар (6 нафар аёл ва 7 нафар бола) мамлакатга қайтарилди, 9 нафар аёлга Ўзбекистонга қайтиш чипталари олиб беришда кўмаклашилди, яна 34 нафар оғир ижтимоий шароитга тушган хотин-қизларни юртимизга қайтариш бўйича ҳужжатларини расмийлаштиришга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
14. 735 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва уларнинг фарзандларини соғлом ҳаётга қайтариш (жарроҳлик оперция ва даволаш) чоралари кўрилиб, бу мақсадларга 10 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
1300 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган эҳтиёжманд хотин-қизларга давлат томонидан жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Оғир турмуш шароитида яшаётган 6 минг нафар ногиронлиги бўлган аёллар ва болалар реабилитация воситалари билан таъминланади.
Суд жараёнларида оила ва хотин-қизлар бўлимлари кафиллиги асосида 29 нафар хотин-қизлар жавобгарликдан озод этилди.
Олий таълимда таҳсил олаётган талабалар орасида хотин-қизларнинг улуши 50,1 фоизга етди. Эҳтиёжманд оилаларнинг 18 481 нафар, камида беш йил меҳнат стажига эга олий маълумотли бўлмаган 4587 нафар хотин-қизларга ўқишга кириш учун тавсияномалар берилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ахборот хизмати.