Эҳтиром
БИЗНИНГ ГУЛИСТОН ОПАМИЗ
“Ҳаяжоннинг етти ранги”, “Ойдин остона”, “Севиб қолсин”, “Дарёга ботаётган қуёш”, “Сенга ўхшагим келар”...
Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Қорақалпоқ адабиёти” газетаси бош муҳаррири Гулистон Аннақиличева (Матёқубова)нинг йиллар давомида чоп этилган китобларини санашга қўлимиздаги бармоқлар етмайди.Бу саноқларга қорақалпоқ тилида китобхонлар қўлига етиб борган “Гулдасте”, “Интизарлық” каби асарларини қўшсак шоиранинг қанчалар баланд адабий хирмон кўтарганини англаймиз. У ўзбек шеърсеварларини Бердақ, Ажиниёз, Ибройим Юсупов каби Жайхунбўйи шоирлари билан таништирганидай, қорақалпоқ китобхонларини ҳам устоз шоира Зулфияхонимнинг “Хотирам синиқлари” достони билан ошно этди.
Гулистон Аннақиличева 2005-2010 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати сифатида фаолият юритиб, муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари юзасидан қатор таклифлари билан иштирок этди.Айни пайтда ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси мақомида юртимизнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда. Шоиранинг умр, ижод йўлларини кузатган инсон унинг ниҳоятда кенг қиррали истеъдод эгаси эканлигини англайди. Сценарийлари асосида “Гулойим ва Арслон”, “Тақдир йўллари”, “Меҳрли дунё” каби фильмлар сувратга олинганлиги фикримизни далиллайди. Тўрт ўғлоннинг онаси, қатор набира, эвараларнинг бувижониси бўлган Гулистон опамиз “Саодат” журнали кенгаши аъзоси сифатида ҳам ўзи яшаётган ўлка ҳавосини саҳифаларимизга олиб киради. Яқинда унинг унвону нишонлари қаторига яна бир нуфузли мукофот – “Меҳнат шуҳрати” ордени қўшилди. Меҳнатларингизнинг муносиб эътирофи муборак бўлсин!
“ОФТОБЛИ КУН”ЛАРНИНГ ҚУВОНЧИ
Истеъдодли адиба Маъсума Аҳмедованинг илк китоби “Офтобли кун” деб аталади. “Таниқли рус ёзувчиси Василий Шукшинни эслатади бу ёш ижодкоримизнинг илк ҳикоялари”, дейишган эди насримизнинг пешқадамлари бу китобча билан танишгач. Ижод заҳмати билан яшаган кейинги йиллар Маъсумага “Бировнинг ҳаёти”, “Жўнатилмаган мактуб”, “Ҳикоялар”, “Биллур гулдон” каби асарларни ҳадя этди. Ёзувчининг мавзулари кенгайди, жанрларида янгиланишлар содир бўлди, яъни қиссалар яратилди, йирик-йирик таржима асарлари дунёга келди. Лекин қаҳрамонлари илк уринишларидагидай: самимий, содда, оқкўнгил, ориятли инсонлар. Улар фавқулодда бир воқеаларнинг бошида туришмайди, “дув-дув гап” бўладиган ҳодисалар аро яшашмайди. Фақат дала гулларидай беғубор қалблари, ишонувчанликлари, ботиний бир меҳри билан ўқувчилар кўнглида олам ва одамларга муҳаббат уйғотади. Адиба Маъсума Аҳмедовага бу баҳор хайрли келди. Унинг заҳматлари ҳукуматимиз тарафидан эътироф этилиб, “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Номи моҳиятидай қадрли бу сийлов сизга янги адабий кашфиётлар учун куч-ғайрат, илҳом бахш этсин!