АЁЛЛАРИМИЗ ҲАЁТДАН РОЗИ БЎЛСА...

 

Аёлларимиз ҳаётдан рози бўлса...

      Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар галгидек 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамида юртимиз аёлларига табрик йўллади. Табрикдаги чексиз эҳтиром, қадр, ишонч руҳи узоқ вақтлар қалбимизга куч-қувват, шижоат бахш этиши, шубҳасиз. Қатрада қуёш акс этганидай, мазкур иқтибосларда ҳам ҳаётнинг катта ҳикматлари бор.

 

      Биз бу қутлуғ байрамни доимо орзиқиб, катта қувонч ва ҳаяжон билан кутамиз. Чунки бу шукуҳли айём юртимизга яшариш ва янгиланиш фаслини – фасли навбаҳорни бошлаб келади. Бу байрам дилимиздаги сиз, азизларга бўлган самимий ҳурмат ва эҳтиромимизни, меҳру муҳаббатимизни яна бир бор ифода этишга имкон беради.

                  

     Биз сизларни энг аввало фидойилик тимсоли деб биламиз. Меҳридарё қалбингиз, ақл-заковатингиз, севги ва садоқатингиз учун сизлардан бир умр қарздормиз. Янги Ўзбекистонни барпо этишда, Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлган ёш авлодни тарбиялашда сизларга, сизларнинг буюк мураббийлик фазилатларингизга таянамиз...

 

... Жонкуяр опа-сингилларимизни Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади..

    

      Шу ўринда кўнглимдаги бир эзгу фикрни сиз, азизларга айтишни жоиз деб биламан.

Биз Ўзбекистонда қандай қонун ва қарорларни қабул қилмайлик, қандай ислоҳотларни ҳаётга жорий этмайлик, давлат раҳбари сифатида менинг кўз ўнгимда аввало мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимиз сиймоси, уларнинг дарду ташвишлари туради.

     Сиз, азизларимнинг оила даврасида тинч-омон, соғ-саломат, фаровон ва бахтли турмуш кечиришингиз, жамият ҳаётида фаол иштирок этишингиз учун хизмат қилишни мен ўзим учун нафақат асосий вазифа, балки шарафли бурч, деб биламан. Чунки оила таянчи, жамият устуни бўлган оналаримиз, аёлларимиз ҳаётдан рози бўлса, бутун халқимиз ҳаётдан рози бўлади. Халқ рози бўлса, Яратганимиз ҳам биздан рози бўлади.

 

     Хабарингиз бор, республика хотин-қизлар ташкилоти ҳозирги вақтда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси сифатида янгича мазмунда фаолият кўрсатмоқда. Қўмитанинг ваколат ва фаолият доираси кенгайтирилиб, унинг таркибига билимдон ва юқори малакали янги кадрлар жалб этилди. Жумладан, биринчи марта энг қуйи бўғинда – 9 минг 400 дан зиёд маҳаллада аёллар муаммоларини ҳал этишга кўмаклашадиган хотин-қизлар фаоли лавозимлари жорий этилди.

     Буларнинг барчаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасини Ўзбекистон аёлларининг чинакам таянчи ва суянчига айлантиришга хизмат қилади...

 

      Бугунги ўта оғир ва мураккаб замонда биз ўз олдимизга улкан вазифаларни қўймоқдамиз. Уларни бажариш албатта осон бўлмайди. Лекин бу шарафли йўлда бизга чексиз куч ва мадад берадиган мард ва олижаноб халқимиз, муҳтарама оналаримиз, азиз опа-сингилларимиз бор экан, кўзлаган улуғ мақсадларимизга албатта етамиз.

Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда бунёд этамиз!..

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар