Исмимни жуда чиройли айтганлар

 

     Янги йил арафаси... Қор. Совуқ. Ноқулай об-ҳаво туфайли она Ватанига учадиган самолёт кечиктирилиб, икки кунлаб эропортда қолиб кетган талаба қиз микрофондан:
     "Тошкент... рейс..." сўзларини эшитгач, рўйхатга олиш йўлагига югурган одамларга қўшилди.
     Олти кило апельсин (Ўзбекистонда танқис эди-да бу мева ўша пайтлар)ни кўтара олмаган тўрхалтанинг боғичи узилиб, апельсинлар сочилиб кетди. Қиз йиғлагудай бўлиб, энди ерга энгашган эди, ёнгинасидан: – Саломатхон, хафа бўлманг. Апельсинларингизни увол қилмаймиз, териб оламиз, – деган овоз эшитилди. Қизни қаршилик ўртоқлари “Салли”, “Саллижон” деб аташар, ҳозир таҳсил олаётган Москва давлат техника университетидаги курсдошлари эса “Сонечка” деб эркалатишарди. “Исмимни жуда чиройли айтди-да”... Талаба қизнинг сочилган меваларини шошилиб йиғиштираётган сочлари қўнғироқ, қорачадан келган йигит ҳақидаги иккинчи фикри эди бу. Шунинг учун унинг “Яна учрашамиз”, деган хайрлашув сўзига қалбида қаршилик бўлмади. Аксинча, йигитни илк бор пайқаганини яна эслади.
     Олий математика дарси эди. Шачнев Владимир Владимирович деган профессор тахтага бир теоремани ёзиб:
– Ким бу теоремани тескари томондан исботлаб беради? – деганида мана шу йигит ўртага чиқиб, устоз истагини қийинчиликсиз амалга оширган, шунда академикнинг мақтов аралаш:
– Қаерликсиз? – дея берган саволига:
– Тошкентданман, – деб жавоб берган, Саломат ўшанда “Ҳамюрт эканмиз-да”, деб фахрланиб қўйган эди...
     Янги йил ҳам, синфдошлар, оила аъзолари билан дийдорлашувлар ўтиб кетди. Аммо наманганлик билимдон йигит Ҳамидхон Комилов билан тасодифий бошланган танишув, муносабат ўтиб кетмади. Салом-аликлар дўстликка, дўстлик аста-секин муҳаббатга айланди.
     Ҳамидхон ўзига қизнинг кўнгли боғлангунча ҳам унинг ўқишга қайси фаслда қандай либосда келганигача, ҳатто, олийгоҳ кутубхонасининг қайси қаторида ўтириб дарс қилишигача билар экан.
Унинг:
– Дераза тарафдаги учинчи қаторда ўтирасиз. Олдингизда доим йигирматача китоб бўлади. Кутубхона ёпилишидан беш дақиқа олдин турасиз, – деган гапларини эшитганда Саломатнинг қалби ҳам исмсиз бир қувончларга тўларди. Ахир, шу муҳаббат эмасми?
     “Қарши мебель ишлаб чиқариш фабрикаси” масъулияти чекланган жамият директори Саломат Комилова ҳақидаги мақоламизни нима учун унинг севги тарихидан бошладик? Гап шундаки, ушоққина жисмига бир дунё орзу, армон, мақсаду марраларни жо қилган бу аёлнинг меҳнат фаолиятидаги барча машаққату муваффақиятлар илдизи ана шу муҳаббатда, десак хато гапирмаган бўламиз.
     Гап шундаки, тақдир уни чиндан ҳам чиройли севги ва унинг тотли мевалари билан сийлаган эди. Тўйдан сўнг аввал Наманган мебель фабрикасида ўз соҳалари бўйича бош инженер ва ишлаб чиқариш бўлими лавозимларида ишлашди, кейин ҳукумат топшириғи билан Қаршида меҳнат фаолиятларини давом қилдиришди.
