ТУПРОҚДАН яралган мўъжиза

 Бармоқлар сеҳри

Тупроқдан яралган мўъжиза

     Йўлдаман. Машина тезлигидан кўзим фақат далаларнигина илғайди. Гўёки менга ербобо қоркўрпа тагида на қаҳратон аёзни, на бўрону  довулларни сезмай ястаниб ором олиб ётгандай туюлади. 

Хаёлимда камина айни дамда суҳбат истагида ҳузурига бораётган қаҳрамоним – машҳур кулол Дилноза Отажонова.

     Машинадан тушиб  келишилган жойда уни кута бошладим. Ўйларимни  унинг қўнғироқдай овози бўлди.

     Қарашлари ўктам, лобар аёл экан.

     Уловдан тушиб, уй сари йўналдик.

     Дилнозанинг болалик хотиралари Хива туманига қарашли ал-Хоразмий қишлоғи билан боғлиқ экан. Қишлоқ халқ тилида ўн икки нарвон деб ҳам юритиларкан. У 1986 йилда ушбу сўлим гўшада таваллуд топади.

Дилноза гапирар, мен эшитганларимни қоғозга туширардим.

      Унинг ота-онаси меҳнаткаш, самимий инсонлар бўлиб, қизалоқ меҳр оғушида эмин-эркин вояга етади.

Мактабда фақат "аъло"га ўқийди, фанлардан, айниқса, кимё, биологияга меҳр қўяди. Дўхтир бўлишни орзулайди. Аммо ҳаёт бошқа, хаёл бошқа...

     Мактабни тугатган Дилноза тикувчиликка қатнаб, устози Доно опадан ушбу ҳунарнинг барча сир-асрорларини ўрганиб, маҳалланинг қўлигул чеварига айланади.

      2006 йил турмушга чиқади. Баҳаво қишлоқдан шовқин-суронли, шаҳар марказида жойлашган “Калта минор” маҳалласидаги ҳунармандлар оиласига келин бўлиб тушади.

      Дилнозанинг уйидагилар оилавий бўлиб кулолчилик билан шуғулланишарди.  Рўзғорбоши қайнота асосан лой пишар, қайнона, турмуш ўртоғи – устага кўмаклашиб, кимдир маҳсулотларни махсус печда қуритар, бошқаси эса тайёр бодё (хоразмча товоқ)ларга безак берар, хуллас, ҳамма иш билан банд, барча ўз ишини билиб-билиб қиларди.

      Келинликнинг илк кунларидаёқ унинг қалбидаям кулолликка қизиқиш уйғонди. Уч кунлик келин қайнонасининг қўлидан ишини олди: буюмларни нақшлай бошлади. Қўллари келишиб, бинойидай эплади.

Барча Дилнозанинг рўзғорбоп келин чиққанидан хурсанд эди.

      Энди вақт топди дегунча уй ичидаги устахоналарига кирадиган, бир текис териб қўйилган қизил идишларга ҳайрат, меҳр билан тикиладиган бўлди. Шуурида эса бир савол чархпалак янглиғ айланарди: Нега энди фақат уларнинг ранги қизил? Нима, биз бошқача рангда, бўлак шаклда ясай олмаймизми?

       Ҳаммаси унинг ана ўша сўнгги қароридан бошланди. Лойга бўлган иштиёқ, тупроқнинг хуш ифори унинг буткул оромини ўғирлаганди.

     келиб кўзлари ўрганиб қолган бир хил бодёлар ўрнига “ойдан-да гўзал, кундан-да гўзал”, ўзгача шакл, ранг-барангларини яратди. Қўлида ихлос билан ийланаётган бир ҳовуч тупроқ, орадан йиллар ўтиб уни ўз ишининг устасию Хоразмнинг машҳур тадбиркор аёлига айлантирди. Бунгача бир муддат Риштон кулолчилик мактабидан сабоқ олди.

      Турмуш ўртоғи Дилшод билан Риштонга бориб, донғи кетган усталар ясаган буюмларни кўриб, тажриба алмашиб қайтди.

      Бирдан ҳамма нарса ўзгарди. Ҳаёти, касб-кори... 

     2016 йилга бориб кичкинагина цех кенгайиб, шу асно “Хива Дилноза кулол” оилавий корхонага асос солинди. Эндиликда сулолага хос бўлган буюмдан ташқари лаган, коса-чойнак, пиёла, кўза, хумлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, қўшимча ишчи кучи яратилди.

      Аввалига Хива, Хоразм, кейинчалик Тошкент бозорларини эгаллаган Дилнозанинг “лой идиш” лари эндиликда қўшни давлатлар – Туркманистон, Қозоғистон, россияликларга ҳам манзур бўлди.  Асосийси, экспорт йўлга қўйилди.

      Камина гоҳ-гоҳ ҳазрат Паҳлавон Маҳмудни зиёрат қилишни кўзлаб Ичон Қалъага йўл оламан, йўл бўйи бир-биридан чиройли кулолчилик буюмларини кўриб завқланаман. Харид қилиб турган чет эллик сайёҳларни кўриб ғурурланаман. Баъзан уларнинг лойдан ясалганига кишининг ишонгиси келмайди. 

Унинг бир дақиқа ҳам бўш вақти йўқ. Саҳар туриб чамалайди, қиладиган ишларининг хомчўтини олиб, кейин иш бошлайди. Бир ёқда буюртмалар, бир ёқда ҳали адоғига етмаган янги цех қурилиши, бир ёқда келинлик вазифаларининг уҳдасидан чиқиш, яъни оиладагилар кўнглини олишни ҳам унутмаслик, рўзғор ташвишлари, фарзанд тарбияси...

      Шуларнинг ўзиёқ ҳар қандай аёлни чарчатади. Лекин Дилноза буларнинг барига улгуради. Боз устига, зинҳор УрДУ (Урганч давлат университети) билан тузилган шартномани ҳам ёддан чиқармайди, график асосида университетнинг миллий санъатшунослик факультети бадиий кулолчилик талабаларига касбининг сир-асрорларини ўргатади.

      У эришган ютуқларнинг ўзи бир достон.

       Дилноза то шу кунгача кўпгина кўрик-танловларда қатнашиб, фахрли ўринларга сазовор бўлади.

      2022 йилда Туркиянинг ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (TIKA) нинг грантини қўлга киритади. Яна ўша йили “Ибратли оила” кўрик-танловининг вилоят босқичида 2-ўрин, “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг республика босқичида эса 3-ўринга сазовор бўлади.  Шунингдек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган “Энг намунали иш берувчи” кўрик-танловида ғолибликни қўлга киритиб, пул мукофоти билан тақдирланди.

      Якунланган йил адоғида “Хива Дилноза кулол” оилавий корхонаси раҳбари Дилноза Отажонова “Йил аёли” миллий кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этиб,  “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритиб, махсус диплом, қимматбаҳо совға билан тақдирланади.

Ёдимда, бир замонлар ота-боболаримиз фойдаланиб келган сопол идиш-товоқларни урфдан қолди, дея четга сурган, улар ўрнини хорижнинг қимматбаҳо идишлари – “Мадонна” каби жамланмалар эгаллаган эди.

Вақтнинг ўзи ҳамма нарсани ҳал қилди. Биз табиийлиги учун қимматли бўлган сопол идишларимизга қайтдик.

Мавлоно Румийда шундай ибора бор: “Инсон ҳамиша ўзи кўрмаган, эшитмаган ва ўйламаган бир нарсага ошиқдир”.

      Қаҳрамоним ҳазрат Румий таъбирича, ўша бир нарса – яратишга ошиқ бўлди:  бу кайфият кучига-куч қўшди. Ўқиди, уқди. Меҳнатлари орқасидан элда обрўли бўлди.

       Эҳтимол, қачондир у яратган мўъжизалар дунёнинг энг нуфузли музейларидан ноёб буюм сифатида жой олиб юртимиз шаънини улуғлар. Ҳар ҳолда шунга ишонарли ишора бор.

 

Сайёра Солаева,

Хоразм

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар