“ҚИРСАДАҚ” МУЖДАЛАРИ
Жорий йилнинг 7 март куни давлатимиз раҳбари “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида хотин-қизларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш вазифалари алоҳида белгилаб қўйилганини таъкидлади. Бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида махсус комиссия ташкил этилиши, ушбу комиссия барча ҳудудларда “фавқулодда ҳолат” режимида ишлаши, мазкур жараёнга мутлақо янгича ёндашувлар зарурлигига урғу берилиб, вазифаларни тизим асосида ташкил қилиш бўйича топшириқлар қилинди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилоятининг Янгийўл ҳамда Оққўрғон туманларида мазкур топшириқ ижроси бўйича жараёнларни маҳалладан бошлаш учун намунавий тизим ишлаб чиқилди. Тажриба учун Янгийўл туманидаги “Қирсадақ” маҳалласи танлаб олинди.
Сенат раиси бошчилигида ушбу ишларни республиканинг барча ҳудудларига жорий этиш мақсадида селектор тарзида семинар ўтказилди.
Семинарда таъкидланганидек, жорий йилда 9 442 та маҳалладаги 580 минг нафарга яқин ишга эҳтиёжи бор аёлларнинг бандлигини таъминлаш, 205 минг нафар опа-сингилларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш, оилавий тадбиркорлик учун кредитларнинг камида 40 фоизи аёллар таклиф этган лойиҳаларга йўналтириш режалаштирилмоқда.
Республика бўйича маҳаллалар кесимида ишлаш истагини билдирган 589 минг хотин-қизнинг дастлабки рўйхати шакллантирилди. Ҳудудлар ва тармоқлар кесимида жорий йилда 252 885 нафар хотин-қизни касб-ҳунарга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Халқ банки, Микрокредитбанк, Бизнесни ривожлантириш банки орқали аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга оид 250 та тавсиявий бизнес-лойиҳа тайёрланди.
Илк фаолиятини бошлаш истагидаги шахсларга қулайлик яратиш мақсадида “Лойиҳалар фабрикаси” электрон платформасини ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилди. Унга номлари келтирилган банкларнинг мавжуд электрон дастурлари интеграция қилиниши белгилаб олинди.
Шу билан бирга икки йил муддатда даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича 24 банддан иборат чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Семинар давомида ушбу мақсад ва вазифалар аниқ механизмлар асосида амалга оширилиши учун барча бирдек ҳаракат қилиши зарурлигига эътибор қаратилди. Юқори ташкилотларда раҳбар лавозимида ишлаётган масъуллар энг қуйи тузилма – маҳаллагача тушиб, иш бошласагина, кутилган натижаларга эришиш мумкинлиги таъкидланди.
Семинар давомида “Қирсадақ” маҳалласида бошланган намунавий ишларни оммалаштириш учун мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг қуйи тузилмалари, шунингдек, “Маҳалла еттилиги”нинг олдидаги вазифаларга батафсил тўхталиб ўтилди.
Вазифаларни бажаришга масъул бўлган тегишли давлат ташкилотлари, тижорат банкларининг вакиллари сўзга чиқиб, аниқ таклиф ва тавсияларни ўртага ташладилар.
Жумладан, Янгийўл тажрибасини барча ҳудудларда йўлга қўйиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи раҳбарлигида ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Мазкур ишчи гуруҳлар ҳар бир маҳалладаги ишга эҳтиёжи бор хотин-қизларнинг имкониятлари, қизиқишлари алоҳида саволнома асосида “хонадонбай” ўрганилишини таъминламоқда.
Ўрганиш натижаларига кўра хотин-қизларнинг аниқ рўйхати шакллантирилади ва улар мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда янги яратилган иш ўринларига жойлаштирилади, жамоат ишларига жалб қилиш орқали ҳам бандлиги таъминланади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда йил якунига қадар 252 885 нафар хотин-қизни ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш таъминланади.
Маҳаллаларда ҳунармандлик, касаначилик ва томорқачилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларга ўз вақтида субсидиялар ажратиш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ ўрганишлар давомида аниқланган тиббий, психологик, ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қизларга манзилли ёрдам кўрсатади. Уларнинг муаммоси тўлиқ ҳал этилгунга қадар кузатув давом этади ва зарур ҳолда қўшимча ёрдам кўрсатилади.
Оилаларимиз устуни, жамият файзи бўлган аёллар, оналарни рози қилишдек улуғ ниятда бошланган, мунтазам давом этаётган тизимли фаолият эртага ҳаётимизда фаровонлик, осойишталик, бағрибутунлик кўринишларида намоён бўлишига ишонамиз.
Оила ва хотин-қизлар
қўмитаси
Ахборот хизмати