“САОДАТ”НИНГ САДОҚАТЛИ МУХЛИСИ

 ҚУТЛОВ


“САОДАТ”НИНГ САДОҚАТЛИ МУХЛИСИ


    Бувиражаб опа (ўша пайтлари у ҳали “опа”лик мақомига ҳам етмаган, институтни эндигина битириб келган ёш қиз эди) мактаб кутубхонасига кириб, “Саодат” журналини варақлаб қолди. Ўзи севган адибларининг янги ҳикоялари, дилга яқин шеърлар, аёл қалби кечинмаларидан ҳикоя қилувчи ҳаётий воқеалар муаллимани ўзига оҳанрабодек тортди. Шу-шу у журналнинг ашаддий мухлислари қаторига қўшилди. Аслида ҳеч ким, ҳатто, ўқитувчи ҳам ўз-ўзидан ўқишга ҳавасманд бўлиб қолмайди. Қизиқиши йиллар давомида шаклланади.
      Бувиражаб Умурзоқова 1948 йилда Тошкент вилояти Бекобод туманига қарашли Қуштамғали қишлоғида дунёга келади.
     Отаси Умурзоқ ота машҳур чавандоз бўлиб, узоқ-яқинларда мардлиги, ҳалоллиги билан танилган. Онаси Қўйсиной ая қўлигул чевар эди. Унинг тиккан либосларига аёллар орасида ҳавасмандлар кўплигидан қўли-қўлига тегмай меҳнат қиларди. Момо лапарлар, мақоллар, термалар айтишга ҳам чечан бўлиб, қўни-қўшнилар унинг суҳбатига ҳамиша орзуманд бўлишган.
     Бувиражаб ана шу муҳитда ўсиб, улғайди. Унинг тоғаси Худойберди Дониёров Сирдарё педагогика институтида ишлар, отаси кунларнинг бирида муаллимлари ҳамиша мақтайдиган қизини ўсмир ёшида тоғаси олдига маслаҳатга олиб боради. Тоға “Ўқийман”, дея олийгоҳларга талпиниб турган жияни билан суҳбатлашиб кўргач, унга Самарқанд давлат университетида ўқишни тавсия қилади.
     Бувиражаб астойдил тайёрланиб, университетга ўқишга бир уринишда кириб кетади. Талабаликнинг олтин даврларини чинакам илм олишга сарфлади. Сирдарё, Гулистон шаҳарларидаги 6, 11-мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берар экан, кўплаб ёшлар қалбида адабиётга муҳаббат уйғотди. Муаллимадан бошланган китобхонлик барча синфларда оммалашди.
     Бувиражаб Умурзоқова илм ўрганиш қоидаларига нечоғлик амал қилса, ҳаёт қонунларини ҳам чеклаб ўтмади. 1966 йилда математик олим Тожиқул ака билан умр ришталарини боғлади. Тақдир бу бир-бирига елкадош бўлиб яшаб келаётган оилани беш нафар ўғил-қиз билан сийлади. Бугун пиру бадавлат хонадоннинг ўндан ортиқ невараю чеваралари бор.
     Табаррук ёшдаги онахон ўз ота-онасидан энг яхши фазилатларни мерос қилиб олганидай, авлоди ва шогирдларига кўпроқ маънавий бойликлар қолдиришни ният қилган.
     Қаҳрамонимиз бўш вақт топдим, деганда қўлига китоб олади. Набиралари билан бирга дарс жараёнлари ҳақида суҳбат қуради. Уларга кўмаклашади.
– “Саодат” ҳали ҳам нашр қилиняптими? – дея баъзи сўровчиларга журналимизнинг бугунги тахламларини кўз-кўзлаб, завқланади.
     ТАҲРИРИЯТДАН: Қадрли Бувиражаб ая! Ўқиб, ўқитиб кам бўлмадингиз. Шогирдлар олдида “Устоз” деган юксак мақомга эришдингиз. Маҳалла-кўйда сизни “Китобхон, журналхон буви” дея эъзозлашади. Яна кўп йиллар эъзозу қадр кўринг. Тафаккурингиздан улашган ақлу илмингиз, юрагингиздан сарфлаган меҳру муҳаббатингиз ўзингизга саломатлик, хотиржамлик билан қайтаверсин. Сиз севган “Саодат” журнали жамоаси сизга ва оилангизга икки дунё саодатини тилайди.

Ўз мухбиримиз

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар