ДИНА АБДУЛАЗИЗ

 

Дунёга машҳур маликалар

ДИНА АБДУЛАЗИЗ

Қорамағиздан келган бу аёл амирлик қироли Абдулазиз бин Носир бин Абдулазиз ал-Сауднинг рафиқаси, икки нафар эгизак ўғил ва бир нафар қизнинг онаси.

 

     Калифорнияда яшовчи оддий араб оиласида туғилиб вояга етган қиз қандай қилиб Араб шаҳзодасининг қалбини забт этди? Дина шахсий ҳаёти ҳақида очиқлашни хуш кўрмайди, интервьюларда оиласи ҳақида берилган саволларга муфассал тўхталмайди. Шу боис маликанинг оиласи ҳақида маълумот кам. Кўпчилик унинг 1975 йилда Калифорниянинг Санта-Барбара шаҳрида иқтисодчи оиласида дунёга келганини билади, холос. Бўлажак малика 1996 йилда Лондонда Саудия шаҳзодаси Абдулазиз бин Носир бин Абдулазиз ал-Сауд билан танишади ва икки йилдан сўнг унга турмушга чиқади. Узоқ вақт давомида Нью-Йоркда яшаган мазкур қироллик оиласи кейинчалик Ар-Риёдга кўчиб ўтади.

     Ғарб ва Шарқ маданиятининг билимдони сифатида эътироф этиладиган Дина кўп йиллардан буён дунёга машҳур “Vogue Arabia” мода журналининг бош муҳаррири сифатида фаолият юритади. Моҳир дизайнер Дина ўзининг бетакрор кийиниш услубига эга. Ёрқин рангларни синаб кўриш, қисқа соч турмаклари билан омма олдида кўриниш беришни ёқтиради. Ғарб ва Шарққа хос кийиниш тарзини ўзаро уйғунлаштиргани боис у ўзи танлаган либосларида ниҳоятда гўзал ва жозибали кўринади.

     Араб дунёсининг энг замонавий аёлларидан бири Дина бирорта моделлар намойишини ўтказиб юбормайди, жаҳоннинг энг таниқли дизайнерлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Айтишларича, унда бу мафтункор машғулотга ўсмирлик чоғларидаёқ катта қизиқиш уйғонган. Турли журналлар орасидан кўпроқ шу йўналишдаги мақола ва интервьюларни излаб, топиб ўқиган. Ва ўзи ҳам кун келиб бу соҳада ўз ўрнини топишини, келажакда машҳур дизайнер бўлиб етишишни мақсад қилган. Бирор услубни яратиш устида ишлар экан, либоснинг замонавий бўлиши, шунингдек, нозик дид билан тикилишига эътибор қаратади. Қолаверса, дизайнер таъбича, либос синф ажратмаслиги керак — ўз эгаси эгнида муҳташам ва кўркам турса бас: шунинг ўзи кифоя.

     Малика учун мода билан шуғулланиш нафақат севимли машғулот, балки бизнес ҳамдир. Дина “D'NA” номли шахсий кийим дўконига асос солган. Ушбу дўконга фақат маликанинг таклифи билангина кириш мумкин. У харидорлар учун энг эксклюзив либосларни шахсан ўзи танлайди. Бу дўконлар тармоғида Саудия Арабистони қоидаларига амал қилинган ҳолда яратилган кийим-кечаклар сотилади. Малика Шарқ аёлларига хос бўлмаган ўзгача — экстравагант услубда намоён бўлса-да, ўзи асос солган бренд жамланмасида шарқона услубда тикилган либослар устунлик қилади.

 

Интернет  материаллари асосида Наргис тайёрлади.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар