МЕҲР КЎЧАСИНИНГ ЙЎЛОВЧИСИ

 

ЭЪЗОЗ

МЕҲР КЎЧАСИНИНГ ЙЎЛОВЧИСИ

   Марусанинг ўзини кўрмай, мақоласини ўқиганлар ё радиодан овозини эшитиб, экранда кўзи тушганлар:
– Ие, ўзбекчани зўр гапиряпти (ўзбекчада зўр ёзаркан), – дейиши бор гап. Унинг исмида шундай гап учун асос бор. Лекин Марусахоним ўзимизнинг қизимиз, яна ҳам тўғрироғи, навоийлик Отақул амакининг қизи. Отасининг ўзи қизалоғига шу исмни қўйган. Балки, хотира йўлларида шу исм билан боғлиқ ёрқин воқеалар ё ҳавас, орзу бордир...
   Маруса Ҳосилова республикамизнинг барча нашрларида фаол. Шу жумладан, “Саодат” журналида ҳам мақолалари мунтазам ёритилади. Айни пайтда Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказининг “Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” журналида мухбир сифатида фаолият олиб боради. Журналистнинг “Бу кимнинг онаси?”, “Дарёни нега заҳарладингиз?”, “Писта пўчоғидан кема ясамайлик”, “Фирибгарларнинг фириби иш бермади” каби танқидий, таҳлилий мақолалари ўқувчилар орасида яхши маънода гап-сўз бўлганини алоҳида таъкидлашни жоиз биламиз. Маруса Ҳосилова ҳамиша йўл юради. Ҳаётни синчковлик билан кузатади. Бирор иллатни қаламга олар экан, энг аввал, қалам соҳибининг инсоний оғриқлари, дардкашлигини ҳис этамиз. Журналист самарали меҳнатлари учун 2018 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. “Адлия аълочиси” деган шарафли унвонга эга Марусахоним бугун яна бир нуфузли мукофот – Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига эга бўлди.
   Унинг “Меҳр кўчалари” деб номланган шеърий тўплами бор. Юриб келаётган йўлларини ҳам инсонлар қалбида адолатга, яхшиликка меҳр уйғотиш ғояси бошқаради. Истак, интилишларингизга бардавомлик тилаймиз!

ТАҚДИР ЙЎЛЛАРИНИ ОЧГУВЧИ

   Бир неча йиллар “ Саодат” журналига раҳбарлик қилган устоз шоира Ойдин Ҳожиева таҳририятга янги ходимни қабул қилар экан:
– Бу оддий нашр эмас. Тақдир йўлларини очувчи журнал. Ўзимиз бунга бир неча марта гувоҳ бўлганмиз. Ким меҳрини бериб астойдил меҳнат қилса, муваффақиятлар уни излаб келади, – дер эдилар. Эҳтимол, бу яхши тилакдир, балки, янги бир йўлнинг бошида турган қаламкаш учун ўзига хос дуодир... Ҳарна бўлганда ҳам, бу айтилмишнинг чинга яқинлигига бу баҳор яна бир карра гувоҳ бўлиб турибмиз. Ўтган йилнинг кузида таҳририятимизда иш бошлаган Наргиза Юнусова юртимиздаги бир саф зукко, билимдон қизлар қатори Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.
– Мен бу мукофот учун ўсмир ёшимдан буён ҳаракат қиламан. Насибам экан, университетни битириб, икки нафар фарзанднинг онаси бўлганимда муяссар бўлдим, – дейди Наргиза юз-кўзлари қувончдан порлаб.
   Унинг қалами яхши, ширали, жонли ёзади. Таъби назми ҳам бор. Оилани ҳам муқаддас билади. Рамзи, тутумларидан яхши рафиқа эканлиги сезилади. Топганларингизнинг роҳатлари буюрсин, момоларимиз айтмоқчи, “Саодат” да туп қўйиб, палак ёзаверинг!

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар