ЧЎЛИМ КЎЗИМГА ЧЎҒДАЙ КЎРИНАДИ

 

САОДАТ МАНЗИЛЛАРИ

ЧЎЛИМ КЎЗИМГА ЧЎҒДАЙ КЎРИНАДИ


     Ўтган асрларда “Мирзачўл” аталган бепоён ҳудуднинг чўл ҳолидаги суврати ўтмишда қолиб кетган. Сув танқисроқ жойларда онда-сонда учрайдиган саксовулу тўронғиллар кўринганда, ёзнинг гармселли, қишнинг аёзли шамоллари қумларни тўзғитиб қолган пайтлардагина саксон, тўқсон ёшни қоралаган қариялар:
– Бу кўраётганларинг биз кетмонлаб обод жойларга айлантирган чакалакзорлар олдида нима бўлибди? Бўронлар қутуриб келганда ўзимизни учириб кетгудай бўларди... – дея эслашгандагина бу манзилу маконнинг чўл бўлганлиги ёдга тушади... Мирзаобод, Гулистон, Сайхунобод... Сирдарё вилоятидаги жой номлари ҳам ҳозирги фикримизни далиллайди. Аср воқеаси ҳисобланган Мирзачўлни ўзлаштириш ҳам, ёппасига сафарбарлик билан бўладиган барча катта ўзгаришлар ҳам қаҳрамонлик намунаси, албатта, барибир бу жасоратли ҳодисаларнинг қаҳрамонлари – инсонлар. Оддий, меҳнаткаш элдошларимиз.

     Навбатдаги “Саодатхонлик кунлари”ни ўтказиш учун вилоятнинг Сардоба туманига йўл олар эканмиз, хаёлимиздан шу фикрлар ўтади.
– Давраларда онахон нашримиз ҳақида гап кетганида, “Бутун бир давр аёлларига сирдош бўлган, момоларимиз кўнгилларининг кўзгуси”, деб айтамиз. Лекин “Саодат” журнали бугун ҳам оналик меҳри, донишмандона маслаҳатлари билан опа-сингилларимизнинг ёнида. Нашр биз учун маърифат чашмаси, рўзғор тутуми, фарзанд тарбияси борасида ибрат мактаби, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева бизни туманнинг “Ровот” маҳалласига бошлар экан. Аёллар етакчиси йўл-йўлакай тизимда амалга оширилаётган айрим ишлар билан ҳам таништира боради: – Турли номдаги дафтарларнинг ташкил қилиниши фаолиятимизга аниқ йўналиш берди. Юзлаб, балки, минглаб аёлларнинг нимага эҳтиёжи борлигини компьютерларимизга муҳрланган рақамларга битта кўз ташлашда билиб оламиз. Керакли маблағ, керакли кучни зарур жойга йўналтирамиз. Ҳисоботларимиздаги “... 37 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди. 174 нафарининг уй-жойи таъмирлаб берилди” каби маълумотлар аниқ рақамларга таянади. “Оқила аёллар” ҳаракати айни вақтида ташкил қилинди. Ўтган йилларда Сирдарё вилоятидаги оилавий ажралишлар кишини ташвишга соладиган бир ҳолга келиб қолган эди. Ҳаракат аъзолари турмушига дарз кетаётган ҳар бир хонадонга кириб боришгани натижасида ажрим учун ариза бераётганлар сони кескин камаймоқда...
    Бизларни очиқ чеҳра билан кутиб олган вилоят аёллари етакчиси билан маҳалла аҳлининг жуда қадрдонлиги сезилиб туради. Демак, Наргиза Келдибековна, раҳбарлардан бугунги давримиз талаб қилганидек, доим эл ичида, одамлар орасида.
– Икки йил аввал “Сардоба”да юз берган табиий офат аҳолимиз учун қаттиқ синов бўлди. Тақдирга ёзилган ҳар бир ишда ҳикмат бор, деганлари рост экан. Уйларимиз янгиланди, сув, газга ёлчидик. Қўлида ҳунари бўлган элнинг уйида муаммоси ҳам бўлмайди. “Ровот” аҳли азал-азалдан чиройли, пишиқ супургилари билан танилган. Эр кишиларидан тортиб, аёллари ҳам бу ҳунарнинг ҳадисини олган. Шу ҳунар орқасидан ҳамиша дастурхонида нон-тузи, қозонида оши бор. “Обод маҳалла” дастурига тушгани маҳалла учун тўкис ҳаёт оламига очилган яна бир эшик бўлди. Маҳаллада “Аёллар ҳовлининг ичкарисини, эркаклар ташқарисини тартибга келтирамиз”, деган шиор остида иш кетяпти. Тахмондаги кўрпачалар тахидан тортиб ўчоқбошидаги идишлар саранжомлигигача уй бекалари назоратида, – дея йиғилганлар билан суҳбатимизни бошлаб беради Сардоба тумани ҳокими ўринбосари, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Меҳринисо Эшонхонова.
– Сизларга атаган сўзларимизни “Саодат”дан топасиз. Бугун эса сизларни эшитгани келдик, – деганимиздан сўнг аёллар навбати билан суҳбатга қўшилади.
     ДИЛОРОМ САТТОРОВА: – Қирқ йил бошланғич синфларга дарс бериб, нафақага чиқдим. Ўттиз ёшимда бош эгамдан жудо бўлганман. Уч нафар фарзандимни бир кўзда катта қилдим. Ёлғизликдан қийналган пайтларимда синфимдаги қоракўзларимнинг чиройли ёзувларини кўриб, бийрон тилда ўқиган шеърларини эшитиб овундим. Кексалик эшик қоққанда эса: “Бўлди, сен “Алифбо” ўргатган болаларинг бир рўзғорга бош бўлишди. Энди дам ол, Дилором”, дедим ўзимга-ўзим. Аммо бир ҳафтадаёқ уйга сиғмай қолдим. Яхшиям, “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил этилди. Ҳамсоялар билан кунда кўчани бир айланамиз. Қайси уйга кирсак, гапимизни маъқул қилиб юрибмиз. “Топганингни меҳмонхонангнинг ҳашамига харжлайверма. Ўқувчи фарзандларингга дарсхона қилиб бер”, дедик. Дарсхона бино бўлди. Қизи расида бўлганларга “Совчи аввал ўчоқбошингга қарайди”, дедик. Қумғондан тортиб қозоннинг қопқоғигача ярқираб қолди. Бир сўз билан айтсам, бу тупроқнинг одамлариниям, ўзиниям тиллоларга алишмайман. Чўлим кўзимга чўғдай кўринади.
     БУВИНИСО АБДУВАЛИЕВА: – Уй уй бўлибдики, кулгисиям, йиғисиям бўлади. Баъзи эр-хотинлар турмушнинг муштига чидай олмай , “ажраламиз”га тушиб қолган. Тўрт нафар фарзанди бор бир эркак жаҳл устида болаларининг онасига айтмас сўзни айтиб юборибди. “Шариатда энди бир оила бўлишимизга йўл йўқ экан”, деб аёл додлайди. “Ўлимдан бошқасининг чораси бор”, дедим. Диний уламоларга учрадим. Йўли бор экан. Мана, бинойидай яшашяпти. Лекин бир кўзим шу хонадонда. Эр – хотиннинг паноҳи, аёл эса хонадон файзи. Бахт, хотиржамлик шу бирликда, бутунликда.
     НОДИРА БОБОҚУЛОВА – Халқ депутатлари Сардоба тумани кенгаши депутати: – Сардобаликлар “Оталар мактаби” ташкил этиш ташаббуси билан чиқишди. Ҳозир лойиҳа устида ишланяпти. Қайси оилада отанинг сўзи сўз бўлса, моддий таъминоти, шахсий ибрати билан ҳурмат қозонган бўлса, ўша жойда муаммо, деярли, бўлмайди. Мактабга психологлар, шифокорлар, узоқ йиллик ҳаётий тажрибаларга эга оила бошлиқларини таклиф қилишни режалаштиряпмиз. Ўйлаймизки, бу ташаббус яхши самара беради.
     ФАРОҒАТ ШУКУРОВА: – Кўчабошиман. Маҳалла фаоллари ажрим масаласига жуда қаттиқ туришяпти. Мана, сафдошимиз Розия Саломова ота уйига аразлаб кетиб қолган келинчакни неча сой, анҳорлар ошиб Ургутдан олиб келди. Дардимиз фақат эр-хотиннинг можаросини бартараф қилиш эмас. Ўсиб келаётган ўғил-қизларимизнинг саломатлигини ҳам ўйлаймиз. Йиғиб-терганимизни тўй-маъракага харжлайвермай, болаларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун имкон яратайлик, кўпроқ миясига қувват берадиган, суягини мустаҳкамлайдиган кальций моддасига бой озуқалар берайлик, тарзидаги гапларни такрорлашдан эринмаймиз.
     “Ровот” аҳли йиғилган 4-умумтаълим мактаби ўқувчилари ўқиган шеърлар, ижро этган куй, қўшиқ, рақслар суҳбатимизга завқу сурур қўшиб турди.

     ҲАР ҚАЛБДА МАЪРИФАТГА МУҲАББАТ БОР


     Навбатдаги манзилимиз – “Оқ олтин” туманидаги “Мустақиллик” маҳалласи ҳам “Обод маҳалла” дастури асосида қизғин ўзгаришлар палласида экан.
– Биз “Маҳаллабай”, “Кўчабай” усулида ишлаб билдикки, ҳар бир аёл қалбида бировга қарам бўлмаслик, ўз нонини ўзи ҳалол топиб ейиш истаги бўлар экан. Мана, Умида Оқилхўжаевага кредит олишда кўмаклашдик. Ҳозир беш нафар шогирди билан тикув цехини юритяпти. Фарида Камоловага субсидия асосида тикув машинаси бердик, “Аёллар дафтари”дан чиқаман”, деб ҳаракат қилиб юрибди...
    Туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нодира Бийматованинг шу ва шу каби маълумотларидан билдикки, бу ҳудудда ҳам инсон омилини кучайтиришга катта аҳамият берилмоқда.
Йиғилганлар билан “Саодат” журналининг янги йилдаги режалари ҳақида фикрлашдик. Кўпроқ уларни тинглагимиз келди.
   ҲАНИФА КЕНЖАЕВА: – Вақтида шароитимиз йўқлиги боис ўқий олмаганман. Лекин китоб, газета-журналлар ўқиб хуморимни босиб тураман. Ҳозир муаммоси бор хонадонларга кириб, қуруқ насиҳат қилаверсанг ҳам ёқмайсан. Журналларингиздаги ибратли воқеаларни гапириб берамиз. Ёшлар бесабр, деймизу баъзан катталар ҳам ўтказиб юборишади. Яқинда ажралишга келиб қолган бир оиланинг можаросига аралашдим. Келин ялиняпти, узр сўраяпти. “Менинг уруғимда эрдан чиққан қиз йўқ, мендан ўтган бўлса, кечиринглар”, деяпти. Эр онасига қарайди. Она юмшамайди. Яхши гапириб кўрдим, келинга қўшилиб, “Шу ёмонингизнинг мен учун бир қошиқ қонидан кечинг”, дедим. Йўқ, бўлмади. Жаҳлим чиқди.
– Совчиликка ўзингиз борганмисиз? Ўзингиз тўй қилиб олдингизми? Ё мен мажбурлаб олиб бердимми? Мана бу қоракўзлар дунёга келганда бешик олган сизмидингиз? Қайнона бўлиб сарполар кийган сизмидингиз? Энди “пуф сассиқ”қа чиқдими келин? Оғзимга келганини бўғзимдан қайтармадим. Қайнонажон аста-секин пасайди...
Раъно Тожибоева, Хайрихон Шарафиддинова каби маҳалла фаолларини тинглагач, тадбиркор Ҳимоят Эралиеванинг янги иш бошлаётган ўқув марказига бордик. Марказда ўн саккизта йўналиш бўйича ёшларга касб-ҳунар ўргатилади: пазандалик, чеварлик, уй ҳамшираси, компьютер саводхонлиги...
    Тадбиркорнинг айтишича, ўқув маркази чеварлари ўзларига берилган буюртмалардан уй бекаларига тарқатиб берар экан.
– Касаначилик асосида ишлаётган бекалар бола парвариши, рўзғор юмушларидан ортиб оиласи учун даромад топаётганидан хурсанд, биз эса буюртмачилар олдида юзимиз ёруғ бўлаётганимиздан мамнунмиз, – дея фаолиятини кенгроқ таърифлайди Ҳимоят опа.
     Биз сирдарёлик опа-сингилларимиз билан бўлган суҳбатларда тинч замоннинг шукронасини ҳис этдик. Ҳар бир қалбда маърифатга муҳаббат борлигидан суюндик. Маҳалла фаолларининг:
– Янги йилда “Саодат” ҳар бир хонадонга кириб боради, – тарзидаги ниятларидан кўнглимизда яна ҳам иштиёқ билан ишлаш орзуси кучайди. Шундай бўлсин, толе бизни эмин-эркин, тинч-тотув кунлар билан сийлаб турган экан, ҳар лаҳзанинг қадрига етайлик! Ҳар лаҳзани ўқиш, ўрганиш, ўрганганларимизни Ватанимиз юксалиши, қадримиз юксалиши йўлида сарфлайлик.

Мунаввара УСМОНОВА,
Қутлибека РАҲИМБОЕВА

 

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар