ИЛМЛИ АЁЛ – ЖАМИЯТ КЎЗГУСИ
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 февралдаги “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонига киритилган ўзгартириш билан мукофот энди янгича тартибда берилади.
Унга кўра, эндиликда ахборот технологиялари йўналишида алоҳида ютуқларга эришган иқтидорли хотин-қизлар ҳам Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланади.
Шунингдек, мукофот комиссияси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатиши ва унга Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси раҳбарлик қилиши белгиланди.
Бундан ташқари, мукофотни олиш учун талабгорнинг сўнгги 3 йил мобайнидаги ибратли фаолияти, таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари соҳалари ва жамоатчилик фаолиятидаги алоҳида ютуқларига оид ҳужжатлар тақдим этилиши белгиланди. Олдин бу муддат 2 йил эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12 февралдаги 85-сон қарори мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш бўйича яна бир муҳим қадам бўлди.
Аввал аёллар фақатгина йўловчилар сони 14 кишидан ошмайдиган автобусни бошқариши мумкинлиги белгилаб қўйилган эди. Бу уларга катта сиғимли автобусларни (электробус) бошқариш имконини бермасди.
Эндиликда 2,5 тоннадан зиёд юк кўтариши мумкин бўлган автомобиллар ҳамда йўловчилар сони 14 кишидан ортиқ бўлган автобусларни бошқариш учун ҳуқуқий асос яратилди.
Давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб борилмоқда. Бу хотин-қизларнинг маънавий, маърифий тафаккурини юксалтириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги резолюцияси билан 11 февраль “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” сифатида эълон қилинган.
Ҳар йилгидек, жорий йилда ҳам ушбу сана мамлакатимизда кенг нишонланди. 12-17 февраль кунлари туман ва шаҳарларимиздаги таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларда “Илмли аёл – жамият кўзгуси” мавзусида ҳафталик ташкил қилинди. Ҳафталик доирасида қатор вазирлик ва идоралар, айниқса, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари билан фаол ҳамкорликда халқаро форум, семинар, давра суҳбатлари ва танловлар ўтказилди.
Нафақадаги олималар йўқланди. Фаолиятдаги илм аёлларининг муаммолари ўрганилиб, ечими сари ҳаракат бошланди. Умрларининг нурли бир бекатига етиб келган профессор аёлларга байрам табриклари йўлланди. Турли танлов ва олимпиадаларда ғолиб бўлган хотин-қизлар, инновацион лойиҳа яратган ногиронлиги бор иқтидорли қизлар муносиб рағбатлантирилди.
Кўрсатилган барча эътибор аҳоли орасида илм эгаллашга бўлган рағбатни кучайтириши билан катта аҳамият касб этади.