Ҳамидхон Комилов “Қашқадарё вилоят ижроия қўмитасига қарашли вилоят маҳаллий саноат бошқармаси”да бош директор лавозимида фаолият олиб борар, Саломат Комилова эса Қарши шаҳридаги 3000 киши меҳнат қиладиган “Қарши индустрия” ишлаб чиқариш бирлашмасига қарашли ёғочга ишлов бериш заводида бош муҳандис-технолог бўлиб ишларди. Ходимларнинг хизмат жараёнида туғилган саволларига тезкор, ишонарли жавоб топиб бергани учун у ҳақда ҳамкасблари орқаворатдан “Жонли қомус” деб гапиришарди. Демоқчимизки, эр-хотин яхшигина маош олишар, бу оилада қўшимча иш қилишга эҳтиёж йўқ эди. Лекин ўзини юрт тақдирига дахлдор билгувчи Ҳамидхон Комилов Қашқадарё вилоятида илк бора мебель саноатига асос солиш мақсадида кичик мебель цехи ташкил этди. Маҳаллий саноат ривожига ўз ҳиссасини қўшди.
     Мустақилликнинг илк йилларида бундай жараёнга кириш ҳаваскор ғаввоснинг ўзини долғали денгизга отиб, сузишга чоғланганидек гап эди.
     Лекин серғайрат, юраги миллат, юртга фаровонлик истагида ёниб турган йигит шу денгизга тушди. 9 нафар ишчи билан мебель цехи очди. Балки, тақдир бир-бирига ҳар жиҳатдан муносиб жуфтнинг қисматига айрилиқ ёзмаганида, Саломат Комилова ўз даврининг мавжуд асбоб-ускуналарида, ёриқларидан аёзлар кириб турган эски иморатда икки-уч турдаги мебеллар ясалаётган бу цехга ишбоши бўлиб келмасди. Лекин қисмат экан, 1995 йилнинг 2 ноябрь куни ўз вақтида шифокорга кўринмай, вақтни ўтказиб, дардни зўрайтириб юборгани боис Ҳамидхон Комилов навқирон ёшида вафот этди. Ўша пайт тўрт нафар болаларининг тўнғичи 16, кенжаси 6 ёшда эди.
     Аввал севган кишисидан айрилган барча аёллар каби Саломатхон учун ҳам ҳаёт тугагандек туюлди. Лекин бир кун соғинчдан куйиб, куйраб эрининг иш жойига борганида, ундаги ҳар бир ашё кўзига ғариблашиб қолгандек, мўлтираб қараётгандек туюлди. Ўқиган китоблари, жуфтининг орқасидан унинг юрган йўлларидан одимлаган қаҳрамон аёллар хаёлидан ўтди. “Мен сизнинг бошлаган ишингизни аро йўлда қолдирмайман. Орзуларингиз ерда қолмайди”, деб шивирлади, шивирлари кўз ёшларига қўшилиб оқди.
     Мана бугун цех фабрика мақомигача юксалди. Асосан таълим муассасалари, ташкилотлар учун 370 турдаги жиҳозлар ишлаб чиқараётган корхонада 41 нафар доимий, 100 нафар мавсумий ишчи фаолият олиб боради. Бир неча нуқталарда жойлашган цехларда айни кунда Германиядан келтирилган энг замонавий техника ускуналари ишлаб турибди. Тадбиркор раҳбар халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгаши депутати сифатида мамлакат ижтимоий ҳаётида ҳам жуда фаол. Вилоят 18-сонли кўриш имконияти чекланган болалар мактаб-интернатига ҳомийлик қилади. Корхона йилдан-йилга бақувватлашиб бораётгани учун қаҳрамонимизнинг ҳиммати ҳам баландлаб бормоқда. Боқувчисини йўқотган бир нечта оиланинг талаба фарзандлари учун шартнома пулларини тўлайди. Пандемия даврида “Саховат ва кўмак” жамғармасига миллионлаб пул ўтказса-да, ўзига оздек туюлаверади. Яна ва яна ёрдам учун йўллар ахтаради.
     Шунчалар осон сўзлаяпмиз тадбиркорнинг бугуни ҳақида... Аммо у бу ютуқларга ҳаётнинг тошли, тиғли йўлларидан юриб ўтиб келди. Бирин-кетин олий ўқув юртларига кирган фарзандларининг шартнома пулларини тўлаш, корхона биноси, ускуналарини янгилаш, ишчиларнинг маошини вақтида бериш, тайёр маҳсулотларга харидор топиш, кундан-кунга ўсиб бораётган бозор талабларини ўрганиш, аъло сифат учун ҳаракатда собит туриш... Ўзи ишлаган, 14 та заводни бирлаштирган катта “Қарши индустрия” бирлашмаси 1999 йилда тўлиқ тугатилган ва ишсизлар сони жуда кўпайиб кетган даврлар эди. Фабрикага оқиб келаётган фуқароларни ишга олишнинг иложи йўқ, буюртмалар жуда кам бўлса-да, Саломат Комилова бири-биридан долзарб вазифалар аро минг бўлакка бўлиниб юрар экан, ўзига-ўзи таскин берарди. “Англиядек буюк бир давлатни аёл киши бошқарган. Наҳот, мен битта корхона ишчиларини иш билан таъминлай олмасам...” Корхона хазинасида шамоллар айлана бошласа, давлатдан олган кредитларини тўлашда муаммо бўлса ё фарзандларининг эҳтиёжлари олдида ожиз қолса, эрининг қабрига зиёратга борарди. Ёлғиз ўзи бошида ўтириб, баҳор ёмғирларидек б-и-и-р тўкилиб оларди. Нолаю кўз ёшларининг охирида: – Руҳингиз безовта бўлмасин. Менга бежизга “Синчалак” дея ҳазиллашмайдилар. Шундай митти қуш бор экан. “Осмон ағдарилса, ушлаб қоламан”, дея кўкка кўз тикиб ўтираркан. Мен барибир Сиз орзулаган чўққиларга чиқаман, – дея сўз берарди.
     Саломат Комилованинг аҳдида собитлиги, қарорида содиқлиги давримизда тадбиркорлар учун яратилаётган Фармону қарорлар билан қўллаб-қувватланмоқда. Айниқса, кейинги йилларда мебель саноатини ривожлантириш, бу соҳага кластер иш усулини олиб киришга оид турли даражадаги ҳужжатлар шу йўналишни касб қилган тадбиркорларнинг йўлларини кенгайтириб юборди.
– Бир пайтлар ёндафтаримда муҳтож кишилар, оилалар ҳақида қайдлар бўларди. Имкон бўлди дегунча, уларнинг кўнглини олишга шошардим. Мана энди бу ишлар ҳукумат даражасида адо қилинмоқда. Бўлар экан-ку, деб қувонаман...
     Ўнлаб шогирдлари мустақил равишда ўз цехини очиб, аҳоли бандлигини таъминлашда ҳиссаларини қўшишмоқда. “Қарши мебель” фабрикасини “мебель мактаби” деб бекорга айтишмайди.
     “Қарши мебель ишлаб чиқариш фабрикаси” масъулияти чекланган жамиятнинг катта юракли раҳбари суҳбатимиз чоғида яна кўп гапларни гапирди. Бу гапларда бугун касб-корли бўлиб, ҳаётда, оилада ўрнини топган Зоҳиджон, Мадинабону, Оҳистахон, Ойбек ўғил-қизлари, уларнинг ўзларига ярашган жуфти ҳалоллари, фарзандлари саодатидан қувонч, машаққат билан қадамланган йўллар армони, боши урилган деворлардан қолган жароҳатлар изи бор. Яна кимлар етиб, кимлар етмаган бу кунларнинг имкониятларидан, халқ, миллат манфаати қадрият даражасига кўтарилган замонлар учун шукроналик бор.
     Жаннатмакон устозимиз Зулфияхоним бир шеърида айрилиқ, ҳижрондан сўнг заҳмат орқасидан келган иззат ҳақида сўзлаб:
– ... Шу-да бир яшаш... – дейди. Бизнингча, Саломат Комилова ҳақидаги битикларимизга ҳам шу сатр ниҳоя бўладигандек...

Қутлибека РАҲИМБОЕВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар