СЎЗЛАРИ ЖАРАНГЛАР ХОТИРАМИЗДА

ЁДНОМА
СЎЗЛАРИ ЖАРАНГЛАР ХОТИРАМИЗДА

     Озар халқининг шоир қизи, Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати Ганира Пашаева кўп йиллик қадрдонимиз эди. Илдизимиз бирлиги, бир дарахтнинг япроқлари эканлигимиз – бу яқинликнинг бир сабаби бўлса, яна бир сабаби шоиранинг ўта самимийлиги, очиқ чеҳрали, дилбар суҳбатдошлигидан бўлса керак, албатта.
     Ганирахоним катта миқёсларда фикрлар, давраларда:
– Биз Навоийнинг авлодимиз, Низомийнинг авлодимиз, – дея бир бутунлигимизни иккига бўлмасдан, шарқ мутафаккирларининг, шарқ донишмандларининг авлодимиз, десак, кучимизга куч қўшилади, – тарзидаги гапларни айтганида, уни ўзимизнинг Тўмарис, Қурбонжон додхоҳ момоларимизга ўхшатиб юборардик.
Юз ёшни қоралаётган “Саодат” ҳақидаги ёқимли фикрларини ҳозир эслар эканмиз, “Наҳот, шундай зиёли аёлга шунча қисқа умр ёзилган бўлса...” деган армонларда ўртанамиз.
– Булутлар ёмғир бўлиб ёққан пайт гулу гиёҳлар япроғидаги ғуборни ювиб, ҳаёт бахш этгани каби “Саодат” журнали ҳам ҳаммага баравар яшашга, меҳнат қилишга, севишга иштиёқ бахш этади. Бу нашр оналаримизнинг кўнгил дафтари...
     Бундай эътирофни унутиб бўлармиди?
     “Мен иш кўплигидан эмас, иш камайиб қолса, ташвишга тушаман”, “Ватан ва халқ хатардан холи бўлса бас, бошқа ташвишлар ғам чекишга арзимайди”. Эл орасида ҳикматга айланган бундай гапларини эслаб-эслаб Ганирахонимнинг порлоқ сиймосига яна ҳам яқинроқ боряпмиз.
     Ундан бетакрор асарлар мерос бўлиб қолди. Яхшилик, эзгулик, элпарварлик аталмиш қадриятларимиз қаддини расо этгувчи юксак ибрату сабоғи мерос бўлиб қолди. Қонунлар устуворлиги йўлида амалга оширган фаолияти эса қадрдонимизнинг таржимаи ҳолидаги яна бир сермазмун саҳифадир.
     Нима ҳам деймиз? Қандай тасалли сўзларни айтиб, ёзмайлик бир миллатпарвар шоир, бир адолатли, ҳақпарвар сиёсатчининг ўрнини босармиди? Фақат бир таскин бор: Ганира Пашаева бор умрини заррама-заррасигача эзгулик йўлида сарфлади, ўзи, ўзлигидан нари кетмади. Эътиқодига садоқатли, нуқтаи назарларида собит бўлди.
     Илоҳо, охиратлари обод бўлсин! Туркий эл, туркий тил ҳасрати, шодлигига туташ умрининг ҳар кунидан биз, айниқса, ёшларимиз чиройли сабоқлар олайлик!

"Саодат" журнали жамоаси

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар